Ҳиндистонда радикаллар бобурий ҳукмдор мақбарасини бузишни талаб қилмоқда

Ҳиндистоннинг Маҳараштра штати Нагпур шаҳрида комендантлик соати жорий этилди. AP ахборот агентлиги хабар беришича, фавқулодда ҳолат эълон қилинишига ҳинду миллатчиларининг бобурий ҳукмдор Аврангзебнинг мақбарасини бузиб ташлаш талабини қўйгани ва бунинг ортидан тўқнашувлар келиб чиққани сабаб бўлган.
Маҳараштра штати раҳбари Девендра Фаднависга кўра, исломий ашёлар ёқиб юборилгани ҳақида овоза тарқалгач, ўзаро тўқнашувлар рўй берган. Ҳинду радикаллари Қуръони каримни ёқиб юборгани айтилмоқда.
Ҳиндулар ва мусулмонлар ўртасида тўқнашувларда 30 дан зиёд полициячи ва беш фуқаро жабрланган, бир неча автомобиль ва уйлар шикастланган. Камида 50 киши ҳибсга олинган.
Подшоҳ Аврангзебнинг мақбараси Нагпур шаҳридан 500 км масофадаги Чатрапати Самбхаджи Нагар шаҳрида жойлашган. Илгари ушбу шаҳар бобурий ҳукмдор шарафига Аврангобод деб аталган.

Аврангзеб бобурийлар давлатини салкам эллик йил бошқарган.
Ҳинду миллатчи гуруҳлари подшоҳ Аврангзебни XVII асрда ҳиндуларни таъқиб қилишда айблаб келади. Айни чоқда, айрим тарихчилар бу айбловни муболаға деб ҳисоблайдилар.
Сўнгги йилларда Ҳиндистонда Аврангзебга нисбатан салбий муносабат янада кучайган. Мамлакат бош вазири Нарендра Моди ҳам аввалроқ Аврангзебни ҳиндуларни таъқиб қилишда айблаган.
Айниқса, ҳинду жангчисининг Аврангзебга қарши кураши ҳикоя қилинган “Chhaava” фильми чиққанидан кейин таранглик янад ортган. Танқидчиларга кўра, фильм муаллифлари диний низо қўзғалишига сабаб бўлмоқда.
Аврангзеб (тўлиқ исми – Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб Оламгир) машҳур бобурий подшоҳ Шоҳжаҳоннинг ўғли бўлиб, 1658-1707 йилларда ҳукмронлик қилган. Унинг салкам эллик йиллик бошқаруви даврида бобурийлар давлати қудрат чўққисига чиққани айтилади.
Аврангзеб 1707 йилда 89 ёшида Аҳмадобод шаҳрида вафот этади. Манбаларга кўра, у ҳаёти давомида жуда тақволи бўлганидан ўлими арафасида яқинларига ўзини мусулмонларнинг энг яқин қабристонига олиб бориб кўмишлари, бу борада ҳаддан ошмай, кафанига кетадиган сарф-харажатларни беш рупиядан зиёда қилмасликни васият қилади.
“Иқтидорли саркарда, тадбирли раҳбар, бошқарувнинг миридан-сиригача яхши билувчи бу ҳукмдор айни пайтда қаттиққўл ҳам эди. У айниқса шариат талабларига қатъий риоя этилишини талаб қилар, бу борада муросага боришни асло истамас эди. Ёшлигидан камтар, ҳашамлардан узоқда яшашга ўрганган Аврангзеб тахтга ўтирганидан бошлаб то умрининг охиригача бу одатини тарк этмади. У шароб ичмас, мол гўшти емас, фақат сув ва камбағал кишилар ейдиган арпа нони билан кифояланарди. У қуруқ ерда ухлар, оддий кийинар, кўпинча рўза тутиб юрар эди. Тарихчилар унинг саройида қимматбаҳо олтин ва кумуш идишлар мутлақо бўлмаганини ёзишади. Ҳукмдор ахлоқ масаласида ўта муросасиз бўлиб, иродаси кучли бўлгани учун ҳеч қачон ўз аъёнлари ва маликаларнинг таъсирига берилмасди. Харажат қилишда ўта тежамкор, ҳатто хасис бўлган Аврангзеб сахийларча садақа-эҳсон улашар, ўз жангларини эътиқод учун урушга айлантирган эди”, – дея ҳикоя қилади ушбу тождор ҳақида китоб ёзган адиб Аҳмад Муҳаммад.
Ҳиндистон матбуотида Аврангзеб ҳақида чоп этилган танқидий руҳдаги мақолаларда ҳам у ҳашаматдан холи, зоҳидона ҳаёт кечиргани, кундалик эҳтиёжлари учун керак бўлган маблағни қўл меҳнати билан топгани эътироф этилган.
Ҳиндистонда ҳинду ва мусулмон диний жамоалари ўртасида зиддият анча йиллардан бери мавжуд. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари таъкидича, бу зиддият бош вазир Нарендра Модининг кескин сиёсати даврида янада кучайган.
Жумладан, Amnesty International халқаро ташкилоти ҳам Ҳиндистонда аксилмусулмон кайфият кучаяётгани ҳақида бонг урганди.
Бир неча йил аввал Н.Модининг Айодҳия шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлиқ кўҳна масжид ўрнида ҳинду ибодатхонаси қуриш қарори ҳам баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter