Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Заҳириддин Бобур ва Абулғози Баҳодирхон: ғаройиб ўхшашликлар

Заҳириддин Бобур ва Абулғози Баҳодирхон: ғаройиб ўхшашликлар

Юз тузилиши эмас, балки яшаб ўтган давридаги зиддиятлару бутун бир ҳаёти бир-бирига ўхшаш инсонлар тарихда кўп бўлган. Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483–1530) ва Абулғози Баҳодирхон (1603–1664) ҳаётлари ҳақида худди шундай дейиш мумкин...

Бир-биридан 120–134 йил тафовут билан яшаб ўтган ҳар иккала ҳукмдорнинг нафақат тожу тахт, мамлакат ободончилиги учун олиб борган саъй-ҳаракатлари, балки ёзиб қолдирган асарлари ҳам бир-бирига ўхшашлиги ҳайратланарли.

Шу боис венгер олими Ҳерман Вамбери, «Абулғози Баҳодирхоннинг кўпгина ишлари Бобурни хотирга туширади» деб ёзган эди.

Маълумки, Заҳириддин отаси Умаршайхнинг 1494 йилдаги вафотидан сўнг 11 ёшида подшоҳ қилиб тахтга ўтқазилган. У ғоят зиддиятли бир даврда яшаб, Мовароуннаҳр ва Хуросондаги парокандалик муҳитида, гоҳ Самарқандда, гоҳида Афғонистоу Ҳиндистонда умргузаронлик қилди. Бу пайтда Темурийларнинг марказлашган давлати инқирозга юз тутиб, тожу тахт учун курашлар, ўзаро низолар гирдобига ғарқ бўлган эди.

Шундай таҳликали, гоҳо хурсандчилик, гоҳида чексиз ғам-ғуссалар исканжасида ҳаёт кечирса-да, Бобур ҳазратлари Андижон, Ўш, Ҳироту Деҳли ва Аграда кўплаб иншоотлар барпо эттирди. Умри жангу жадаллар ичида ўтган шоҳнинг ободончилик учун катта хизматлар қилгани унинг табиатан бунёдкор инсон бўлганини кўрсатади.

Абулғози эса отаси Араб Муҳаммадхон ҳали тириклигидаёқ, 13 ёшидан оға-инилари ўртасидаги тожу тахт учун курашлар гирдобида ҳаёт кечиради. Отасининг кўзига мил тортиб, қатл эттирган оғалари, ҳатто Абулғозини 1630–1639 йилларда Эронда ҳибсда тутиб ҳам туришади. Бироқ у ҳам Бобурдек моҳир саркарда бўлгани боис, 1644 йилда Хива хонлиги тахтига чиқади ва 1664 йилгача ободончилигу тараққиёт сари одим ташлайди. Янги Урганч ва Вазир шаҳарларига асос солади. Ғозовот, Шоҳобод, Ёрмиш каналларининг қазилишига сабабчи бўлади.

Абулғози худди Бобур каби давлат сиёсати билан шуғулланиб қолмай, ёзилиш услуби, мавзу доирасининг кенглиги, хотира тарзида битилганлиги билан машҳур «Шажараи турк» китобини авлодларга мерос қолдирди.

Ушбу иккала мемуарнинг майдонга келиши туркий ўзбек бадиий насрини янги босқичга кўтариб, ўзбек адабий тилини халққа яқинлаштиришга хизмат қилди. Абулғози Бобурнинг мемуар ёднома жанридаги анъаналарини давом эттириб, ўз бошидан ўтган воқеаларни худди Бобур каби юксак маҳорат билан қоғозга туширган.

«Шажараи турк» ва «Бобурнома»ни ўқиган китобхон англайдики, ҳар иккала асардаги жангу жадаллар, рўй берган воқеа-ҳодисалар, асар муаллифлари, яъни қаҳрамонлар билан боғлиқ тафсилотлар тасвири уйғундек. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам саркарда, тож-тахт учун курашлар гирдобидаги шахслар бўлган. Бундай машаққатли йўлдаги сарой ўйинлари, яқинларининг хиёнати-ю аксарият навкар ва амалдорларнинг садоқати, ўзлари борган жойлар тасвири ва, ҳатто қаҳрамонлар, яъни Бобур ва Абулғозининг йўл қўйган арбоб ҳамда инсон сифатидаги хатолари, ожизликлари ҳам ҳаққоний тасвирланади.

Ҳар иккала ҳукмдор ҳам мумтоз бадиий наср тараққиётининг вориси ва илғор анъаналарни ривожлантирувчи сифатида асарларини ёритган эди. Агар Бобур ўз асарларини Андижон шевасида ёзган бўлса, Абулғози Хоразм шевасида битган. Абулғози бу билан ўз она тилига зўр ҳурмат билан қараганини ифодалаб, иккинчи томондан Бобурга ижодий ёндашган. Ҳар ҳолда Бобур ва Абулғозининг «Бобурнома» ва «Шажараи турк» асарларини ўқиб, улар автобиографик тавсифдаги тарихий мемуарлари билан бадиий наср тилини халқнинг жонли сўзлашув тилига ниҳоятда яқинлаштирганини сезиш мумкин. Қолаверса, мазкур асарларни ўз даврининг автобиографик роман-эссеси ҳам деб бемалол айтса бўлади.

Шуни таъкидлаш жоизки, Бобур Андижонда туғилган, Самарқандда тахтда ўтирган бўлса-да, Хоразмга келмаган. «Бобурнома»да Хоразм сўзи Самарқанд ҳудудини чегаралашда, Шайбонийхон Чин Сўфини мағлубиятга учратгани ҳақидаги воқеани ёзиб, «Хоразм йигитлари бисёр мардоналиклар қилдилар, ҳеч таъсир қилмадилар», дея воҳалик ватанпарварлар матонатини мадҳ этган. Шунингдек, Шайбонийхон Хоразмни забт этиб, ўлкани Кўпакбийга бериб, ўзи Самарқандга келди деб, шунингдек, Хуросон вилояти ҳудудини белгилашда айтиб ўтган. Султон Ҳусайн Бойқаронинг оилавий аҳволини қоғозга туширганда, Султон Маҳмуд Ғози (Ғазнавий) ҳаётини эсга олганда ҳам, яъни воқеалар, вилоятлар Хоразмга туташган ҳолатда воҳа номини тилга олади.

Абулғози Бобурдан 120–134 йил кейин яшагани, тарихчи, давлат арбоби бўлгани учун Заҳириддин Муҳаммад ҳаётини, уруш услуби, саркардалик қобилиятини ўрганган бўлиши мумкин. Бироқ «Шажараи турк»да кўплаб афсоналар ҳамда ривоятларни турклар ва мўғулларнинг келиб чиқиши билан боғлаган ҳолда, шунингдек, воқеаларнинг фақат ўзи билан содир бўлганларини киритган. Шу туфайли ҳам унда Бобур номи эслаб ўтилмайди.

Бироқ Абулғози ўзи билибми-билмайми, тақдири уйғунлигиданми, айнан «Бобурнома»га ўхшаш ёднома қолдирди. Шу боис ҳам Абулғозининг асари кўпчиликда қизиқиш уйғотган эди. Ҳатто машҳур рус адиби Г.Короленко тавсияси билан Максим Горький «Шажараи турк» билан танишиб чиққани ҳақида маълумотлар бор. У 1895 йилнинг 7 августида Короленкога ёзган хатида «Абулғозининг китобидан бошқа Шарқ тарихига оид яна бирор манбани менга тавсия қилсангиз-чи, жуда қизиқ экан бу асар», деган. Короленко Горькийга «Бобурнома»ни тавсия қилган экан.

Бобур ўз ёдномасидан ташқари шеърий девон, ҳарб иши, мусиқа илмига оид ва «Хатти Бобурий», «Муффассал», «Мубаййин» каби асарлар ёзиб қолдирган бўлса, Абулғози ҳам мемуаридан бошқа яна «Шажари тарокима», «Манофеъ ул-инсон» сингари асарлар битди.

Умуман, Бобур ва Абулғози зиддиятли даврда яшаб, умлари кўпроқ жангу жадалларда ўтса-да, ҳукмронлик пайтида мамлакатлари ободончилиги учун бунёд қилган иншоотлари ва ёзиб қолдирган асарлари билан тарихдан муносиб жой олган улуғ аждодларимиздир.

Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг