Қор тагида қолган хазина
Машъум воқеа кутилмаганда юз берди. Подшоҳ баланд жарлик ёқасидаги каптархонада кабутар боқар, аммо шу пайтгача бирор нохуш ҳодиса рўй бермаганди. Хуллас, тақдири азал сабаб, Фарғона ҳукмдори Умар Шайх Мирзо 1494 йилнинг 9 июнида навбатдаги каптар учириш пайтида каптархона билан бирга жарга қулаб, вафот этди. Эртасига ҳукмдорнинг эндигина 12 ёшга тўлган ўғли Заҳириддин Муҳаммад тахтга чиқди...
Умар Шайх Мирзо темурийлар наслига мансуб Султон Абусаид Мирзонинг тўртинчи фарзанди бўлиб, 1456 йилда Самарқандда таваллуд топганди. Отаси Абусаид (1429 – 1469) Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳукмдори сифатида довруқ таратганди. У Умар Шайхга Кобул ҳокимлигини топширганди. Ўша пайтларда Умар Шайх ёш бўлгани туфайли унинг номидан Бобойи Кобулий вилоятни бошқарган. Аммо кўп ўтмай, Умар Шайх Самарқандга чақириб олинади. Кейин эса отаси уни Андижон вилоятига ҳоким қилиб жўнатади.
Шу тахлит Умар Шайх андижонлик бўлиб қолди ва унинг саккиз хотинидан уч нафар ўғли ҳамда беш қизи ҳам шу ерда туғилди. Бобурнинг ёзишига кўра, у «паст буйлуқ, тегирма соқоллик, кўба юзлук, танбал киши эди. Тўнни бисёр тор кияр эди, андоғким, боғ боғлатурда қорнини ичига тортиб боғлатур эди, боғ боғлағондин сўнг ўзини қўя берса, бисёр бўлур эдиким, боғлари узулур эди. Ул замонда дасторлар тамом чорпеч эди, бечин чирмаб, алоқа қўяр эдилар. Ёзлари ғайри девонда аксар мўғулий бўрк кияр эди».
Шунингдек, у барча темурийзодалар сингари илму маърифатли бўлиб, маснавий китобларни кўп ўқир, тарихга ҳам қизиқарди. Энг кўп ўқийдиган китоби «Шоҳнома» эди. Айни пайтда барча моваруннаҳрликлар каби ҳанафий мазҳабидаги муслим, беш вақт намозни канда қилмайдиган тақводор, эътиқодли банда ҳам бўлган. Умар Шайх бобоси соҳибқирон Амир Темурдек адолатли бўлиб, ҳар бир воқеа-ҳодисани атрофлича таҳлил этар ва шундан кейингина хулоса чиқарарди.
«Бобурнома»да ибратли бир воқеа қайд этилиб ўтадики, бу Умар Шайх Мирзонинг адолатпарварлигидан дарак беради.
Кунларнинг бирида, Хитойдан Андижонга келаётган минг кишилик савдо карвони Андижоннинг шарқий тарафидаги тоққа етганда қор кўчиб, жамики савдогарлардан фақат икки киши омон қолибди. Қолган бандалар эса вафот этганди. Умар Шайх Мирзо мудҳиш воқеани эшитиб, у ерга одамларини юборди ва қор остида қолган мол-мулкларини ҳисоблатиб, хазинага қўйдирди. Шу тахлит гарчи молларнинг эгаси топилмаса-да, уни икки йилгача омонат сақлайди. Ниҳоят савдогарларнинг Самарқанд ҳамда Хуросонда яқинлари топилгач, уларга омонатини топширтиради.
Ўша даврлар ғоят зиддиятли бўлиб, уруш ва босқинчилик қилиш одатий ҳолга айланган. XV асрдаги вазият бўйича Умар Шайх Мирзо ҳам урушлар ўтказиб турган. Буни ўғли Бобур шундай изоҳлайди: «Мулкгирлик (босқинчилик) дағдағаси жиҳатидан кўпгина (хейли) ярашлар урушқа ва дўстлуқлар душманлиққа мубаддал (айланиб) кетар эди».
Ана шу урушлар сабаб, гоҳ у, гоҳ бу шаҳарлар қўлдан-қўлга ўтиб турарди. Дастлаб отаси фақат водийни инъом этган бўлса, кейинчалик акаси Султон Аҳмад Мирзо Тошкент ва Сайрамни ҳам унга берган. Шоҳруҳияни эса ҳийла ва урушлар билан итоатига киритганди. Аммо сўнгги йиллардаги урушларда Тошкент ва Шоҳруҳия қўлдан кетиб, умар Шайх тасарруфида фақат Фарғона водийси, Хўжанд ҳамда Ўратепа қолган эди.
Ана шу ҳудудларда ҳукмдорлик қилган Умар Шайх Мирзо камондан отиш, кураш ва каптарбозликка қизиқар, ўйин-кулгини яхши кўрувчи, нард, баъзида қимор ҳам ўйнайдиган киши эди. Унинг Қутлуғ Нигор хоним, Фотима Султон оғо, Умид оғоча, Оғо Султон, Махдум Султонбегим, Улус Оғо, Қарокўзбегим, Тун Султон исмли саккиз нафар хотинидан уч ўғил ва беш нафар қизи бўлган.
Умар Шайх Мирзонинг авлодлари тарихда боқий из қолдиришди. Отасининг ишларини давом эттириш ўғли Бобур Мирзога насиб этди. У падарининг ўрнига Андижонда тахтга ўтирган бўлса, кейин давр довуллари боис гоҳ Самарқандга, гоҳ Ҳиротга борди. Рақиблари Бобурни ота юрти меҳрига зор қилганига қарамай, у Ҳиндистондек мўъжизакор давлатда ҳукмдорлик қилди, улкан ва қудратли салтанат ҳамда сулолага асос солди.
Умид Бекимметов,
тадқиқотчи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter