1800 км.лик велопойгада спортчиларни ортда қолдирган «Пўлат чол»
1951 йилда Швецияда ўта қийин йўналишда, жуда узоқ масофани босиб ўтиш кўзда тутилган велопойгага старт берилади. Спортчилар мамлакатнинг энг шимолий Хапаранде шаҳридан энг жанубий Истаде шаҳрига қадар бўлган 1800 км масофани босиб ўтишлари керак эди. Мингдан ортиқ велоспортчилар қаторига 66 ёшли фермер Густав Хаканссон ҳам қўшилиб олганида ҳамма унинг устидан кулади.
Велопойганинг талаблари жуда қатъий бўлиб, мингдан ортиқ талабгор ичидан фақат 50 нафар спортчигина мусобақа рўйхатига киритилади. 40 ёшдан ошганлар дарҳол қайтарилади. Хаканссоннинг иштирокини эса ҳеч ким жиддий қабул қилмайди.
50 иштирокчи старт нуқтасига етиб бориш учун поездда жўнашади. Густав чол эса пули йўқлиги, мусобақаларга қўйилмагани учун 1500 км масофага ўз велосипедида йўлга чиқади ва пойгалар бошланишидан олдин манзилга етиб боради. Яна унинг устидан кулишади ва ҳатто пойга учун рақам беришмайди. У ўзига-ўзи рақам ёзиб олади ва сўнгги пойгачи йўлга чиқиб кетиши билан шалоғи чиққан велосипедида ҳаракатланишни бошлайди.
Густав чол пойгада расман қатнашмаётгани учун қоидалардан ҳам бехабар эди ва ўз ҳолича кетаверади. Ҳамма пойгачилар сутканинг маълум қисмида ухлаш ва овқатланиш учун тўхтаганларида чол йўл-йўлакай овқатланади. Ухлаш учун эса у фақат учинчи куни тўхтайди ва уч соатгина дам олиш билан чекланади.
Тез орада Густав Хаканссон етакчилар сафига қўшилиб олади ва журналистлар унга эътибор қила бошлайди. Газеталар кўксига «0» рақамини ёзиб олган қувноқ чол суратини чоп этишади ва у ҳамманинг диққат марказига тушади. Бир неча кундан кейин унинг йўлига минглаб одамлар гуллар кўтариб чиқишади ва сафга тизилиб, велосипед миниб катта йўлда ёлғиз ўзи кетаётган Густавни олқишлашади.
Пойга ҳали давом этаркан, ҳақиқий спортчилар қолиб, ҳамма Густав Хаканссонни томоша қила бошлайди ва уни «Stålfarfar» ёки «Пўлат бобо» дея алқашади. Пойганинг тўртинчи кунида у ўз кундалигига шундай сўзларни ёзади: «Мен ҳаётимда ҳеч қачон ўзимни ҳозиргидек яхши ҳис қилмаганман. Мамлакатимиз одамлари қандай яхши, қизларимиз қандай гўзал...».
Йўлда уни полиция тўхтатади ва шифокор кўригидан ўтишини сўрайди. Уни текширган шифокорлар елка қисишади – Густав чол мутлақо соғлом бўлиб, пойгада расман қатнашиши ҳам мумкин эди.
Густав Хаканссон белгиланган масофани 6 кун, 14 соат ва 20 дақиқада босиб ўтади ва манзилга пойганинг расмий ғолиби Леннарт Хьортваллдан 24 соат олдин етиб келади. Йўл давомида у бор-йўғи 10 соат ухлайди. Густав финишга эртароқ келиши ҳам мумкин эди. Аммо манзилга бир неча ўн км қолганида 3 минг км.дан ортиқ йўл босган эски велосипед панд беради. Ёрилган ғилдиракка мос камералар топилмайди ва чол қолган масофани пиёда босиб ўтади. Фақат финиш ёнига келиб велосипедга минади ва битта ғилдирак билан чизиқни босиб ўтади.
Пўлат бобони у ерда ўн минглаб мухлислар олқишлар кутиб олишади. Ҳамма унга гуллар ва совғалар тутқизар ва бирга суратга тушишга ошиқарди. Пойга якунлангандан кейинги куниёқ чол Швеция қироли Густав VI Адольф томонидан қабул қилинади. Қирол мамлакат қаҳрамони билан шахсан танишиш учун кун тартибини ўзгартиради.
Аммо пойга ҳакамлари шундан кейин ҳам Густав Хаканссоннинг ғалабасини тан олишмайди. Чунки юқорида айтилганидек у пойгаларда расман иштирок этмаган, аллақандай чолнинг шалоқ велосипед билан профессионал пойгачиларни ортда қолдиргани шармандаликнинг ўзгинаси эди.
Бироқ энди Хаканссонга расмий ғалаба муҳим эмасди. Бутун Европа унинг қаҳрамонлигидан ҳайратланар, Густав ҳар куни юзлаб хатлар, совғалар ва ҳатто катта пуллар оларди. Хатларнинг бирида шундай дейилганди: «Мен сиз билан тенгдошман. Шу пайтгача ўзимни умри поёнига етган чол ҳисоблардим. Аммо сиз мени ҳаётга қайтардингиз. Мен ўзимни ёш ва соғлом ҳис қилмоқдаман. Яратган сизни ярлақасин».
Густав рекламаларда суратга тушади ва яхшигина маблағ ишлай бошлайди. Volvo компанияси томонидан уюштирилган пойгаларда иштирок этади. Уларда ғолиб бўла олмаса-да, яхшигина натижа кўрсатади.
1959 йилда, яъни 74 ёшга тўлганида у яна велосипедига ўтириб, бутун Европа бўйлаб юриш ва Исроилга бориш учун йўлга чиқади. У минглаб километр масофани ортда қолдиради ҳамда Иордан дарёси бўйлаб юриб Қуддусга етиб боради.
Қайтганидан кейин ҳам ўз ватани бўйлаб велосаёҳатларини давом эттиради ва энди унинг яна бир қирраси очилади. Густав Хаканссон йўл бўйлаб қўшиқ айтиб юришни одат қилади. Унинг овози жарангдор ва ёқимлилиги учун турли тадбирларга таклиф қилишади. Густавнинг қўшиқлари пластинкаларга ёзилади ва у ҳатто «студияда овоз ёзган энг кекса хонанда» сифатида қайд қилинади.
Маълум муддат у шунчаки юришни фойдали меҳнатга айлантириш учун почтачилик ҳам қилади ва велосипедида хатлар тарқатиб юради.
98 ёшигача у эгардан тушмайди, қўшиқ айтишни эса 100 ёшигача давом эттиради. Густав Хаканссон 100 ёшида айтган қўшиқлари жамланган қўшиқлари тўпламини қиролга совға қилади.
Унинг севимли хотини, доим қўллаб-қувватлаб келган умр йўлдоши Мария 105 ёшда вафот этади. Хотинининг ўлимини оғир қабул қилган Густав Хаканссон яна бор-йўғи бир йил яшайди ва 1987 йилда, 102 ёшида оламдан кўз юмади.
Аброр Зоҳидов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter