Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

«Тарих бир тийинга қиммат эртак, эртагингни айтиб юравер...»

«Тарих бир тийинга қиммат эртак, эртагингни айтиб юравер...»

Фото:«Google Images»

«Тарих бир тийинга қиммат эртак фан, эртагингни айтиб юравер...»

Бу аччиқ гапни менга тўққизинчи синфда жаҳлдор математика ўқитувчимиз айтганди.

Мактабда тарихдан вилоят олимпиадасига йўлланма олгач, бор кучимни битта фанга ташладим. Натижада, ҳисоб фанидан заифлашганимни сезган ўқитувчи алам устида шундай деганди.

Аниқ фан вакиллари тарихни менсимаслиги, унинг эртакка менгзаши бошқа масала. Бугун мен сизга ўзгараётган, керак бўлса хўрланаётган тарих ҳақида гапирмоқчиман.

Бугун 9 май. Хотира байрами. Ҳа бу мен учун шундай.

Лицейда ўқиган давримизда Қамариддин Усмонов деган олимнинг китоби бўларди. Холис ва адекват ёзилиши керак китобда муаллиф советларни авра-астаригача ағдарган ўринлари бор эди. Ўша китобда, Иккинчи жаҳон уруши инсониятга қимматга тушгани, 9 май қайғули Хотира куни экани таъкидланганди. «Улуғ ватан уруши» тушунчаси совет пропагандаси экани айтиларди (ҳозирги дарсликда бу ўринни учрамадим).

Хўш, биз қайси принципни ушлашимиз керак? Нега бу нарсалар ими-жимида ўзгариб қоляпти? Нега манбалар билан, мутахассислар билан ишланмаяпти?

Хуллас, икки-уч йилда тарих ўзгача ёзилиши мумкинлигига ўз кўзим билан гувоҳ бўлдим. Мактабда бўрни жаҳл билан доскага уриб, мени койиган муаллимни тушунгандай бўлдим...

Қизиқишдан ёшликда турли китобларни варақлаганман. «СССР тарихи» (аслида 95 фоиз Россия тарихи киритилган предмет)да Иккинчи жаҳон уруши жаҳон империалистлари ва нацистлар сабаб вужудга келгани, уруш ғалабасида деярли совет томони ҳал қилувчи роль ўйнагани ёзилган. Шунингдек, иккинчи фронтни очишда имиллаган «капиталистик Ғарб» (АҚШ ва Буюк Британия)га ҳам тош отилган. 

Ҳозир эса уруш бошланишига СССРнинг ўзи сабабчи бўлгани ҳақидаги фаразлар ҳам кенг ўртага ташланяпти.

Тарих жозибадор фан, лекин ҳеч бир илм ундай хўрланмаган бўлса керак. Қаранг, бугун ҳар ким 50-60, 100 йил аввалги воқеаларга фол очиб ётибди. Кимдир советларнинг ғалабасини ҳақ деса, кимдир Гитлернинг ғалабаси Туркистонга озодлик берарди деб қўяди.

Менимча, тарихни идеологияга буриш, саҳналаштириш, тарафлаштиришдан тийилмоқ керак. Уни совуққонлик билан холис ёритиш керак.

«Бункер» деган филм бор. Гитлернинг сўнгги кунлари ҳақида. Шу кинода яксон бўлаётган Берлинни коммунистлардан сақлаб қолмоқчи бўлган гитлерюгендчилар ҳаракати, собиқ аскарнинг уларга танбеҳи ва фюрернинг қўллари қалтираб, ёш жангчиларга медал тақиши саҳнаси менга кучли таъсир этган. Кимсан, Гитлер: ҳароб ва ғариб, бир қўли мажолсиз, кунпаякун бўлаёзган салтанатини ҳимоя қилмоқчи бўлган болакайларни тақдирламоқда... (суратга қаранг)

Раҳмингиз келади а?

Афсуски, бугун «Сталин раҳнамолигида ғалаба қилганмиз» ёҳуд «Гитлер урушда ютса яхши бўларди» деган гаплар ошкора янграмоқда. Уруш ҳар бир томон учун бахтсизлик бўлгани, инсоният бунёд бўлиб бундай қатлиомни кўрмаганини ёддан чиқаряпмиз.

Турли тортишувларда томонлар ҳолатини кўриб яна ўша воқеа ёдимга тушади: орадан йиллар ўтса ҳам математика муаллимнинг фикри ўзгармагандир. Қайтанга қатъийлашган бўлса керак. Бунга эса тарихни қайта ёзишга уринган, уни холис ривожи учун тер тўкмаган биз айбдормиз.

P.S: Юқоридаги сўзлар каминанинг ўта шахсий фикри ожизи эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг