Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Бизга «Зирапча» телекўрсатуви керакми?

Бизга «Зирапча» телекўрсатуви керакми?

Севимли телеканалида намойиш этилаётган ижтимоий тажриба лойиҳаси (Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамкорлигида) — «Зирапча» кўрсатувининг айни пайтда тўртинчи мавсуми қўйилмоқда.

14 нафар аёлнинг тақдири. Илк марта ушбу кўрсатув экран юзини кўрганида жуда кўпчилик бизга, бизни менталитетимизга шундай кўрсатув керакми, деган саволни ўртага ташлаган ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. «Ўзини ўзи шарманда қилишнинг нима кераги бор» ёки «қизларни тақдири, уларнинг қилган хатоларига ўзлари айбдор, ахлоқсиз қизлар қатнашади», деб бу кўрсатувни бир шоудек қабул қилганлар ҳам йўқ эмасди. Вақт эса олий ҳакам, бугун биз шуни кўрдикки, жамиятимизда қизларнинг ҳаётини оддийгина шоуга айлантириб бўлмайди.

Феруза Умарова —Тошкент вилоятилик,  ёши 27да, аммо ҳали нафақат паспорти, балки туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси йўқ аёл. Мактабга бормаган, умрида партада ўтириб кўрмаган аёл, ҳужжати йўқлиги учун Наманганда дугонасининг тўйига бораётганда постдан ортига қайтариб юборилган аёл... Унинг саккиз ёшли фарзанди бор, мактабга чиқолмаяпти, чунки унда ҳам шахсини тасдиқловчи ҳужжат йўқ, онаси ҳужжатсиз бўлгач, боласи ҳам ҳужжатсиз. Ҳужжатсиз инсонни алдаш, ташлаб кетиш ҳам қанчалар осон.

«Бу қизлар телевизорга чиқишга, дардини достон қилишга уялмасмикан», деган саволни Эшматдан тортиб Тошматгача, Ойша бувидан тортиб Ойдин холагача қўли билан нуқиб кўрсатаётганларга шундай савол бергим келади: Бундай тақдирли аёллар сизнинг маҳаллангизда, сизнинг қишлоғингизда, қариндошларингиз орасида йўқми?

Хўш, осмони мусаффо Ўзбекистонда наҳотки мактабга бормаган, ҳужжати бўлмаган одамлар ҳам бор ва улар телевиденияга боришгача мажбур бўлишса?! Айтинг-чи, атрофдаги барча масъулларнинг, маҳалладошларнинг бефарқлиги, масъулиятсизлиги туфайли ҳужжатли бўлолмаган, саводсиз қолиб кетган қизнинг ҳаёти чиройли, бахти бутун бўлиши мумкинми?

Доимо ичиб, чекадиганларни, айниқса ўриндиқларда ётиб қолган аёлни кўрсак ижирғаниб ўтиб кетамиз, уни айблаймиз. Аммо «Зирапча»га келган Қимматой каби ичкиликка берилишига нима сабаб, деган саволни ҳеч қачон ўзимизга бериб кўрмаймиз. Яъни инсоннинг қалбини кўрмагунимизча у ҳақда ҳеч қачон яхши фикрда бўлмаймиз. Бу кўрсатув бизга нима учун керак? Ҳар бир инсонда бошқаларга нисбатан эмпатия—ўша одамнинг ўрнига ўзини қўйиб кўриш ҳисси пайдо бўлиши учун, бошқаларни қалбига кириб боришимиз учун, ҳар қандай ёмонликка сабабчи бўладиган одамлар борлигини билишимиз учун, агар атрофдагилар ёмон бўлмаса ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб туғилмаслигини англашимиз учун ҳам керак.

Нимага хориж киноларини мазза қилиб кўрасиз, нима учун жиноятчини ҳам тушунишга ҳаракат қиласиз. Чунки уларнинг асарларида инсон қалбига кириб боришади. Инсон нима учун жиноятга қўл уриши сабаб ва оқибатлари ўрганилади.  Бизда шундай кўрсатувлар, кинолар, китоблар йўқ. Нега? Чунки гўёки биз андишали халқмиз, дардимизни достон қилишимиз керак эмас. Нима бўлса уй ичида бўлиши керак. Аммо дардини достон қилмаган аёлларга ким раҳмат дейди? Кимдир улар жим юргани учун ёрдам қўлини чўзадими, тушунадими, эшитадими, ҳаётини изга солиши учун маслаҳат берадими, бошини силайдими. ЙЎҚ! Шундай экан, ўзингиз ёрдам беролмаганингиздан кейин, улар ҳаётини изга тушириб олишлари учун тўсқинлик қилманг.

Маълум бўлишича, кастингда уч мингдан ошиқ қизлар бўлган.  Уч минг жуда катта рақам, қатнашолмаётгани, ўз дарди билан ўзлари қолаётгани қанча. Демак, бундай қизлар, эътибордан четда қолаётган аёллар, онаси ишонмаётган, тушунишни истамаётганлар, қайсидир эркак томонидан тажовузга учраган, ўгай отаси болалар уйига топширишга мажбур қилинган қизлар юртимизда жуда кўп экан-да.

Нега бу қизлар омма олдида дардини дастурхон қилаяпти деб ўйлайсизлар? Уларга шу ерга келиш осон бўлганми? Биринчи қадамни ташлаш-чи? Охирги умиди, илинжи шу ер бўлган бўлса-чи, ўз жонига қасд қилишни охирги чора деб эмас, мана шу мактабда яшаб ҳаётини изга туширишга ҳаракат қилишнинг, яхши томонга ўзгариш учун изланишнинг нимаси ёмон? 

Ичкиликка берилган Қимматой шундай дейди: «12 ёшимда мени болалар уйига топшириб юборишган, мен ҳеч кимга керак эмасман, мендан ҳамма юз ўгирган деб ўйлардим. Лекин ўзимда куч топдим, охирги борадиган жойим шу ер, эртага қўлларим қалтироқ бўлиб бирор жойда ичиб ўлиб кетсам, ном нишонсиз бундан ҳам оғир кўргулик борми...»

Мана жиззахлик Ноила. Алданиб никоҳсиз фарзандни дунёга келтиради. Уни алдаган йигит уйланиш ўрнига қизалоғини тортиб олмоқчи бўлади, олти ой қўрққанидан ҳеч қаёққа чиқолмайди, уйда қамалиб ўтиради. Иккинчи турмуш ўртоғи қизи йиғласа қулоғини тагига келиб бақираркан, Ноила эркакка «нега бақирасиз, кар бўп қолиши мумкинку» деса, «қизинг бақирса нега мен бақирмаслигим керак», деб устида куларкан. Ноила охири бу уйдан ҳам бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлади, ўзи шундай эслайди: «Йўлдан ўтаётганимизда қизим Ойшанинг оғзини қўлим билан бекитдим. Оний лаҳзаларда уни ўлишини истадим, мени муаммоларимга мана шу отасиз дунёга келган қизалоқ сабабчи деб ўйладим ва кейин ўзимни ҳам ўлдирмоқчи эдим»...

«Онам иккинчи бор бошқага турмушга чиқди. Ўгай отам мени етимхонага топшириш керак деганида 7 ёш эдим», дейди Кристина меҳрибонлик уйига қандай бориб қолганини эсларкан. Унинг онаси билан учрашувини кўрсатишди.  48 ёшли аёл, 60 ёшдан ошган онахонни эслатади, уни юзидаги ажинларидан ҳаёти оғир бўлганини, яна бир аёлнинг тақдири нақадар аянчли бўлганини англаш қийинмас. Кристина тақдири онасиникига ўхшаш аянчли бўлиб қолмаслиги учунам кўрсатувга келган. Кўрсатувгача уларни ҳеч ким эшитмагани, уларни шу аҳволга тушишига ҳисса қўшганлар орамизда эканлиги, бугун интернетда ўтириб қиз болани ҳаёси бўлсин деётганлар эканлиги таассуфланарли. 

Феридени отаси онасини қиз туққани учун ташлаб кетган. Қизалоқ йиллар давомида бошқалардан сен дунёга келмаганингда ҳаммаси яхши бўларди, деган таъналар билан катта бўлган...

Қизларнинг ҳар бирининг тақдири бир кино бўлгулик, бир асар бўлгулик...

Аёл аёлни тушунмаса...

Бу кўрсатувда деярли эркаклар йўқ. Экспертлар барчаси аёллар — психолог ҳам, мактаб директори  ҳам, лойиҳа продюссери ҳам. Уларда имконият бор бу аёлларни чиройли ҳаётга қайтаришга, ўзларини бахтли ҳис қилиб яшашларига. Мавсум тугагунича барча қизлар жуда яқин одамларингизга айланиб кетади. Кулса куласиз, йиғласа қўшилиб йиғлайсиз. Хўш, бундай тақдирли аёллар қаердан пайдо бўлади? Аввало, мену сизнинг лоқайдлигингиздан.

Аёлларимиз орасида ютуқларга эришаётганлари ҳам кўп. Аммо улар ўша ютуқларидан қандай фойдаланяптилар. Маҳалласидаги бирор шундай ҳолатга тушиб қолган аёлга қўл чўза олаяптими, дардини эшита олаяптими?

Яқинда Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди. Унда Сенат раиси (у кенгашга ҳам раис) Танзила Норбоева бежизга давлат мукофоти, жумладан, Зулфия ёки Мўътабар аёл мукофотини қўлга киритган хотин-қизларнинг кейинги фаолиятидан қониқмаётгани ҳақида гапирмади. Норбоеванинг эътироз билдиришича, улар ўз ҳудудларида хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилишда ҳеч қандай самарали фаолият олиб боришмаяпти.

Мен ҳам уларга савол бергим келади: Айтингчи, ютуқларга, ҳаётда ҳар томонлама бекаму кўст бир қадам олдиндаги аёллар опа сингилларимиз мана шундай ҳолатда юрса сиз ростдан ҳам мўътабар аёл ҳисобланасизми, ўзингизни Зулфия унвонига муносибман деб ўйлайсизми? Балки сиз бундай кўрсатувларни кўришга, вақтимни сарфлашга арзимайди, деб ўлаётгандирсиз? Йўқ айнан сизлар шундай кўрсатувларни кўришингиз керак. Бу кўрсатув ҳар бир юртдошимиз кўришга, хулоса чиқаришга арзийди. Чунки кўрсатувда уриб турган она юраги, миллатни тарбиялайдиган аёл қалби бор. Кўрсатувни кўриш асносида миллат аёлларининг  тақдири бундай бўлишига ўзлари эмас, айнан биз каби қизини тушунишни истамаётган ОНАларнинг, маҳалланинг, бугун интернетда уларнинг чиқишларини қоралаётган ЭРКАКларнинг, оталарнинг катта ҳиссаси борлигини англайсиз.

Шу юртда яшаб туриб бирор жойда исм фамилияси қайд этилмаган, аммо Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган Ферузага ҳужжат берадиганлар дарҳол ишга киришиб кетди кўрсатувдан кейин. Айнан Ферузага ўхшаган аёлларни муаммоларига эътибор қаратиш учун ҳам, нафақат кўзи, балки қалб кўзи кўрларга муаммонинг қай даражада чуқурлигини кўрсатишнинг бошқача йўли йўқ.

Бу кўрсатувни кўргач, она сифатида, қўшни сифатида, маҳалла фаоли сифатида, ўқитувчи сифатида яна бир бор сергак бўласиз. Ота уйида ажрашиб келган, болларидан аламини олаётган қўшнингизнинг қизини айблаб ташлашни эмас, уни қалбига қулоқ тутгингиз келади, мен борман, менга ишонишингиз мумкин деб қўл чўзгингиз келади. Хонадонингизда вояга етаётган қизалоғингизга ишонишни, бағрингизга қаттиқроқ босишни хоҳлайсиз.

Хўш, бу кўрсатув иштирокчиларга нима беради? Ўзларини хатоларини англаб етишларига имкон беради. Бир лаҳза бўлса ҳам ўзини аёлдек ҳис қилишга кўмаклашади, муаммоларини ҳал қилиш учун аввало уларни яқинлари қўл узатади, улар эса ўша яқинларининг қўлини итармасликни ўрганади...

Хўш, бизга «Зирапча» кўрсатуви керакми? Нафақат керак, бундай кўрсатувларни кўпайтириш лозим. Аёлни қалбини  тушуниш учун ҳам, биз ёмонга чиқариб жамиятдан четлатаётган ҳар бир   инсоннинг катта қалби, унинг ҳам бахтли бўлишга ҳаққи борлигини ҳам англаб етиш учун керак. Қаранг-чи? Маҳаллангизда, қўни-қўшниларингиз, қизингизни синфдошлари орасида ҳамма бу ёмон деб четга чиқариб қўйган, ўз дарди билан курашиб, сиртида жилмайиб ичида тўла дард билан яшаётганлар борми? Сиз унга ҳозирданоқ эътибор қаратинг, чин дилдан гаплашинг, унга ишонч билдиринг, аминманки қизингиздек, синглингиздек уни тушуна бошлайсиз. Дардлари учун ҳам, азоблари учун ҳам уларни яхши кўриб қоласиз, ўз қизингиздек, БИР АЁЛдек, бир онадек...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг