Контрафакт ва сифатсиз товарлар айланмаси ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади
Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, сертификатланмаган, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳолатлари ҳамда уларнинг айланмасига чек қўйишда жамоатчилик назорати кучайтирилади.
Бу борада кеча, 4 апрел куни «Аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори имзоланди
Қарорга мувофиқ, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарлар айланмаси ҳақида йиғилган мурожаатлар ягона ахборот тизими орқали қабул қилинади ва улар ваколатли органлар томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқилади. Бундай ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахслар эса рағбатлантирилади.
Шунингдек:
- истеъмолчилар ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ қилмиш учун жавобгарлик кучайтирилади;
- этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ қилмиш учун жавобгарлик ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб ўрнатилади;
- санитария қонунчилиги ва ветеринария, ветеринария-санитария қоидаларини бузганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик кучайтирилади;
- ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, географик кўрсаткичидан, товар келиб чиққан жой номидан, адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгидан ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилади;
- белгиланган талаблар ва шартларнинг қўпол равишда бузилиши оқибатида лицензияси бекор қилинган ёки хабардор қилиш тартибида фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириши тугатилган тадбиркорларга қуйидаги рўйхатда келтирилган фаолият турлари билан шуғулланишига чекловлар белгиланади.
Ҳужжат билан мазкур масалалар юзасидан тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳам белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, 2023 йил 1 июлдан кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмайди.
2023 йил 1 августдан алкоголь маҳсулотларининг товар белгилари рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун лицензия талаби ҳисобланади.
2023 йил 1 сентябрдан эса тамаки маҳсулотининг улгуржи ва чакана савдоси, пиво маҳсулотининг улгуржи савдоси хабардор қилиш тартибида амалга оширилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter