Рақамли маркировка маркетплейсларда: онлайн харидлар қандай қилиб хавфсизроқ бўлмоқда

Онлайн харид қилиш истеъмолчилар онгини ўзгартирди ва чакана сотувчиларнинг бизнесини қайта шакллантирди. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хусусий сотувчиларга бозорга осон кириш имкониятини яратди. Интернет-дўконлар жуда кенг турдаги маҳсулотларни таклиф қилади, шунинг учун «диванда ўтириб харид қилиш» замонавий инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Аммо рекламадаги товар сурати ҳар доим ҳам охир-оқибат буюртмачининг қўлига етиб борадиган маҳсулотга ўхшамаслиги мумкин.
Бундай ҳолларда ишлаб чиқарувчи харидорларнинг ишончини қандай қилиб йўқотмаслиги мумкин, айниқса бу мижозлар энг юқори сифатни кутаётган жаҳон брендларига тегишли маиший техникани сотишга таалуқли бўлса? Интернетда таклиф қилинаётган товарларга қанчалик ишониш мумкин?
Бугунги кунда рақамли маркировка маркетплейсларга бўлган ишончни оширишнинг самарали воситасига айланмоқда. У таклифларнинг хилма-хиллигида қийинчиликсиз мўлжал олиш ва фақат синалган товарлар ва ишончли сотувчилар фойдасига танлов қилиш имконини беради.
Айни пайтда Ўзбекистонда 50 дан ортиқ маркетплейслар фаолият юритмоқда, уларнинг 17 тасида маиший техника сотилади. «Asl Belgisi» маълумотларига кўра, 2024 йил учун маркировкали техника савдоси бўйича етакчи ўринлар маҳаллий платформаларга тегишли - Uzum Market (138 412 дона), Alif Shop (210 174 дона) ва Zood Mall (11 095 дона).
Онлайн платформаларда ишлаб чиқарувчи корхоналар, дистрибюторлар, маиший техника импортчилари, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги «Маиший техника воситаларини мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги 148-сон қарорига мувофиқ, маркетплейсда рўйхатдан ўтишда тадбиркорлар қуйидаги қонунга риоя қилишлари шарт: савдо хавфсизлигини таъминлаш учун фақат маркировкаланган маиший техника воситаларини сотиш. Чакана савдо корхонаси мажбурий тартибда сотиш чоғида бериладиган чекда маркировка кодини акс эттириши керак.
Рақамли маркировка истеъмолчиларга нафақат контрафактдан ҳимояланишга, балки ишончли товарларни ишонч билан танлашга ёрдам беради. У онлайн харидларни шаффоф қилади ва сохта маҳсулотларни сотиб олиш хавфини камайтиради.
Маҳсулотни сотиб олишдан олдин уни қандай текшириш керак?
Харидорлар «Asl Belgisi» (Android / iOS) мобил иловасини юклаб олиш орқали маиший техникани олиш пайтида ҳақиқийлигини тез ва осон текширишлари мумкин. Унинг функцияси жуда оддий: Data Matrix кодини сканерлаш керак ва бу ишлаб чиқарувчи ва маҳсулотнинг ўзи ҳақидаги барча маълумотларни ўқиш имконини беради. Data Matrix кодлари фақат асл маҳсулотга қўлланилади. Импорт ҳақида гапирадиган бўлсак, фақат мамлакатга қонуний равишда олиб кирилган маҳсулотларга қўлланилади. Data Matrix кодини қалбакилаштиришнинг иложи йўқ. Шунинг учун, агар код ўқилмаса ёки умуман қўлланилмаган бўлса, бу бундай маҳсулотни сотиб олиш ва унинг сифати ҳақида ўйланиб қолишга сабаб бўлади.
Таъкидлаш жоизки, «Asl Belgisi» мобил иловаси жамоатчилик назоратининг самарали воситаси ҳамдир. Унинг функциялари ёрдамида истеъмолчи нафақат маиший техника, балки дори воситалари, пиво ва алкоголь маҳсулотлари, тамаки, шунингдек, ширин ичимликлар ва сувнинг ҳақиқийлигини текшириши мумкин. Бу қонунга риоя қилувчи ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, бозорни «оқлашга» ва соғлом рақобатни яратишга ёрдам беради.
Хавфсизлик - биринчи навбатда
Контрафактни сотиб олмаслик учун эҳтиёт бўлиш ва харид қилинаётган маҳсулотдаги маркировка кодига эътибор бериш керак, у дазмол ёки кир ювиш машинаси бўлсин. Коднинг йўқлиги эҳтиёт бўлиш учун сабаб. Бу маиший техника ноқонуний олиб кирилгани, сотувчи эса қонунни бузганини англатади. Бундай ҳолда, харид қилишдан воз кечиш ва уни қайтаришни расмийлаштириш яхшироқдир.
Онлайн харид хавфсизлиги нафақат сотувчининг масъулияти, балки сизнинг эҳтиёткорлигингиз ҳамдир. Учта оддий қадам - кодни сканерлаш, маълумотни текшириш ва тасдиқланган маҳсулот фойдасига танлов қилиш - сизни молиявий йўқотишлардан асрайди ва вақтингизни тежайди. Харидни амалга оширишга оқилона ёндашув хавфларни камайтиришга ва онлайн харидни иложи борича ёқимли қилишга ёрдам беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter