Тамаки маҳсулотлари контрабандаси энг кўп Фарғона водийсига тўғри келмоқда
Давлат бюджетини шакллантиришда яширин иқтисодиётнинг мавжудлиги ҳамда унинг улуши, яъни контрабанда маҳсулотлари савдоси ёки ўз вақтида унга чек қўйилиши катта аҳамиятга эгадир. Шунга кўра Ўзбекистон иқтисодиётида ҳам контрабанда тамаки ва алкогол маҳсулотларнинг олиб кирилиши ҳажми ҳамда ушбу товарларнинг давлат ҳудудига олиб кирилишининг олдини олиш билан боғлиқ чора-тадбирлар катта аҳамият касб этади.
Мисол тариқасида, 2022 йилнинг фақат 10 ойи давомида тамаки маҳсулотлари контрабандаси билан боғлиқ 19 та ҳолат аниқланди ва солиқ органлари вакиллари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида умумий қиймати 67,4 млн. сўмга тенг бўлган ноқонуний тамаки маҳсулотлари мусодара этилди.
ТДИУда ўтказилган махсус илмий тадқиқот натижаларига кўра, 2022 йил декабр ойида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси 21 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг апрел ойига келиб, бу кўрсаткич 22,5 фоизнини ташкил этган.
Минтақалар кесими бўйича ноқонуний тамаки маҳсулотлари айланмасининг энг юқори кўрсаткичлари Фарғона водийсига тўғри келди (39-40%). Масалан, жорий йилнинг 10 май куни Наманган вилояти бўйича ИИВ бошқармаси томонидан 3 турдаги 29 минг дона қути жами 197 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Бошқа минтақаларда ҳам худди шу каби вазиятларда кўрсаткичлар қуйидагича бўлди: Тошкент шаҳрида — 17-18%, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида – 17,5%, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида – 13%, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида — 11 фоиздан.
«Кантар» халқаро компанияси тадқиқоти маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланиши 4,3 фоиздан 14,2 фоизга ошган. Ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний маҳсулотлардан Ўзбекистон бюджети йилига 50 миллион доллардан зиёд зарар кўради. Бу маблағларга давлат олийгоҳларида 50 мингдан зиёд қўшимча бюджет ўринлари яратиши ёки 140 минг нафар нафақахўрларни йиллик нафақа билан таъминлаш мумкин.
Илмий тадқиқотларда аниқланаётган бундай ўсиш суръатлари шароитида, тамаки ва алкогол маҳсулотлар контрабандасига қарши курашни асло сусайтирмаслик кераклигини англатади. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали яширин иқтисодиётга чек қўйиш керак.
Шу муносабат билан жорий йил 4 апрелда имзоланган «Аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони ўз вақтида қабул қилинган бўлиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сохта ва истеъмол учун яроқсиз маҳсулотлар муомаласига чек қўйишни назарда тутади.
Мазкур қарор билан тегишли мутасадди идора ва ташкилотлар зиммасига сифатсиз ва сохта товарларнинг истеъмолга яроқли маҳсулотлардан фарқи ва уларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирини доимий тарзда тушунтириш ва ёритиб бориш, бу борадаги жамоатчилик вакилларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш вазифаси юклатилди. Шу билан бирга, эндиликда этил спирти, алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ қилмиш учун жавобгарлик ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланиши кўрсатилди.
2023 йилнинг 1 сентабр ойидан бошлаб тамаки маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси ваколатли органларни хабардор қилиш орқали амалга ошириладиган фаолият турига киритилди. Бундан ташқари, вилоятда сохта ва истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши мазкур ҳудуддаги профилактика инспектори фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири сифатида қаралаётгани аниқланди.
Мавзуни якунлаб шуни айтиш жоизки, мамлакатимиз иқтисодиёти, шунингдек, аҳоли саломатлиги учун яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш, товарларнинг ноқонуний айланмасини олдини олиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шаффоф ҳамда рақобатбардош иқтисодий муҳитни яратиш ниҳоятда муҳимдир.
Айниқса, давлат бюджетига катта салбий таъсир кўрсатувчи фармацевтика, тамаки ва алкогол маҳсулотлари контрабандасига қарши курашишда жамоатчилик назоратини кучайтириш билан бирга ҳукумат даражасидаги самарали чора-тадбирларни кўриш айниқса зарур бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter