Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тожикистон ва Қирғизистондан яширинча келтирилган қарийб 65 кг гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди

Тожикистон ва Қирғизистондан яширинча келтирилган қарийб 65 кг гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди

Видеодан скриншот

Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан келтирилган қарийб 65 кг гашиш гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Чегара қўшинлари ҳамда божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Денов туманида яшовчи, 1994 й.т. фуқаро ўзининг «Кобалт» автомашинасида Узун тумани ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилган.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 50 кг 567 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Терговга қадар текширув давомида, у гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик наркосавдогарлардан олганлиги маълум бўлган.

Фарғона вилоятида қайд этилган ҳолатда Марғилон шаҳрида яшовчи, 1972 й.т. фуқаро муқаддам тожикистонлик наркокурерлар томонидан Тошкент вилоятининг Бўка тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 4 кг 929 грамм гашиш моддасини қабул қилиб олиб, йўловчи автомашинада доимий яшаш манзилига қайтиб келаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Фарғона шаҳрида қўлга олинган.

Аниқланишича, у гиёҳвандлик воситасини қайта сотиб, мўмай даромад топишни мақсад қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда Самарқанд — Андижон йўналишида ҳаракатланаётган «Спарк» автомашинаси Бўстон туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилиб, текширилган.

Машина йўловчилари — Қўрғонтепа туманида истиқомат қилувчи, 1990 ва 1995 йилларда туғилган 3 нафар шахс ҳамда Қирғиз Республикасининг Ўш вилояти Қорасув шаҳрида яшовчи, 1984 й.т. ушбу давлат фуқаросидан 4 кг 727 гр гашиш моддаси олинган.

Улар гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик шахсдан Ургут туманига келтириб бериш шарти билан сотиб олишган ва уни қолдириб кетилган хуфия жойдан олиб, ортга қайтаётган бўлишган.

Бошқа ҳолатда эса Пахтаобод туманида яшовчи, 1981, 1982, 1991, 1992 йилларда туғилган 4 нафар фуқаро Қирғиз Республикасидаги наркосавдогарлар етказиб берган 4 кг 634 гр гашиш моддасини Андижон туманида 53 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қўлган олинганларнинг 3 нафари — муқаддам судланган шахслар.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг