Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бойсун баҳори»: яна бир баҳор тарихга муҳрланадиган бўлди (фото)

«Бойсун баҳори»: яна бир баҳор тарихга муҳрланадиган бўлди (фото)

Сурхондарёнинг Бойсун туманида «Бойсун баҳори» халқаро фестивали бошланганига бугун беш кун бўлди. Туризм қўмитаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган бу фестиваль миллий қадриятларимиз, минг асрлик урф-одатларимизни мужассам этгани билан кўплаб хорижий сайёҳларда ҳам катта таассурот қолдирмоқда. Нафақат Билдириш маҳалласи балки Сурхондарёнинг барча туманларидан томошага келаётган одамларнинг сафи узилмайди. Бу байрам бошқа байрамлардан бошқача – ўзгача руҳ, кайфият ҳис қиласиз. Чунки бу фестивалда соддалик, табиийлик, қадриятлар, анъаналар мужассам.

Юздан ортиқ фольклор санъати усталарининг ҳар бири бу фестивалга алоҳида тайёргарлик кўрган.

Мана бу чўпоннинг ҳаёти, лой сувоқдан бўлган уй, чўпон оёқ кийимлари, қумғон, тандир, куви, дарахтга осилган сузма халта... Фестивалга шу қадар тайёргарлик кўрилганки, беихтиёр сиз фестивални унутасиз, ҳақиқий чўпон ҳаёти билан юзлашасиз.

«Мен Арка бобоман, – дейди, иштирокчилардан бири. – Арка бобо 1000 қўйли бой чўпон дегани, мана бу озғингина йигит эса менинг ўғлим».

Биз уларнинг ҳақиқий исмини сўраймиз. «Бизни санъаткор деманг, тасаввур қилинг биз ҳақиқий чўпонлармиз ва мана шу бизнинг ҳақиқий ҳаётимиз».

Жарқўрғон 20-сонли маданият уйи санъаткорлари – чўпон, чўпоннинг фарзандларининг яшаш тарзи сизни яна бир бор ўтмишга етаклайди.

Қишлоқ одамлари жуда киришимли. Қумғонни суратга олаётганимни кўриб Улдона, Гулнора, Гулбаҳор исмли аёллар «бизни ҳам суратга олинг, мана тандирнинг олдида, қумғоннинг олдида» дейишди.

  

Бошқа пайти суратга олишимизни унчалик истамайдиган қишлоқ аёлларининг ўзлари илтимос қилишларига ҳам сабаб улар ўтмиш билан уйғунлашиб кетганидадир. Чунки бу байрам бугунги одамлар учун ота-боболаримиз, момоларимиз ўтмишини, анъаналарини яна бир бор қалбдан ҳис қилиш, бир фурсат шу ҳаётда яшаш имкони ҳамдир.

  

Сал нарироқда эса «Боботоғ гуллари»  ҳаваскорлик фольклор ансамбллари, «Момогул»  момолари...

Уларнинг кийимларидан тортиб мунчоқлари, бош кийимларигача ўз маъносига эга.

«Бу мунчоқлар бўйнимизгача ёпиб турган, ҳам либос, ҳам кўзни қувнатадиган тақинчоқ ва бу тақинчоқларнинг ҳар бирининг ўз маъноси бор, – дейди Жарқўрғонлик Тожихол Холмуродова. – Ҳар сафар биз бир неча кунлаб фестивалга тайёрланиш асносида руҳан янгиланамиз, яъни қадриятларимиз, анъаналаримизни қайта-қайта эслаймиз, қалбларимиз алланечук ҳиссиётларга тўлади».

Бироз юрсангиз Андижондан келган санъаткорлар фольклор қўшиқлари билан барчани атрофига тўплаган. Санъаткорлардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур қиёфасида. У ёнида яна бир ўша замон либосидаги мулозими билан кўчани тўлдириб салобат билан шахдам ташлаб кетмоқда. Атрофда томоша учун келганлар у билан бир бор суратга тушишга интилади ёки суратга олади...

Ие, бироздан сўнг ҳамкасбимиз Илёс Сафаровнинг бахшичига қўшилиб бахши куйлаётганининг гувоҳи бўлдик.

Бу фестивалда катталардан ҳам кўра кўпроқ болаларни учратасиз. Беихтиёр қалбингизда қанча ёшлар кўп бўлса, шунча қадриятлар яшовчан бўлади, авлоддан авлодга ўтади деб ишонасиз ва бу сизга таскин беради. Айниқса қизлар момоларимизнинг кийимларини фахр билан кийгани сизни ўтмишга қайтаргандек бўлади.«Бизнинг ўзимизни эмас, момомларимиз ўраган рўмолларни, либосларни олинг» дейди қизалоқлар.

Сайёрамиздаги энг чуқур ғорлардан бири – Бойсунтоғ тизмасида жойлашган 2651 метр узунликдаги «Қора юлдуз» ғорига кириб кетаётган ким бўлди...

 Ким олади-ё, шугинани-ё

Бу рангли иплардан тўқилган ўтов эмас, балки  сурхондарёликларнинг бош кийими диаметри 9 метрли дўппи.

Буви билан набира, ота билан фарзанд, икки дугона, момоларимиз, боболаримиз – барча барчаси бугунги фестиваль ҳақида гаплашмоқда. Либослар 31 метр тикилган кашталар, кураш спорт мусобақалари, турли вилоятлардан келган бахшилар, этнографлар... ҳамма-ҳаммаси ўтмиш ҳақида сўзлаб турибди. Худди вақт машинасида минг асрлар ортга қайтгандек бўласиз.

Халқаро кўрик-танловда дунёнинг 13 давлати жамоаси ва яккахон хонандаси, мамлакатимизнинг 15 та фольклор-этнографик ансамбли қатнашди. Кўрик-танловнинг фольклор санъати йўналиши бўйича биринчи ўрин Сурхондарё вилоятидаги «Бойсун» фольклор-этнографик ансамбли жамоасига насиб этди. Иккинчи ўринга Бухоро вилоятидаги «Жондор» фольклор-этнографик, Самарқанд вилоятидаги «Чавқи» фольклор этнографик ансамбллари муносиб топилди. Учинчи ўринни Хоразм вилоятининг «Хоразм» фольклор-этнографик ансамбли, Қозоғистон Республикасининг «Қозоғистон» жамоаси ва Япониянинг «Япон марвариди» жамоалари қўлга киритди.

Бундан ташқари жуда кўпгина фольклор этнорафик ансбамллар турли номинация совриндори бўлишди. Танловнинг «Энг ноёб халқ томошаси учун», «Миллий урф-одатларнинг энг яхши талқини учун», «Энг аҳил жамоа учун «Воҳа фольклори ва томоша санъатининг тарғиботчиси», «Фольклор ва томоша санъатининг энг яхши тарғиботчиси» каби номинациялари бўйича ғолиблар ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Бир сўз билан айтганда бу йил Бойсунда энг гўзал, унутилмас яна бир баҳор тарихга муҳрланадиган бўлди.

                                                                                                         Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг