Бойсун табиати. Китоб етмай қолган Шароф қаерда қўй боқяпти? (фото)
Бугун «Бойсун баҳори» фестивали якунига етади. Ғолиблар аниқланади ва тақдирланади. Биз эса фестивал қаерда ўтаётгани ҳақида фото ва таассуротлар билан бўлишишга қарор қилдик.
Бойсун туманидаги Паданг қишлоғига кириб келганингиз ҳамоно об-ҳаво ўзгарганини ҳис қиласиз. Бу ерда салқинроқ, беш юз метр пастда нур сочиб турган қуёшни бир кўрсангиз, бир кўрмай қоласиз.
Кеча куни билан ёмғир ёғди. Бугун ҳарқалай аҳён-аҳёнда қуёш чиқиб турибди. Паданг қишлоғи табиати эса, шунчаки томоша қилгулик...
Қирнинг бир томонида байрам кайфияти, фестивал бўлиб ўтмоқда. 136 та ўтов тикилган, ҳунармандлар ўз маҳсулотини, ошпазлар эса пиширган таомини кўз-кўз қиляпти.
Иккинчи томонда эса мана бундай ажойиб манзара. Табиат. Минг йил олдин ҳам шундай бўлган, ҳозир ҳам шундай турибди...
Қирга чиқиш учун мана бу сойдан ўтиш керак. Бир қарашда кўринганидек осон иш эмас. Буни ўз бошидан ўтказган одам сифатида тасдиқлашимиз мумкин.
Сой. Суви жуда тез ва совуқ. Сакраб ўтиш учун спортчиларга ҳос яхшигина тайёргарлик керак. Сакрай олмасангиз, сув кечасиз...
Бундай манзарани ҳиндуларнинг прерияси ҳақидаги фильмларда ва... Бойсунда кўриш мумкин.
Томоша яхши, аммо тирикчиликдан ҳам қолмаслик керак.
Бу йигитчанинг исми-шарифи Шароф Шониёзов. У мактабга, 5-синфга боради. Ўқиши ёмон эмас, баҳолари — беш. Фақат бир муаммо — ўқув йили бошида унга дарслик етмай қолган. Шунга дарс тайёрлашда сал қийналиб қолди. Аммо руҳини туширгани йўқ. «Янаги йил эртароқ бориб, дарслик оламан. Яна етмай қолиши мумкин», — дейди у.
Шароф бўш вақтларида, дарсдан кейин ва якшанба кунлари отасига ёрдам беради, қўй боқади. Мактабни аъло баҳоларга битириб, яхши жойда ўқишга ваъда берди.
Бу эса фестивал бўлиб ўтаётган Паданг қишлоғи. Бу ерга албатта келинг. Агар илгари келган бўлсангиз, яна келинг. «Бойсун баҳори» сизни кутади...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter