Бойсун баҳори. Қимматбаҳо гиламларимизга Афғонистон харидор (фото)
Шу кунларда Сурхондарёда Бойсун баҳори фестивали ўтмоқда. Фестивал доирасида меҳмонлар шунингдек Бойсун шаҳридаги ҳунармандлар маркази уйи фаолияти билан ҳам таништирилди.
Марказ 2016 йилда ЮНЕСКО томонидан қурилиб, Бойсун халқига топширилган. Ҳозир бу ерда ҳунармандлар ўз маҳсулотларини тайёрлашмоқда ва савдога чиқармоқда. Уларнинг энг қимматбаҳо моли эса - Сурхон гилами.
Бу гиламни қизлар роппа-роса икки ой давомида тайёрлашади. Ҳар бир тугунга уларнинг кўз нури ва меҳнати кетади. Нархи ҳам шунга яраша - бир неча минг АҚШ долларига қадар бориши мумкин. Гиламнинг асосий харидори эса - Афғонистон. Яна ҳам аниқроқ айтсак, юз фоиз қўл меҳнати эвазига тайёрланадиган бу гиламга бутун дунёдан қизиқиш бор. Афсуски, афсонавий гиламнинг тайёрини суратга олишнинг имкони бўлмади. Харидоргир бўлгани боис тайёр бўлгани ҳамоно сотилиб кетади.
Ҳунармандлар уйи раҳбари Ҳанифа Салимованинг айтишича, бу ерга Бойсун қизлари кўп келишади. Ҳунар ўрганишади ва ҳаётда ўз ўрниларини топиб кетишади. Кейин эса бошқалар келади. «Шу тарзда бир неча авлодни тарбияладик», – дейди Ҳанифа опа. У марказ очилгандан буён шу ерда фаолият юритиб келади.
Бойсун ҳунармандлар уйи фестивалда ҳам ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter