Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мармарис - икки денгизни боғлаган порт шаҳар (фото)

Мармарис - икки денгизни боғлаган порт шаҳар (фото)

Мармарис Эгей денгизи ва Ўрта ер денгизининг туташган жойида жойлашган бўлиб, ўзининг табиий гўзалликлари, узун қирғоқ чизиғи, қарағай дарахтлари билан қопланган тепаликлардан ажойиб манзаралари, соҳиллари, қадимий шаҳарлари, кема портлари билан Муғланинг энг машҳур сайёҳлик курортларидан биридир. У шунингдек, ўзининг географик жойлашуви билан минтақада асосий порт вазифасини бажариб келган.

Шаҳар Муғла марказидан 1 соат узоқликда жойлашган. Мармарисга самолётда бориш учун 1 соатлик масофада жойлашган Даламан аэропортини танлаш керак. Парвоздан кейин бориш керак бўлган Даламан ва Мармарис ўртасидаги масофа 90 километрни ташкил этади ва бу масофа шахсий транспорт воситасида ўртача 1,5 соат вақтни тақазо этади.

Мармарис дам олишни, табиий гўзалликлардан завқланишни ва минтақанинг бой тарихини кашф қилишни хоҳлайдиганлар, шунингдек, феруза рангли денгиз ва олтиндек сариқ қумлардан баҳра олиб, сув ва қуруқликдаги спорт турларини синаб кўрмоқчи бўлганлар учун мукаммал манзилдир.

Мармарисни қайиқлар билан саёҳат қилишингиз мумкин бўлган бетакрор қўлтиқлардан бири Кумлубукдир.Ушбу маскан, айниқса, балиқ ресторанлари билан машҳур.

Бўзбурун ўзининг тоза табиати, тиниқ денгизи ва мусаффо ҳавоси билан шаҳар гавжумлиги ва шовқинидан қочганларга мукаммал имконият. Мармарисга саёҳат қилиб, Серче порти, Уч тош, Акварюм, Бозуккале ва Дирекбуку каби Бўзбурун қўлтиқларини кашф қилмасдан қайтиш имконсиз.

«Олтин» қумли пляжи ва фируза денгизи билан машҳур бўлган Клеопатра оролида Эллинистик ва Рим даврига оид тарихий ашёларни кўриш мумкин.

Инжеқум сайёҳларни нафис қум билан қопланган пляжи ва мовий денгизи билан мафтун қилади. Клеопатра пляжи (Седир ороли) қаршисида жойлашган Инжеқумга бориш бироз қийин, аммо бу жой саёҳларга маъқул келиши аниқ.

Қарағай дарахтлари билан қопланган яна бир кўрфаз Бўрдубетдир. Бу махсус муҳофаза қилинадиган ҳудуд бўлиб, бу ерда яшаш имконияти йўқ. Кўрфазда каноэда саёҳат, велосипедда учиш ва ўрмонда сайр қилиш мумкин.

Турунч арча дарахтлари ва баланд тепаликлар билан ўралган қишлоқ. Мармарисга қайиқ саёҳати учун борадиганларнинг севимли маскани.

Селимие мовий круиз маршрутларининг ажралмас қисмига айланган. Ушбу маскан турфа хил таомхоналари билан ҳам эътиборни тортади. Селимие қайиқлари билан Камеллиа, Севги ва Тавшан ороллари ҳамда Бенжик кўрфазини томоша қилиш мумкин.

Жаннат кўрфазининг ландшафти қуёш ботишини кузатадиганлар ва ушбу онларни фотоаппаратга муҳрлайдиганлар учун унутилмас манзарани тақдим этади.

Мармарисдан унча узоқ бўлмаган жойда, Орхание қишлоғидаги ноёб жой – Кизкумудир. Кизкумуда ороллар ўртасини боғлаб турувчи «қум йўлак» бор. Ва бу ҳақда маҳаллий аҳолининг ўз афсонаси ҳам…

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг