Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

5 минг йиллик тарихга эга Бирги қишлоғи ҳақида нималар маълум? (фото)

5 минг йиллик тарихга эга Бирги қишлоғи ҳақида нималар маълум? (фото)

Туркиянинг Измир шаҳридаги тарихий Бирги қишлоғи барқарор туризмни тарғиб қилиш ва маҳаллий иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган SENTRUM лойиҳаси (Барқарор энергияга асосланган туризм амалиётлари маркази) доирасида яшил маконга айланиш учун бир қатор ўзгаришларни бошидан кечирмоқда.

Бирги 5000 йилдан ортиқ тарихга эга бўлиб, Салжуқий ҳамда Усмонийлар давридан қолган классик уйлари билан БМТнинг Жаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) томонидан “2022 йилнинг энг яхши туризм қишлоқлари” рўйхатига киритилган. Қишлоқ Туркиянинг ғарбий Эгей минтақасининг марказида жойлашган бўлиб, унда 12 асрга оид дарахт сояли тош кўчалар ва анъанавий уйлар ҳамда тарихий иншоотлар мавжуд.

SENTRUM лойиҳаси БМТнинг Тараққиёт Дастури (UNDP), Туркия Туризм ва Маданият вазирлиги, Туркия туризмни танитиш ва ривожлантириш агентлиги (ТGA) ҳамда Энержиса Энержи билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бирги шаҳрида маҳаллий ривожланишни рағбатлантирувчи Тадбиқ этиш маркази барқарор ўзгартиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг марказида турибди.

Ушбу марказ энергия самарадорлиги ва маданий меросни асрашдан тортиб, аёллар ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш ҳамда иқлим ўзгариши бўйича хабардорликни оширишгача бўлган кўплаб йўналишларда мувофиқлаштирилган фаолият маркази бўлиб хизмат қилмоқда. Mарказ айни вақтда минтақадаги барча яшил макон ташаббусларини - маҳаллий меросга эътибор қаратган ҳолда янада барқарор, қулай ва кўзга кўринадиган бўлишини таъминлайди.

Барқарор туризм модели тўрт фаслни қамраб олувчи туризм концепциясини рағбатлантириш учун ишлаб чиқилган.

Ушбу модел Глобал Барқарор Туризм Кенгаши (GSTC) мезонларига мос келади ва Биргининг экологик, маданий ҳамда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни ривожлантирувчи намунавий манзилга айланишини қўллаб-қувватлайди.

Мазкур саъй-ҳаракатлар доирасида маҳаллий қадриятларни қўллаб-қувватлаш ва сақлаб қолиш учун ўқув дастурлари ва семинарлар ўтказилди. Жами 1000 нафар иштирокчи, жумладан, туризм соҳаси мутахассислари, аёллар, ёшлар ва болалар 21 хил ўқув машғулотларида қатнашдилар. Бундан ташқари, барқарор туризмни, гендер тенглигини ва халқаро стандартларга мослашишни тарғиб қилиш мақсадида маҳаллий иштирокчилар билан кенг қамровли манфаатдор томонлар учрашувлари ўтказилди.

Барқарорлик тарихи: маҳаллийдан глобал таъсиргача

SENTRUM лойиҳаси нафақат барқарор туризмни, балки гендер тенглигини ўз ичига олган кенгроқ ижтимоий ўзгаришларни ҳам илгари суради. Лойиҳа аёлларнинг қарорларни қабул қилиш ва амалга ошириш жараёнларида фаол иштирокини рағбатлантириш орқали инклюзив ривожланишга ёрдам беради. Шу билан бирга, барқарорликка йўналтирилган туризм модели билан мувозанатли, йил давомида сайёҳлар оқимини таъминлашга қаратилган.

Барқарор энергияга асосланган туризм амалиётлари маркази (SENTRUM) – Энержиса ва BMTTD ташаббуси билан бошланган лойиҳадир. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2022 йил ноябрь ойида Баликесирнинг Айвалик туманидаги Кучуккўй қишлоғида якунланди. Лойиҳанинг мақсади барқарор туризм соҳасида ижтимоий, экологик ва иқтисодий ўзгаришларга ҳисса қўшиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш ва энергия самарадорлиги тўғрисида хабардорликни ошириш орқали туризм ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш, бутун Туркия бўйлаб қўлланилиши мумкин бўлган “Яшил макон модели” ни яратиш ва минтақада GSTC барқарор манзил мезонлари учун инфратузилма яратишдан иборат.

Бирга қишлоғи ҳақида

Бирги қишлоғи Измир вилоятининг Ўдемиш туманидан етти километр узоқликда жойлашган. ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Эфес, шунингдек, мевали шароблари билан машҳур Ширинже, Чешме, Алачати ва Сефериҳисар каби дам олиш масканларига яқинлиги туфайли маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. Хушманзара Биргида милоддан аввалги 3000 йилга бориб тақаладиган узоқ тарихга эга аҳоли пунктлари мавжуд. Фригия, Лидия ва Форслар томонидан бошқарилган Бирги, вақти-вақти билан Пергамон қироллиги ва Рим ҳамда Византия империялари қўл остида эди. Қишлоқ Онадўли бекликлари даврида Айдиноğуллари беклигининг пойтахти бўлган. 1426 йилда Бирги Усмонлилар ҳукмронлиги остига ўтди ва 17 асргача маъмурий ҳамда маданий марказ бўлиб қолди.

200 дан ортиқ рўйхатга олинган тарихий иншоотларга эга Бирги очиқ осмон остидаги музей сифатида ажралиб туради. Онадўли беклиги даврида қурилган Улу масжиди (Айдıноğлу Меҳмет Бей масжиди) 18 аср халқ меъморчилигининг энг ажойиб намуналаридан биридир. Чақирага саройи, Имом Биргиви мақбараси, Сандикоғлу саройи, Дервишоға масжиди ва Умму Султон шоҳ мақбараси ҳам қишлоқдаги диққатга сазовор иншоотлардир.

Бирги 1996 йилда “қўриқланадиган ҳудуд” деб эълон қилинган ва 2012 йилда ЮНEСКО Жаҳон меросининг тахмий объектлари рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, Биргининг Туркиянинг Cittaslow (Slow City) тармоғига қўшилиши учун ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг