Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳамма ерда инқирозу Гайанага «соққа» оқаяпти

Ҳамма ерда инқирозу Гайанага «соққа» оқаяпти

Фото: airtime.ru

Бир пайтлар Британия мустамлакаси бўлган ва ҳозирда инглиз тили расмий тил ҳисобланган Жанубий Америкадаги ягона давлат бу Гайанадир. Лотин Америкасидаги барча давлатлар пандемия туфайли инқирозга тушиб қолган бўлса, у ҳозир ўз тарихидаги энг яхши иқтисодий вазиятда яшамоқда.

Бу ерда узоқ йиллар ишсизлик ва қашшоқлик ҳукм сурар эди. Улкан нефть конлари очилиши билан бутун дунё сармоядорларида катта қизиқиш пайдо бўла бошлади.

2008 йилда Американинг «ExxonMobil» ва «Hess» компаниялари Хитойнинг «CNOOC» билан ҳамкорликда консорциум тузиб, мамлакат қирғоғидан 200 километр узоқликда жойлашган «Starbroek» блокида разведка ишларини олиб борган эди. 2017 йилга келиб қазиб олиш ишлари бошланди ва биргина нефть қудуғида 1,4 миллиард баррель «қора олтин» захираси борлиги маълум қилинди.

Ўтган йили қазиб олиш ҳажмлари суткасига 120 минг баррелга етказилди. Бир неча йилдан кейин эса бу миқдор кунига 750 минг баррелни ташкил қилади.

Бироқ мамлакатнинг ўзида уни қайта ишлар учун бир неча километрлик нефть қувурлари ва ёрдамчи инфратузилмани яратиш зарур.

Шунга қарамай, аҳолиси бир миллионга ҳам етмайдиган Гайананинг бундай тез ривожланиши ва Лотин Америкасида нефть экспорт қилувчи етакчи давлатлардан бирига айланиб бораётгани беқарор қўшниси Венесуэлага маъқул келмайди.

Тахминан 160 минг квадрат километрга тенг, минерал ресурсларга бой Гайананинг Эссекибо минтақаси учун бу икки давлат ўртасида мана икки юз йилдирки, тортишув бир оловланиб, бир пасайиб туради.

Расмий Вашингтон билан Каракас ўртасида зиддият кучайган ҳозирги шароитда АҚШ Гайанани ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилишга тайёр. Чунки ўтган йили, у суткасига 27 минг баррель «қора олтин»ни ушбу давлатдан импорт қилди.

Бу йил бошидан эса бу миқдор кунига 60 минг баррелга етди ва АҚШнинг четдан нефть импорт қилувчи етакчи ўнта давлатлари қаторига кирди. Ҳозирда Гайана қирғоқларида АҚШнинг олтита бурғулаш кемалари иш олиб бораяпти. Захиралар эса бир неча баррелга кўпайди.

Топилаётган нефть шу қадар кўпки, 2025 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 баробарга ўсиши кутилмоқда.

«Аксарият одамлар ҳалигача англаб етмаяптики, нефть захиралари шу қадар каттаки, беш йил ичида мамлакат ялпи ички маҳсулоти уч юз, ҳатто минг фоизгача ўсиши мумкин. Гайана яқин истиқболда ярим шардаги, балки жаҳондаги энг бой мамлакатга айланиши мумкин», деган эди ўтган йил охирида АҚШнинг Гайанадаги элчиси Перри Холлоуэй.

Эндиликда кўплаб иммигрантлар ўз юртига қайтиш ҳақида уйлай бошлади.

Ҳукумат эса қисқа вақт ичида келаётган маблағларни қайси соҳаларга киритиш самарали бўлиши ҳақида ўйламоқда. Ҳукмрон партия пулларни фермерларни хизматлар соҳасига ва давлат ишларига қайта ўқитиш учун сарфлашни таклиф этмоқда. Норвегия ва Амирликлар каби миллий фаровонлик жамғармаси тузилмоқда. Мухолифлар эса қишлоқ жойларда шакар фермаларни субсидиялаш таклифини илгари сурмоқда.

Эътиборли томони, ўтган йили март ойида президентлик сайловларида ғалаба қозонган Муҳаммад Ирфон Али мусулмон динига эътиқод қилади. У яқин беш йилда 50 минг янги иш ўринлари яратилишига ваъда берган. Агар барча режалар кутилганидай амалга оширилса ва фақат халқнинг миллий манфаатларига йўналтирилса, Гайана мисолида инсоният янги иқтисодий мўъжизани кўради.

Лобар Шомуродова,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг