Германия ТИВ инсоният истиқболига таҳдид солаётган муаммога ечим таклиф қилди
Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари дунё бўйлаб тараққиётга ғов бўлиб, ижтимоий мувозанатни издан чиқармоқда. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Берлин шаҳрида 11-12 октябрь кунлари ўтказилган иқлим ва хавфсизлик масалалари бўйича анжумандаги нутқида гапирди.
«Сув тошқини Покистоннинг чорак қисмини – бу Германия ҳудудига тенг майдондир – ўз домига олиб, ўн миллион болани эҳтиёжманд аҳволга солди. Сўнгги 40 йил ичида кузатилган кучли қурғоқчилик Эфиопияда миллионлаб болалар, аёллар ва эркакларни очлик ва ўлим чангалига отди. Довул ва ўрмон ёнғинлари АҚШ ва Европада мудҳиш из қолдираётир. Булар – иқлим ўзгаришининг биз сўнгги ойларда кузатаётган айрим вайронкор оқибатлари, холос. Иқлим инқирози тобора зўрайиб бормоқда», – деди Германия ташқи ишлар вазири.
Таассуф билан қайд этилишича, иқлим ўзгариши инсонлар ҳаётига зомин бўлмоқда, тинчлик издан чиқиб, зиддият ва ихтилофлар кучаймоқда.
«ЮНИСЕФ тадқиқотлари тошқинлардан кейин мактабни тарк этиб ишлашга мажбур бўлаётган болалар сони ошаётгани, шунингдек, гиёҳвандлик моддалари истеъмоли ва гендер зўравонлиги кучаётганини кўрсатмоқда. Шу тариқа аёллар ҳақ-ҳуқуқи поймол, оилалар, жамоалар, демакки, бутун жамият пароканда бўлмоқда», – деди Анналена Бербок.
Африка минтақасида қурғоқчилик оқибатида ишидан айрилган эркакларнинг террорчилик гуруҳларига қўшилиб кетиши ёки бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур бўлаётгани кузатилмоқда.
Германия бош дипломатига кўра, Украина ҳудудига бостириб кирган Россия дон экспорти йўлларини ёпиб, халқаро озиқ-овқат инқирозини янада чуқурлаштирди.
Африка, Яқин Шарқ, Осиёдаги миллионлаб оилалар фарзандлари қорнини қандай тўйдиришни билмаётир. Буларнинг бари иқлим инқирози халқаро ҳамжамият XXI асрда дуч келаётган энг асосий муаммо эканини тасдиқлайди. Таъкидланишича, Германия ташқи ишлар вазирлиги шу боис ҳам иқлим ва хавфсизлик масаласини дипломатиянинг асосий йўналишларидан бири ўлароқ кўрмоқда.
А.Бербокнинг фикрича, иқлим инқирози асоратларини камайтириш учун, биринчидан, атмосферага чиқарилаётган заҳарли моддалар миқдори қатъий чекланиши, иккинчидан, бу борада барча давлатлар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши талаб этилади. Яшил иқтисодиёт ва қайта тикланадиган энергия соҳасини кучайтириш ҳам давр талабидир.
«Ўтган йили БМТ Хавфсизлик кенгашида иқлим ва хавфсизлик бўйича резолюцияни 113 давлат қўллаб-қувватлади. Пировардида бу ҳужжатга фақат бир давлат – Россия вето қўйди. Бу эса аксар давлатлар иқлим инқирози ва хавфсизлик бир-бирига чамбарчас боғлиқ экани хусусидаги ёндашувда биз билан ҳамфикр эканини кўрсатади», – деди олмон сиёсатчиси.
Нотиқ, айни чоқда, иқлим инқирози оқибатларига қарши курашда фан ютуқларидан фойдаланиш, табиий офатларни илмий асосда тадқиқ этиш, маълумотлар алмашиш муҳим аҳамият касб этишини урғулаган.
Германия ташқи ишлар вазири мутараққий давлатлардан тортиб ривожланаётган ўлкаларга қадар – дунё ҳамжамиятини иқлим инқирозига қарши курашда шунчаки сўздан амалий ҳаракатга ўтишга ундаган.
Дарҳақиқат, иқлим ўзгаришлари ҳамда нобоп об-ҳаво инсоният ҳаётига янада кучли таҳдид солмоқда. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилотининг сўнгги ҳисоботида ҳам хавотирли хулосалар илгари сурилган. Хусусан, 2021 йилда дунё океанлари сатҳининг кўтарилиши, атмосферада заҳарли газлар миқдорининг ошиши бўйича аксилрекорд қайд этилди. Буларнинг бари инсониятнинг табиатга салбий таъсири кучайиб бораётганидан далолат беради.
БМТ бош котиби Антониу Гутерришга кўра эса, инсониятнинг қарийб тенг ярми иқлим ўзгаришлари оқибатидаги таҳдидлар билан тўқнашмоқда.
Айрим халқаро экспертларнинг тахминича, 2050 йилга бориб иқлим ўзгаришларининг глобал иқтисодиётга салбий таъсири ЯИМнинг 4 фоизидан 18 фоизигачани ташкил этиши мумкин.
Буларнинг бари лоқайдликдан изчил ва фаол ҳаракатга ўтиш вақти аллақачон келганини яна бир карра тасдиқлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter