Почта тизимида электрон тижоратни ривожлантириш бўйича японияликлар билан фикр алмашилди
Бугун, 21 январ куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Япония ички ишлар ва коммуникация вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик ва почта сиёсати хизматлари Департаменти директори Шухеи Шоджи бошчилигидаги делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда АКТ вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Б.Олматов меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистон-Япония алоқалари стратегик ҳамкорлик шартномаси асосида ривожланиб бораётганини эътироф этди.
Ахборот технологиялари соҳасидаги бир қатор йирик компаниялар билан узоқ йиллардан буён ўзаро самарали алоқалар ўрнатилгани, энг муҳими икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч асосида тараққий этиб бораётганини таъкидлади.
Шунингдек делегация аъзоларига мамлакатимизда соҳада амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар, тизим олдида турган вазифалар, шунингдек, «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамиятининг истиқболдаги режалари хусусида батафсил маълумот берилди.
Япония делегацияси раҳбари Шухеи Шоджи Ўзбекистон иқтисодиётида ўсиш юқорилиги, бу ҳозир дунёда кечаётган жараёнларга нисбатан жуда яхши кўрсаткич эканлиги, икки давлат ўртасида почта йўналишида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар катта эканлиги, Ўзбекистонлик почта мутахассислари билан ўзаро тажриба алмашиш, тизимга жорий этилаётган янги лойиҳалар билан ўртоқлашиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтди.
Суҳбат чоғида япониялик мутахассислар почта бўлими фаолияти билан танишиш, почта тизимида электрон тижоратни ривожлантириш борасида ҳам ўзаро фикр алмашди.
Икки томонлама учрашувда маҳаллий ва халқаро даражада бизнес инфратузилмани шакллантиришда почта хизматининг ўрни билан боғлиқ масалалаларда ўзаро фикр алмашилди.
Бундан ташқари, учрашувда ҳамкорлик алоқаларини Бутунжахон почта иттифоқи ташкилоти доирасида ҳам ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter