«Open Data Challenge-2018» танловида қатнашинг ва ғолиб бўлинг!
Тошкент шаҳрида 2018 йилнинг 30 ноябрь — 2 декабрь кунлари «Open Data Challenge-2018» (Ҳакатон) — очиқ маълумотлар асосида иловалар ишлаб чиқиш бўйича анъанавий танлов бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш марказининг ахборот хизмати хабар берди.
Ҳакатон дастурчи жамоалар ҳукумат очиқ маълумотларидан фойдаланиб дастурий маҳсулотларни тезкор суръатда ишлаб чиқиши бўйича ўтказиладиган танловдир.
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан ўтказиладиган бу танлов «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари кординатори, Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакиллиги, Жаҳон банкининг Тошкентдаги вакиллиги ташкилотчи сифатида қатнашмоқда. «UZINFOCOM» МЧЖ ягона интегратори, infoCOM.UZ ахборот-таҳлилий журнали эса ҳамкор ташкилотлар сифатида танловни қўллаб-қувватлайди.
«Open Data Challenge» танловининг бошқа танловлардан фарқи шундаки, иштирокчи ва иштирокчилар гуруҳлари аниқ белгилаб берилган муддат ичида ҳаракатланишлари лозим: бу муддат ичида абстракт ғоялар янги веб ёки мобил хизматларнинг тажриба намуналарига ёхуд алфа-кўринишига келтирилади.
Тўрт кунлик фаолият давомида «Open Data Challenge-2018» иштирокчилари молия, транспорт, таълим, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, экология каби жамият ҳаётининг барча йўналишлари учун фойдали бўлган янги лойиҳаларни тақдим этадилар. Мобил ва веб-иловалар ишлаб чиқилади. Лойиҳаларни ишлаб чиқишдан ташқари, Ҳакатон доирасида дастурчилар учун очиқ маълумотлар билан ишлашга оид тренинглар бўлиб ўтади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter