Ишлаб чиқарувчиларга ёрдам: Давлат рақамли маркировканинг жорий этилишини қандай қилиб амалга оширади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги 149-сон қарорига асосан, 2022-2025 йиллар мобайнида дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш босқичма-босқич жорий этилади.
Фармацевтика бозорини рақамлаштирилиши бошланиши 1 сентябрга белгиланган. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, рақамли маркировкалаш тизими оператори «CRPT Turon» МЧЖ, фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, техник жиҳатдан тартибга солиш ва интеграторлар агентлиги (маркировкалаш ускуналарини ўрнатувчилар) мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ тегишли жойларда бўлиб, дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқаришда маркировкалаш тизимини жорий этиш учун зарур шарт-шароитларни яратишда юзага келаётган молиявий-иқтисодий муаммоларни ўрганиб чиқди.
9 июн куни ишчи гуруҳ ўз ишини Тошкент вилоятидан бошлади. Саёҳатлар давомида 2 та маҳаллий корхона – «Remedy» MChJ ва «Remedy Group» MChJ’нинг ишлаб чиқариш майдонлари кўздан кечирилди. Ишчи гуруҳ таркибига «CRPT Turon» МЧЖ маркировкалаш тизими операторининг 2 нафар мутахассиси – Операцион директори Олег Кузмин ва Фармацевтика гуруҳи менежери Диёр Расулев кирди.
«Ишчи гуруҳ таркибига Фармацевтика агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, тизим оператори «CRPT Turon» МЧЖ, Саноат палатаси, «Ўзстандарт» агентлиги, шунингдек, 3 та интегратор компания вакиллари киритилди (улар маркировкалаш учун техник ва оператив ечим таклиф этади) – улардан иккиси рус ва бири ҳинд интеграторидир. Биз маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқарувчиларнинг 1 сентябрдан мажбурий маркировкалашни бошлашга тайёрлигини текширмоқдамиз. Саёҳатлар доирасида заводларга ташриф буюрамиз. Бизнинг асосий вазифамиз – улар йирик ёки ўрта бўлсин, иложи борича кўпроқ ишлаб чиқарувчиларга ташриф буюришдир», — деди Олег Кузмин.
Жадвалга кўра, гуруҳ иши 9 июн куни бошланган ва 2 ҳафта давом этган. Жами 13 та сайёр йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган. Биринчи ҳафтада гуруҳ «Remedy» MChJ, «Remedy Group» MChJ, «NAVBAHOR Sanoat» MChJ, «Dentafill Plyus» MCHJ заводларида, шунингдек, Наманган вилоятидаги корхоналарда бўлиб, у ерда мутахассислар 2 та йирик заводга ташриф буюришди – бу «Merrymed Farm» MChJ QK ва «SPRING PHARMAEUTIC» MChJ QK.
«Биз Ўзбекистон Республикаси фармацевтика саноати корхоналари билан танишдик. Ушбу корхоналарда қарор қабул қилувчилардан маркировкалашни жорий этишда дуч келган асосий муаммоларини эшитишга муваффақ бўлдик. Буларнинг барчаси жуда диққат билан амалга оширилди. Демак, бу фойдали тажриба. Биз ҳозирда «Remedy» MChJ, «Remedy Group» MChJ, «TEMUR MED FARM» билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Биз улар билан ишчи гуруҳ билан бўлган сафарларимиздан сўнг қўшимча равишда яна учрашдик. Маркировкалаш бўйича қандай таклифлар беришимиз мумкинлигини тасвирлаб бердик», — натижалар билан ўртоқлашди «INSOFTRETAIL» МЧЖ директори Дмитрий Пантелеев (Россиялик интегратор).
Таъкидлаш жоизки, интеграторлар Pharm Agentligi томонидан махсус таклиф қилинган. Бу ишлаб чиқарувчиларга турли таклифларни тинглаш ва ўзлари учун энг яхши вариантни танлаш имконини берди. Тизим операторининг сўзларига кўра, деярли барча ишлаб чиқарувчилар интеграторлар билан шартномалар тузишган ва ускуналар етказиб берилишини кутишмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, логистика йўли 2 ойдан 4 ойгача давом этади. Шунинг учун, баъзи ишлаб чиқарувчилар маркировкани стикеровка йўли билан бошлашни режалаштирмоқда.
«Ташрифлардан мақсад - ишлаб чиқарувчиларнинг тайёргарлигини ўрганиш, юзага келган қийинчиликларни ўрганиш ва уларни жойида ҳал этишдан иборат. Бугунги кунга қадар 75 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар «Асл Белгиси» тизимида рўйхатдан ўтган. Улар миллий каталог тизимига дори воситаларини фаол киритишни бошладилар. Сўнгги маълумотларга кўра, Каталогда аллақачон 1950дан ортиқ дори турлари ҳақида маълумот мавжуд. Учрашувлар жуда яхши ўтмоқда. Ҳар бир учрашув охирида умумий фикрга келинмоқда, ечим топилмоқда ва интеграторлар бир нечта вариантларни таклиф қилишмоқда — бу муаммоларни жойида ҳал қилиш имконини беради. Интегратор бир нечта ечимларни таклиф қилиши мумкин — лекин танлов ишлаб чиқарувчига боғлиқ. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ҳозирда ечимини топиб бўлмайдиган ишлаб чиқариш линиялари йўқ!» — дейди «Dori vositalari» MG менежери Диёр Расулев.
«Ишчи гуруҳ учрашувларининг географияси кенг. Самарқанд шаҳридаги «Samarkand England Eco-Medical» MChJ QK, Сирдарё вилоятидаги «TEMUR MED FARM» MCHJ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги бир қанча йирик саноат корхоналарида бўлиш имконияти пайдо бўлди. Бу жуда муҳим учрашувлар – давлат рақамли маркировкалашни жорий этиш ишлаб чиқарувчилар учун оғриқсиз бўлиши, уларнинг ишига таъсир қилмаслиги, аҳолини дори воситалари билан таъминлашга таъсир этмаслиги учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Бозор тўйинган ва тоза бўлиши керак. Бунда рақамли маркировкалаш ёрдам беради ва қўшни давлатларнинг муваффақиятли тажрибаси буни тасдиқлайди», — деди ишчи гуруҳ аъзоси бўлган Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги мутахассиси Агзам Нартаев.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг таъкидлашича, аввал маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан муҳокама қилинган муаммолар жойида ҳал этилиб, барчаси қайд этилиб, таклифлар ҳам баённомага киритилади. Гуруҳ таркибига кирадиган интеграторлар ҳам ёрдам ва маслаҳат беради, улар ишлаб чиқариш линиялари билан танишадилар, уларни текширадилар ҳамда ўз эксперт хулосаларини берадилар, бу ишлаб чиқарувчининг норозилиги нима эканлигини ва унга қандай ечимлар таклиф қилиниши мумкинлигини аниқ тушунишга ёрдам беради.
«Шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, ишлаб чиқарувчи унинг фаолияти учун ҳеч қандай ечим йўқлигини айтган. Аммо ишчи гуруҳга таркибида бўлган интеграторлар туфайли ишлаб чиқариш линияларини текшириш ва бошқа вариантларни жойида таклиф қилиш мумкин. Бугунги кунга қадар барча интеграторлар барча ишлаб чиқарувчилар учун ўз ечимларини аниқ таклиф қилишди. «Nika Pharm», «Nobel Pharm Sanoat», «Serena Healthcare», «NAVBAHOR SANOAT» ва бошқа яна бир қатор ишлаб чиқарувчилар маркировка тизимини бошлашга тайёрлигини тасдиқлашди. Бу ички бозорни керакли дорилар билан билан таъминлашда катта улушга эга бўлган фармацевтика компанияларидир. Шу сабабли айримларнинг «маркировка жорий этилиши – бозорда дори воситалари дефицитини келтириб чиқаради» деган фикрлари мутлақо хато!»— дея қўшимча қилди Диёр Расулев.
Тизимга старт беришга тайёрлиги тўғрисида Serene Healthcare фармацевтик компанияси асосчиси ва йирик инвестор Сатиш Виджайварги сўзлаб берди:
«Ўзбекистон 1 сентябрдан мажбурий маркировкалашни албатта бошлаши керак, деб ҳисоблайман – ҳеч қандай кечикиш бўлмаслиги керак! Бу муҳим! Чунки тизим ишласа, ҳар бир ишлаб чиқариш ва ҳар бир дистрибютор ўз ишлаб чиқариши, импорти, сотилиши, захиралари ва талабининг реал рақамларини кўриш имкониятига эга бўлади. Ва бу шунчаки тизим масаласи эмас — бу одамлар саломатлиги масаласидир! Сохта ва ноқонуний олиб кирилган дори воситалари, биринчи навбатда, фуқаролар учун хавф туғдиради. Қалбаки дори воситалари туфайли ҳалок бўлаётганлар бор ёки йўқлигини билмаймиз. Шунинг учун, маркировкалашни ишга туширишни узайтириш ёки кечиктириш истаги бўлмаслиги керак.»
«Худди Serene Healthcare тизимни 22 кун ичида ишга туширганидек, бошқа фармацевтика компаниялари, агар хоҳласалар, тезда ўзларининг ишлаб чиқариш линияларига маркировкани ўрнатишлари мумкин! Ускуналар ва тизимлар бизнинг линияларимизда аллақачон ишламоқда. Баъзи компаниялар таъкидлаганидек, бу ерда ҳеч қандай мураккаб нарса йўқ!» — дея изоҳ берди ҳиндистонлик йирик инвестор Виджайварги.
Инновацион тизимларни жорий этиш кўпинча ишлаб чиқарувчиларнинг саволлари билан бирга келади, ва улар учун ҳар бир янгилик хавф туғдиради. Шунинг учун ҳукумат тизимни биринчи навбатда дори-дармонлар ассортименти миқдорига таъсир қилмаслиги учун жорий этишга ҳаракат қилмоқда. Ишчи гуруҳ ишлаб чиқарувчилар томон йўл олганда, уларга сигнал берилади – давлат доимо ёрдам беришга тайёр, мулоқотга очиқ, тадбиркорларни қўллаб-қувватлайди. Ишлаб чиқарувчилар билан учрашувлар ва яқин мулоқотлар рақамлаштиришнинг афзалликлари билан уларни яқиндан таништириш, юзага келган қийинчиликларни ҳал қилишда ёрдам бериш ва ишлаб чиқарувчиларни 1 сентябрга тайёрлаш имконини беради. 149-сонли ВМҚга кўра, иккиламчи қадоқдаги дори воситалари маркировкаланиши керак. Ва яқин келажакда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишда самарали восита – Asl Belgisi мобил иловаси орқали дориларни текшириш имконияти ҳар бир фуқарода пайдо бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter