Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Форсайт нима ўзи?

Форсайт нима ўзи?

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги, «UNICON.UZ» давлат унитар корхонаси ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази ҳамкорлигида мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларининг илмий асослари ва муаммоларига бағишланган форсайт ўтказилди. Хўш, форсайт дегани нима ўзи?

Форсайт бу инглизчадан таржима қилинганда келажакка назар, деган маънони англатиб, бирон бир воқеа, жараён, ҳодисани бир неча йил олдинга назар ташлаган ҳолда келажакдаги ҳолатини кўздан кечириш дегани экан. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров гапириб, бугунги форсайт ҳам айнан АКТ соҳасидаги ҳозирги ҳолат, муаммоларни аниқлаган ҳолда, унинг яқин ва узоқ истиқболига назар солиб, соҳа ривожига ҳисса қўшадиган ечимларни, йўналишларни аниқлашдан иборатлигини маълум қилди. 

Фото: «Xabar.uz»

— Маълумки, айни пайтда Инновацион ривожланиш вазирлиги Инновацион ривожланиш стратегиясини жорий қилиш устида иш олиб бормоқда, — деди А.Назаров. — Стратегияда, хусусан, Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфланадиган давлат харажатларини кўпайтириш ва 2021 йилга бориб бу кўрсаткични ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 0,8 фоизига етказиш масаласи қўйилган. Вазирлик томонидан тузилган ишчи гуруҳ тахминан 25 та илмий-тадқиқот институтлари ва марказларининг фаолиятини ўрганиши кўзда тутилган.

Фото: «Xabar.uz»

Форсайтда Илмий-техник ва маркетинг тадқиқотлари маркази — «UNICON.UZ» давлат унитар корхонаси директори Махсум Маҳмудов ҳамда ТАТУ ҳузуридаги ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази директори Рустам Ҳамдамовлар марказлар фаолияти ҳақида тақдимотлар ўтказишди.

Шундан сўнг иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда мамлакатимизда АКТнинг илмий асослари ва муаммоларига бағишланган мавзуларида қизғин муҳокамаларни бошлаб юборишди. Якунда иккала марказнинг фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Бу мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этиш ва аниқ режалар ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг