Президент қарорига кўра очилган университет филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги «Тошкент шаҳрида «Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4352-сонли қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг филиали фаолият кўрсатишни бошлади.
Кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, университет билан келишилган олган ҳолда, Филиал бакалавр ва магистратура йўналишлари бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини амалга оширади.
Жорий йил 27 май куни Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали янги биносининг тантанали очилиш маросимини ўтказилди. Тадбирда Россия Федерацияси Президенти Администрациясининг вакиллари, Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги раҳбарияти ва олий таълим муассасаларининг ректорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти раҳбар-ходимлари, ташкилот тизимидаги корхоналар раҳбарлари, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этди.
Филиалда бакалавриат таълим дастури бўйича ўқиш қуйидаги таълим йўналишлари бўйича олиб борилиди:
1. Кимё технологияси;
2. Техносфер хавфсизлик;
3. Материалшунослик ва метериаллар технологияси;
4. Материалларни бадиий қайта ишлаш технологияси.
Ушбу таълим йўналишлари «Ўзкимесаноат» акциядорлик жамияти ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқ корхоналарининг кимё-технологик йўналишдаги кадрларга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган.
Бир асрдан кўп тарихга эга Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети кимё саноати ва илм-фанни бевосита ривожлантиришга ҳисса қўшган 100 мингдан ортиқ муҳандисларни етиштирган.
Университет Россиядаги кимёвий ва технологик университетлар орасида энг юқори рейтингга эга ва МДҲдаги энг яхши олий ўқув юртлари рўйхатига киритилган олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Ўзбекистонда университет тарихи чуқур илдизга эга бўлиб, Иккинчи Жаҳон уруши даврида 1941-йил 16-октабрдан 17-ноябргача Қўқон шаҳрига эвакуация қилинган ва 1943-йил мартигача тўлиқ фаолият юритган.
Филиалнинг янги замонавий биноси зарур мебель, замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, кутубхона фонди, компьютер ва бошқа ўқув жиҳозлари билан таъминланган, шунингдек, катта маърузалар зали, 2-қаватли лаборатория биноси, ёпиқ спорт зал, 3 та очиқ спорт майдонлари (мини футбол, баскетбол), 200 ўринлик ошхона, 4-қаватлик 225 ўринлик ётоқхона ҳамда ўз анфитеатриги эга. Бу ерда талабалар ўқиши ва яшаши учун барча шароитлар яратилган.
Асосийси университет талабаларнинг касбий тайёргарлиги нафақат «Ўзкимесаноат» АЖ тизимидаги йирик корхоналар, балки фармацевтика, нефть-газ ва энергетика саноати корхоналарида ҳам олиб борилади. Бу эса талабаларига ўқув жараёнида олган назарий билимларини олий таълим муассасасини битирмасданоқ амалиётда қўллаш имконини беради ва уларни малакали кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилади.
«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter