Ўқувчилар ўртасида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги республика олимпиадаси ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан физика ва математика фанларидан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги республика олимпиадаси ўтказилмоқда, деб хабар берди «tuit.uz».
Олимпиадада ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, яъни, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчи ёки битирган ўқувчилари, шунингдек, ўн бир йиллик умумий ўрта мактабнинг 11-синф битирувчилари иштирок этишлари мумкин.
Оимпиадада иштирок этиш истагини билдирган ёшлар олимпиаданинг расмий www.matfiz.uz сайтида рўйхатдан ўтиб, олимпиада шартлари ва ўтказиш босқичлари билан танишлари мумкин.
Олимпиада уч босқичда ўтказилади.
Биринчи (саралаш) босқич – 2018 йил 20 январ куни онлайн тарзда, тест кўринишида. Тест саволларининг 80 фоизига тўғри жавоб берган иштирокчилар рўйхати олимпиада расмий сайтида эълон қилинади ва кейинги босқичга ўтади.
Иккинчи (минтақавий) босқич – 2018 йил 10 феврал куни Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудлардаги Қарши, Самарқанд, Фарғона, Нукус, Урганч филиалларида ўтказилади. Мазкур босқич иштирокчилари орасидан математика ва физика фанларидан амалий масалаларга қўйиладиган максимал баллнинг камида 80 фоизини тўплаган ўқувчилар рўйхати олимпиада расмий сайтида эълон қилинади ва финал босқичга ўтади.
Финал босқичи – 2018 йил 22–25 феврал кунлари Тошкент ахборот технологиялари университетида ўтказилади. Ушбу босқичда иштирокчилар физика ва математика фанларидан 10тадан амалий масалаларни ёзма топширадилар.
Олимпиаданинг финал босқичида энг юқори балл тўплаган 21та иштирокчи совриндорга айланади. Барча совриндорларга қимматбаҳо совринлар ва дипломлар берилади. Шунингдек, улар Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетининг инглиз тилидан бепул ўқиш ҳуқуқини берувчи йўлланмасини қўлга киритадилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter