Биринчи марта япон олими Абел мукофотига лойиқ топилди

Япон математиги Масаки Кашивара 2025 йилги Абел мукофоти лауреати бўлди. У «алгебраик таҳлилга қўшган фундаментал ҳиссаси ҳамда D-модуллар назариясини ишлаб чиққанлиги ва кристалл асосларни кашф этганлиги учун» мукофотга лойиқ топилди, дейилади мукофотлаш қўмитаси сайтида.
Кашивара 1969 йилда Токио университетида таҳсил олаётган пайтида, алгебраик таҳлил кашшофи Микио Сато қўл остида ёзган магистрлик диссертациясида D-модуллар назариясини асослаб берган.
78 ёшли Масаки Кашивара — сермаҳсул математик, 70 га яқин муаллифлар билан ҳамкорликда илмий мақолалар чиқарган. Бир нечта китоб ва маълумотномалар ёзган, фанга оид қатор мукофотларга сазовор бўлган.
Маълумот учун: Абел мукофоти 2003 йилдан буён ҳар йили анъанавий тарзда Норвегия фанлар академияси томонидан математика соҳасидаги хизматлар учун тақдим этиб келинади. Ўз соҳасининг энг нуфузли мукофотларидан саналади. Абел мукофотини «математика соҳасининг Нобел мукофоти» ҳам дейишади. Турли йилларда АҚШ, Франция, Швеция, Буюк Британия, Исроил ва Венгрия олимлари мукофот лауреатлари бўлишган. Масаки Кашивара — Абел мукофотини олган илк япониялик.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter