Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Абдуқодир Тошқулов «Ҳукумат соати»да нималар деди?

Абдуқодир Тошқулов «Ҳукумат соати»да нималар деди?

2021 йил 2 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги «Ҳукумат соати» бўлиб ўтди. Унда халқ вакиллари «Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни турар жойлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масалани муҳокама қилдилар. Депутатларнинг ушбу масала юзасидан саволларига Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов жавоб берди.

Депутатлар бугунги кунда олий таълим муассасалари тасарруфидаги талабалар турар жойларининг ҳолати, талабаларни турар жойлар билан таъминлаш қамровини оширишга тўсиқ бўлаётган омиллар ҳақида қизиқдилар.

Вазир ўз жавобида ҳақиқатан ҳам бугунги кунда республика олий таълим муассасалари олдида энг долзарб муаммолардан бири бу — талабалар учун ётоқхоналар масаласи эканини қайд этди. Сабаби, республикада ёшларнинг олий таълим билан қамрови ошиб бориши билан бир қаторда, ётоқхоналарга бўлган эҳтиёж ҳам ортмоқда.

Мисол учун, 2017/2018 ўқув йилида олийгоҳларга кундузги таълим шаклида қабул параметрлари 66,5 мингни ташкил этган бўлса, 2020/2021 ўқув йилида ушбу кўрсаткич қарийб икки баробарга ошиб, 111,7 мингга етди. Юртимизда мавжуд 228 та ётоқхонада 58 минг нафар талаба истиқомат қилади.

Рақамлардан кўриниб турибдики, олий таълим муассасалари тасарруфида бўлган ётоқхоналар бугунги кунда мавжуд эҳтиёжнинг маълум бир қисмини қамраб олган, холос.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда олий таълим муассасаларида ётоқхоналарга қўшимча эҳтиёжи бор талабалар сони 149,4 минг нафарни ташкил этмоқда. Ушбу эҳтиёжни қоплаш учун 400 ўринли 373 та ётоқхона қуриш талаб этилади.

Вазир жавобида талабаларнинг ўз хоҳишларига мувофиқ, доимий яшаш жойларига ўқишини кўчириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди. Айниқса, хотин-қизларга ўқув йили давомида ҳам белгиланган тартибда ўқишларини маълум сабабларга кўра кўчиришга рухсат берилган.

Шу билан бир қаторда, пандемия вақтида орттирилган тажрибалардан келиб чиқиб, ёш болали, ҳомиладор хотин-қизларга ва ижтимоий аҳволи оғир талабаларга дарсларга онлайн қатнашиш имкониятлари олий таълим муассасалари томонидан яратилган.

Халқ вакиллари Давлат бюджети ҳисобидан талабалар турар жойларини таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қайта қуриш мақсадида ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, қолаверса, давлат хусусий шерикчилик тамойили асосида ҳудудларда олий таълим муассасалари талабалари учун турар жойларни қуриш, ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида саволлар беришди.

Таъкидлаб ўтилганидек, Қорақалпоқ давлат университети, Қарши давлат университети, Андижон давлат университетларида ва Чирчиқ давлат педагогика институтларида бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан талабалар учун ётоқхоналар қурилиши бошланмоқда.

Президентимиз томонидан ҳудудларга бўлган ташрифлари чоғида ҳам талабаларга қулай шароитлар яратиш, шунингдек, ётоқхоналар қуриш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Давлат раҳбари ташаббусларига мувофиқ, талабаларга ётоқхоналар қуриш мақсадида олий таълим муассасаларига Давлат бюджетидан субсидия ажратиш масаласида мутасаддиларга тегишли кўрсатма берилди.

Бугунги кунда ушбу субсидияларни ажратиш, талабалар ётоқхоналарини қуриш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда. Мазкур қарор лойиҳасида 2022 — 2025 йилларга мўлжалланган талабалар ётоқхоналарини қуриш дастури тасдиқланиши кутиляпти.

Вазир жавобида, шунингдек, олий таълим муассасаларида қўшимча ётоқхоналарга бўлган эҳтиёжни қоплаш юзасидан бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилгани қайд этилди.

Чунончи, олийгоҳга яқин ҳудудда жойлашган профессионал таълим муассасаларига қарашли бўлган ва қувватидан тўлиқ фойдаланилмаётган ётоқхоналарни олийгоҳлар ихтиёрига ўтказиш орқали қўшимча турар жойларини яратиш, ётоқхоналарни тадбиркорлик субъектлари таклифларидан келиб чиқиб, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида барпо этиш ҳисобига ётоқ ўрнини ташкил этиш, ҳар бир талаба билан алоҳида ишлаш тизими орқали олийгоҳдаги янги тузилмалардан фойдаланиб, ректорлар томонидан ётоқ жойини ижарага берувчи хонадонлар (санитария ва ёнғин хавфсизлиги нормаларига риоя этган) билан якка тартибдаги ишларни олиб бориш шулар жумласидан. Қолаверса, ижарада турувчи талабаларнинг шароитларини ўрганиш вақтида уларни яшил, сариқ ва қизил тоифаларга бўлиш йўли билан амалий ёрдам бериш тизимини йўлга қўйиш айни муддао.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда уй-жой қидиришга ихтисослашган амалда мавжуд электрон платформалар таркибида «Талабаларга ётоқ жойлари» номли алоҳида рукнни киритиш орқали улар учун ётоқхона ва хусусий хонадонлардан турар жой қидиришнинг мақбуллаштирилган тизимини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилаётган ишлардан бири сифатида тилга олинди.

Яна бир муҳим масала — давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхоналар қуриш масаласини олий ва ўрта махсус таълим вазири талаб даражасида эмаслигини таъкидлади. Вазирнинг қайд этишича, ётоқхоналар ижтимоий объект бўлганлиги сабабли тадбиркорларни мазкур жараёнга жалб этиш бир мунча қийинчилик туғдирмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 та 400 ўринли ётоқхонани сақлаш харажатлари бир йилда ўртача 600,0 млн.сўмни ташкил этса, талабалар томонидан ётоқхона учун тўланадиган тўловлар йилига ўртача 290,0 млн.сўмни ташкил этмоқда. Тўловлар харажатларини қопламаслиги хусусий секторни жалб қилиш имконини бермаяпти. Таҳлиллар ижтимоий объектларни қуриш ишларига ҳисса қўшаётган тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзларни бериш лозимлигини кўрсатмоқда.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой кечган «Ҳукумат соати»да ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни янада ривожлантириш юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Муҳокамалар якунида мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг