Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Замбарак оғзига қўйиб отилган девонбеги

Замбарак оғзига қўйиб отилган девонбеги

– Сиз подшоҳсиз, мен эса бир қулингизман. Мақсадингиз мени ўлдириш бўлса, ўлдиринг. Қулни ўлдириш учун ҳам туҳматомуз сўзлар айтиб, баҳона излаб ўтирасизми? – деди Бекниёз девонбеги Хива хони Абдуллахонга таъзим бажо айлаб...

Ёқуб меҳтарнинг ғийбати боис девонбегини ғоят ёмон кўриб қолган хон қатъий ҳукм қилди. Унга кўра, Бекниёз девонбегининг тишлари уриб синдирилди, сўнг Англиядан келтирилган аслаҳа – тўп оғзига солиб отилди.

1855 йилда ижро этилган юқоридаги даҳшатли ҳукмга сабаб, яқиндагина Хива ҳукмдори қилиб Ёқуб меҳтар томонидан кўтарилган Абдуллахон Бекниёз девонбегининг халқ орасидаги обрўсидан қўрқиб, у мени нолойиқ кўряпти, деб ўйлаганида эди. Зеро, девонбеги Серахсда ўлдирилган хон Мадаминхонга ғоят садоқатли бўлиб, улар Абдуллани эмас, бошқа адолатпарвар шаҳзода Саййид Маҳмуд тўрани хон қилиб кўтармоқчи эдилар. Негаки юртга Мадаминхоннинг амалга ошмаган ниятларини рўёбга чиқарадиган ислоҳотчи хон керак эди.

Мадаминхоннинг эса кўпдан кўп ниятлари ўзи бино қилдираётган минора сингари чала қолди.

1846 – 1855 йилларда Хива хони сифатида ҳукм сурган Мадаминхон тарихда Хоразмнинг довруғини таратган хонлардан саналади. Унинг даврида бўйсунмас ёвмутлар ҳам тўла итоат эттирилди. Хонликда солиқлар камайтирилди. Деҳқончилик ривож топди.

Айниқса, 1850 йилдан қурила бошлаган 130 ҳужрадан иборат мадраса 3 йил ичида тўлиқ битказилди. Хивадаги энг катта мадрасалардан бўлган Мадаминхон мадрасасига ажратилган вақф ердан йилига 12000 ботмон (1 ботмон – 20 кг) ва 5000 тилло даромад олинар ва бу маблағ мадраса мударриси ҳамда талабаларга тақсимлаб бериларди.

Шунингдек, Ангариқ қишлоғида боғ ҳамда хоннинг ҳовлиси ҳам қуриб бошланганди.

Мадаминхон номини тарихда қолдирган ва гарчи қурилиши тугалланмаган бўлса-да, ғоят маҳобатли Калта минорни Хивадаги энг машҳур ёдгорлик, деса бўлади.

 1853 йилдан барпо этила бошланган минорага кошинлар сержило безаклар берган бўлиб, ўша давр шоир ва тарихчилари ҳали битмаган минорани «Фалак айвонига қўйилган устун», дея таърифлаган эдилар.

Айтганларича бор эди. Зотан, битмаган минора бўлса-да, у Ичан қалъага кўрк бағишлаб турибди. Афсоналарга қараганда, Мадаминхон минора тепасидан Бухоро кўриниб турсин, деб қурувчиларга кўрсатма берган. Негаки хон Бухоро амирининг қизини ўғлига олиб бермоқчи, келиннинг ташрифини минорага чиқиб томоша қилмоқчи экан.

Ўша даврда тез-тез урушлар бўлиб тургани боис келажакда энг буюк мўъжизавий минора бўлади, деб ҳисобланаётган бунёдкорлик иши тўхтаб қолади. 1855 йили Мадаминхон Марв яқинидаги Серахс қалъасини қамал қилади. Ушбу қамалдан олдин Йўлбарстепадаги жангда омад хиваликларга кулиб боққан эди. Мазкур жангда Мадаминхон буйруғига кўра, тўпчибоши Ҳошимхон иккита сариқ уруғилик жангчини тўп билан уриб, тилка-пора қилган ва саксон тилла мукофот олганди.

Аммо Серахс қамалида Мадаминхонга ўқ тегиб, отдан йиқилади. Қурбонкал исмли душман жангчиси унга қилич урмоқчи бўлади. Шунда қози Раҳмонберди, Мусо тўралар ҳам хонни қутқаролмай, ўзлари шаҳид кетадилар. Серахс жангчиси Ўроз Мадаминхоннинг ва яна олти нафар Хива аслзодасининг бошини танасидан жудо қилиб, Эронга олиб кетади. Гарчи Ўрозхон, «Эрон шоҳи бу ишим учун мени тақдирлайди», деб ўйласа-да, хато қилган эди. Негаки, ўша давр таомилига кўра, душман бўлса ҳам жангда давлат раҳбарининг бошини танасидан жудо қилиш гуноҳ ҳисобланарди.

Шу боис Эрон шоҳи Насриддин Ўрозхонни бу қилмиши учун жазолаб, Мадаминхоннинг бошини ислом динига кўра ювиб, кафанга ўраб, дафн эттиради. Мадаминхон дафн этилган жойга махсус жавоҳиру тошлардан гумбазли мақбара бунёд қилдиради.

Шундан кейин хонликда:

Мадрасаси битиб, минораси битмаган,

Мадаминхон муродига етмаган,

деган нақл пайдо бўлади. Мазкур воқеадан сўнг барпо этилаётган минора ҳам чала қолди. Бу вақтда Хивада хоннинг энг содиқ девонбеги Бекниёз Бухоро амирининг қизини шаҳзода Абдулла тўрага унаштириб, тўй тараддудида юрган эди. Отасининг ўлимидан сўнг Абдулла амирнинг қизига уйланишга журъат қилмади. Қиз ҳам унаштирилгани боис, ҳеч кимга турмушга чиқмай қариб вафот этади.

Бекниёз девонбеги янги хон Абдулла (Мадаминхонинг ўғли эмас, бошқа – У.Б.) томонидан тўп оғзига солиб отиб юборилгач, Мадаминхоннинг ниятлари амалга ошмади. Сўнгги хонлардан ҳеч бири минорани тугаллашга журъат қилолмади. Чунки, сўнгги хонлар ирим қилиб, Мадаминхон Эрон билан бўлган жангда ўлдирилиб, боши у ёқда, танаси бу ёқда дафн этилганидан, минорани давом эттирсам, мениям қисматим шундай тугаши мумкин, дея чўчишган.

Қолаверса, ундан сўнг кўплаб хонлар тез-тез алмашиб, сарой ўйинлари, фисқу фасодлар уларни бу ишдан узоқроқ юришга мажбур қилган. Аммо чала қолган Калта минорнинг ўзиёқ Хивага кўрк бўлиши билан бирга Мадаминхоннинг номини тарих зарварқларига абадий муҳрлади.

Умид Бекмуҳаммад,

тадқиқотчи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг