Тошкент халқаро марафони ўтказилади. Мусобақанинг юртимиз учун аҳамияти қай даражада?
Жорий йилнинг 22 март санасида «Наврўз» умумхалқ байрамига бағишланган II Тошкент халқаро марафони ўтказилади. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида ушбу тадбир ҳақида брифинг ташкил этилди. Xabar.uz мухбири ушбу тадбирда иштирок этди.
«Ўзбекистонда спорт ривожи учун кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Йил давомида ўтадиган тадбирлар эса аниқ. Хусусан, Тошкентдаги халқаро марафондан ташқари яна «Save Aral» халқаро экомарафони, авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини ўтказилади. Бу тадбирларнинг асосий ташаббускори Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бўлиб турибди.
II Тошкент халқаро марафонига келсак, мусобақа тўртта масофада ташкил этилади. Булар — узунлиги 42 километр 195 метр бўлган марафон, узунлиги 21 километр 97,5 метр бўлган ярим марафон ва 3 км ҳамда 1,5 км бўлган масофаларга югуриш мусобақалари. Югуришнинг старт-финиш чизиғи Афросиёб ва Бешёғоч кўчаларининг кесишувида, «Хумо Арена» муз саройи ёнида жойлашган.
Марафон иштирокчилари 18 ёшдан кичик бўлмаслиги лозим.
Марафоннинг умумий мукофот жамғармаси 350 миллион сўмдан иборат. Бунда 42 км. масофада биринчи ўрин соҳибига 30 миллион сўм мукофот кўзда тутилган. Ярим марафон ғолиби 12 миллион сўм билан тақдирланади ва 3 километр ҳамда 1,5 километрга ўтказиладиган масофаларда ғолибликни қўлга киритадиган спортчиларга ҳам маълум пул мукофотлари назарда тутилган, — деди Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Элбек Шукуров.
Шунингдек журналистлар томонидан Хитойда тарқалган коронавирус эпидемияси мусобақани ўтказиш учун қай даражада таъсир ўтказиши ҳақида савол берилди.
«Бутун дунёга таҳдид солаётган коронавирус муаммоси бор. Аммо катта спорт тўхтаб қолгани йўқ, халқаро мусобақалар давом этмоқда. Тадбирни ўтказиш учун ҳукумат томонидан тегишли қарорлар қабул қилинган.
Марафон мусобақасини ўтказиш учун шунингдек Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам тегишли топшириқлар берилган. Ўзбекистонда хавфнинг олдини олиш учун энг замонавий эхтиёт чоралари қўлланилади», — дея жавоб берди Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Элбек Шукуров.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда марафон мусобақаси ўтган йили ҳам ўтказилган эди. Хабар қилинишича, бу сафар мусобақа географияси анча кенгаяди. Агарда ўтган йили 30 мамлакатдан спортчилар келган бўлса, бу йил ташриф буюрувчи давлат вакиллари икки баробарга ошиши кутилмоқда.
Мусобақада иштирок этишни истовчилар www.uzmarathon.uz сайти орқали мурожаат этишлари мумкин.
Зафар ҚОСИМОВ
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter