Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Юзбошига 36 тилло маош: тахт теварагидаги тўралар нималар қилишган?

Юзбошига 36 тилло маош: тахт теварагидаги тўралар нималар қилишган?

Тахтда ўтирган олампаноҳнинг энг ишончли одамлари атрофидаги амалдорлар эди. Давлат сиёсати ҳам, табиийки, фақат хонга эмас, тахт теварагидаги инсонларнинг қанчалик адолатпарварлигига боғлиқ бўлган. Бу амалдорлар ҳар хонликда турлича номланган. Масалан, Қўқон хонлигида мансаблар номи ҳар хил аталиб, Хива хонлиги ёки Бухоро амирлигидан фарқ қилган...

Ўзбекларнинг минг уруғидан бўлган Шоҳруҳбий XVIII асрнинг бошларида аштархонийлар салтанатининг бир парчаси ҳисобланмиш Фарғона водийсида Қўқон хонлигига асос солади. Давлат раҳбарини 1798 йил, яъни Олимхонгача бўлган даврда «бий» деганлар. У бий ёки хон деб аталган пайтларда ҳам тахт теварагида амалдорлар уч даражага ажратилган.

Мингбоши, оталиқ, бекларбеги, девонбеги, хазиначи, иноқ, эшик оғаси, парвоначи, додҳоҳ, дастурхончи, саркор, шарбатдор, офтобачи, қоровулбеги, тунқатор, қушбеги олий даражали амалдор ҳисобланарди. Ўрта даражали амалдорлар эса – китобдор, рисолачи, баковул, мирзабоши, сармунший, меҳтари закотхона, мирохур, шиғовул бўлган. Салом оғаси, мирзо, файзи, муниш, дафчи, чопқучи, жарчи, шотир, жиловдор эса саройдаги учинчи даражали амалдорлар эди.

Оталиқ хон ёки хонзоданинг мураббийси бўлиб, ёш пайтида уларга таълим-тарбия беришган. Оталиқ хондан кейин олий ҳукумат бошлиғи эди. Мингбоши минг нафар отлиқ аскарларга бош бўлиб, ҳарбий юришлар пайтида лашкарбоши ҳисобланарди. Бекларбеги хоннинг вориси ёки баъзи вилоятлар ҳокимига берилган мансаб номи эди. Девонбеги – хон девонининг сардори. У хирож ва закот ишлари, вилоятларнинг ҳисоб китоби билан шуғулланган.

Иноқ хоннинг хос одами ва сирдоши эди. Хазиначи давлат хазинасининг хўжайини ҳисобланиб, ҳар бир вилоят марказида хазинаси бўлган. Эшик оғаси хон маҳрамлари ва соқчи мулозимларининг сардори сифатида сарой эшиги олдида турганча ҳар бир кишини хондан ижозат олиб, ҳузурига киритган.

Дастурхончи саройда хон ошхонасининг хўжайини ҳисобланган. Қоровулбеги хон ўрдаси соқчиларига бошчилик қилса, тунқатор, асосан, хоннинг тун давомида хавфсизлигини сақлар, бирор жойга борганида, ҳамиша сергак ҳолда ҳукмдорнинг ёнида юрарди.

Офтобачи хоннинг таҳоратига масъул, ҳидоятчи эса тортиқ ва совғаларни қабул қилиб олар, шиғовул элчи ва чопарларни саройга бошлаб кирарди. Қушбеги, асосан, овчи итлар, лочинларни парвариш қилар, хоннинг шикорига маъсул эди. Саркорга келсак, хонга тегишли ишхоналар, бунёд этилаётган қурилишларга бошчилик қилган.

Сарой китобхонасининг мудирини китобдор, элчилар ва уларнинг хат-хабарларига жавоб берувчини рисолачи, мирзо-хаттотлар бошлиғини мирзабоши, халқ тўпланадиган жойларда фармон ва буйруқларни эълон қиладиган кишини жарчи, хон бир жойга борганида, одамларни унинг келишидан огоҳ этиб, таъзимга чорловчини шотир, хон шаънига баланд овозда мақтов сўзлару ҳамд-санолар айтувчини удайчи деб номлаганлар.

Меҳтар эса хон отхонасининг бошлиғи ҳамда закотчи вазифасини бажариб, закот учун аҳолидан энг яхши отларни олар, мирохур деганлари сарой отхонасига маъсул эди. Мироб хонликнинг бутун сув хўжалигига масъул ҳисобланса, дарғабоши ҳосилни йиғиб олишдан аввал жойларда бўлиб, хирож миқдорини аниқлар, яъни у закотчилар бошлиғи ҳисобланарди.

Булардан ташқари диний мансаб ва қозихона амалдорлари ҳам бор эди. Қози ул-қуззот мансаби ҳам бўлганки, у қозилар қозиси, яъни ҳозирги адлия вазирига тенг амалдор эди. Қози калон – бутун давлатдаги қозилар ва қозихона ишларини, қози раис қўшинларда муфтий берган фатволарнинг ижросини назорат қилиб бораврди.

Беш юз нафардан иборат аскарлар хўжайини ботирбоши аталиб, улар қурилиш ва ариқ қазиш ишларига ҳам бошчилик қилар, вилоят ва туманларда ҳоким ўринбосарларини воли деб номлашганди. Хонлик чегараларидаги қалъа ва истеҳкомлар бошлиғини қалъабон (қутвол) деганлар. Қўрбоши эса қурол-аслаҳа, тўп сақлаш, ясаш ишларига бошчилик қиларди. Шу каби ёвар, тўпчибоши, тўқсабо, понсадбоши, қоровулбеги, юзбоши каби мансаблар ҳам бўлган.

Табиийки, тахт теварагидаги амалдорларга хазинадан маош белгиланган. Миқдори вазифасига қараб турлича бўлган. Юзбошининг ойлиги 80 пуд буғдой, 240 пуд жўхори (отлар учун), кимхоб чопон, салла, тўшак, этик, пўстин, тўн, чакмон, 2 та қўй, чепрак, икки қадоқ чой, оқ чой ва бир йилда 36 тилло маош оларди.

Қўрбоши 400, қоровулбеги 200, қушбеги 1500, тўқсабо 300, қўрчи 70 танга, аскарлар эса 20 ботмон буғдой билан 50 танга йиллик маош олишган. Бундан ташқари ҳарбийларга маълум ўлчовли ер ҳам берилиб, уни танҳо деб атаганлар.

Бошқа юқори амалдорлар маоши эса анча кўп эди. Қози калон 1200 танга пул, 800 ботмон ғалла, нақиб 500 ботмон ғалла ва 1000 танга пул, судур 400 танга пул, 100 ботмон ғалла, ўроқ 50 ботмон ғалла ва 200 тангадан йиллик маош олишган. Мадраса, масжид, мозорлар ўз вақф ерларига эга бўлиб, шу ҳисобдан келадиган даромаддан ҳақ олишарди.

Умид Бекмуҳаммад,
тадқиқотчи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг