Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йўлни вақтида таъмирламаган мансабдорлар судга берилди

Йўлни вақтида таъмирламаган мансабдорлар судга берилди

Фото: «Xabar.uz»

«Ўзйўлинспекция» қарийб 1,5 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишларини йўлсозларга қайта бажартирди. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда «Ўзйўлинспекция» бошқарма бошлиғи Дилшод Охунжонов маълум қилди.

Унда айтилишича, «Ўзйўлинспекция»га келиб тушган мурожаатларнинг 61 таси бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича 80 та кўрсатма берилган.

«Кўрсатма талабларини муддатида бартараф этмаган 5 та ҳолат юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар қўллаш бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилди. 15 та ҳолат бўйича — 1 млрд. 576 млн. 675 минг сўм миқдоридаги сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишларини ҳисоботдан чиқариш бўйича буюртмачиларга талабнома киритилди. Содда қилиб айтганда, шунча миқдорга баҳоланган, лекин амалда сифатсиз бажарилган қурилиш ва таъмир ишлари пудратчилар томонидан, уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида қайта бажартирилди», — деди Дилшод Охунжонов.

Таъкидланишича, иккита ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 147-моддаси 1-қисми (йўлларга, темир йўлдан ўтиш жойларига, йўл ҳаракатини тартибга солувчи бошқа иншоотлар ёки техник воситаларга шикаст етказиш, шунингдек йўл ҳаракатига қасддан, шу жумладан йўл қопламасини ифлослантириш йўли билан халақит бериш, худди шунингдек автомобил йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобил йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, шунингдек йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Дилшод Охунжоновнинг қўшимча қилишича, 70 та мурожаатга биноан — йўл объектларининг сифат кўрсаткичлари аниқланиб, мазкур объектларни эндиликдаги таъмирлаш дастурларига киритиш юзасидан таклифлар киритилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг