Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонга энг кўп келаётган меҳмонлар

Ўзбекистонга энг кўп келаётган меҳмонлар

Фото: Президент матбуот хизмати

Чегараларнинг очилиши, кўп асрлик дўстлик ва тарихий шартнома ҳақида

Бир неча йил аввал қўшнилар билан чегараларимиз деярли ёпиқ, алоқаларимиз суст эди. Ҳатто аҳоли чегара ортидаги яқинлари, қариндошлари билан учрашишда муаммоларга дуч келишарди. Бу ёпиқлик қардошлар ўртасидаги алоқаларнигина эмас, балки иқтисодий ва маданий ривожланишни ҳам қийинлаштираётганди. Бироқ сўнгги йилларда бу тўсиқлар олиб ташланди, халқлар ўртасида ўзаро бирдамлик яна мустаҳкамланди.

Тарих шундан далолат берадики, ҳар қандай давлат ўз қўшнилари билан дўстона муносабат ўрнатмас экан, тараққиёт йўлида тўсиқларга дуч келаверади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда очиқлик йўлини танлаши бутун минтақа учун муҳим бурилиш нуқтаси бўлди.

Қўшни давлатлар билан визасиз режим ва чегарадаги тартибларни енгиллаштириш натижасида икки томонлама савдо айланмаси кескин ортиб, халқларимиз бемалол борди-келди қилмоқда.


Буни статистика ҳам тасдиқлайди: 2025 йилнинг январь-февраль ойларида 1,3 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари Ўзбекистонга туристик мақсадларда ташриф буюрган бўлса, шундан энг кўпи ­422 591 нафари Қирғизистон ва 401 377 нафари Тожикистон фуқаролари эканлиги қўшни давлатлар билан чуқур алоқаларнинг борлигини кўрсатади.

Чегараларнинг туташ нуқтаси бўйича тарихий шартнома

2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда давлат раҳбарлари ўзаро дўстлик ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.

Энг асосий воқеалардан бири – уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши бўлди. Бу ҳужжат минтақа барқарорлиги ва изчил тараққиётини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур келишув нафақат географик нуқталарни аниқлаш, балки халқлар орасидаги юз йиллик ишончни мустаҳкамлаш воситаси сифатида ҳам юқори баҳоланмоқда.


Чегараларнинг очилиши иқтисодий ва савдо муносабатларини кучайтириш учун қулай шароит яратди. Ҳозирги пайтда чегарадош ҳудудлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ўн каррадан зиёдга ўсган. Бу, айниқса, кичик ва ўрта бизнес ривожи учун янги имкониятлар очди. Ҳар куни минглаб тадбиркорлар ўз маҳсулотларини қўшни мамлакатларга экспорт қилмоқда, бу эса умумий иқтисодий ўсишга ҳисса қўшмоқда.

Бундан ташқари, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, янги автобус йўналишлари очилиши ва авиақатновлар сонининг оширилиши қўшни мамлакатлар ўртасидаги транспорт алоқаларини янада яхшилайди.

Дўстлик стеласи – қардошлик рамзи

31 март куни уч мамлакат раҳбарлари давлат чегараларининг туташган ҳудудида «Дўстлик стеласи»ни тантанали равишда очдилар. Бу ёдгорлик қардош халқлар ўртасидаги ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг янги рамзига айланди.


Рамазон ойи – инсонларга бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат каби инсоний фазилатларни ёдга соладиган муқаддас даврдир. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара келишувининг айнан муборак Рамазон ҳайити арафасида имзоланиши халқлар ўртасидаги тотувлик ва биродарликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу нафақат сиёсий келишув, балки кўп асрлик дўстлик ва маданий алоқаларнинг бардавом бўлиши сифатида ҳам аҳамиятлидир.

Л.Турсунов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг