Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДСҚ йирик солиқ тўловчиларга стикер беради

ДСҚ йирик солиқ тўловчиларга стикер беради

Давлат солиқ қўмитаси карантин даврида корхоналар ишини енгиллаштириш ва узлуксиз фаолият юритиши учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида йирик солиқ тўловчиларнинг транспорт воситаларига махсус рухсат берувчи стикерлар беришни бошлайди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди. 

Рухсат берувчи стикерлар йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирувчи корхоналар ходимларининг шахсий ёки хизмат автотранспорт воситалари учун берилади.

Рухсат берувчи ҳужжатни олиш учун фақат онлайн тарзда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон солиқ хизматлари порталида махсус анкетани тўлдириб ариза бериш мумкин.

Автотранспортда ҳаракатланиш учун керак бўладиган махсус QR-кодли рухсатномани принтер орқали чоп этиш лозим. У ариза юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида шакллантирилади.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳар бир солиқ тўловчига алоҳида стикер квоталари белгиланади. Рухсат берувчи стикер у олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради.

Автотранспорт воситасидан фойдаланиш учун рухсат берувчи стикер олган ходимлар меҳнат дафтарчасининг нусхаси ва иш жойидан берилган тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши керак. Ходимларга фақат белгиланган йўналиш бўйича, хизмат мақсадларида соат 9:00 дан 18:00 гача транспорт воситасидан фойдаланишга рухсат берилади.

Рухсат бериш учун ҳеч қандай тўлов олинмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг