Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янгиланаётган Конституция билан малакали тиббий ёрдам кафолатланмоқда

Янгиланаётган Конституция билан малакали тиббий ёрдам кафолатланмоқда

Ҳар бир мамлакатда сифатли тиббиёт тизими мавжудлиги жуда муҳим. Фуқаролар зарур пайтларда сифатли тиббий хизмат учун давлатга суяна олиши алоҳида аҳамиятга эга. Шу сабабли Конституцияда фуқаролар давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олишга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.

Бу жуда муҳим ижтимоий кафолатдир. Чунки аҳолининг айрим қатламлари пулли асосда ёки хусусий шифохоналар хизматидан фойдаланишга имконияти етмаслиги мумкин. Ана шундай вазиятда давлат ўз фуқаросини кафолатланган тиббий хизмат билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши керак. Конституциядан ўрин олаётган ушбу модда айнан мазкур жиҳатларни кўзда тутади.

Масалан, давлат ҳисобидан кафолатланган тиббий хизматни ривожлантириш мақсадида 2021 йилдан бошлаб, бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги, 2022 йилда 120 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди. Ихтисослашган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма электрон навбат асосида берилмоқда. Энг муҳими, бу тизимга асосан, маблағлар шифохонага эмас, балки аниқ беморга ажратилмоқда.

Биргина, 2022 йилнинг ўзида тиббиёт соҳасига бюджетдан 29 триллион сўм йўналтирилди, бу маблағ 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўпдир. Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлаш учун маблағлар 12 баробар кўпайтирилди.

Хусусан, қишлоқлардаги 801 та оилавий поликлиника замонавий ташхис аппаратлари билан таъминланди. Бу орқали қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Ҳудудларда 23 та ихтисослашган тиббиёт марказларининг юздан ортиқ филиаллари фаолият бошлади.

Тиббий соҳани, шу жумладан унинг нодавлат шаклларини ривожлантириш давлат мажбуриятларига ўтказилиши фуқароларга сифатсиз тиббий ёрдам кўрсатиш ёки умуман тиббий ёрдам кўрсатмаслик ҳолатларининг олдини олишга кўмаклашади.

Шу билан бирга, барча ҳудудларда ҳам спорт билан шуғулланиш учун етарли шароитлар бор деб айта олмаймиз. Шу сабабли спорт билан шуғулланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шароитларни яратиш Конституция даражасигача оширилиб, давлат мажбуриятига айланмоқда.

48-модда.

Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли.

Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради.

Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади.

Мазкур масаланинг Конституция даражасига кўтарилиши – аҳоли саломатлиги миллий манфаатларимизнинг муҳим  таркибий қисми эканлигини билдиради.

Давлат тиббиёт соҳасига оид энг муҳим вазифаларни ўз зиммасига олаётгани оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда алоҳида аҳамиятга эга бўлади.

Конституцияга киритилаётган норманинг яна бир аҳамияти шундаки, давлат ўз фуқароларининг моддий аҳволидан қатъи назар кафолатланган бепул тиббий ёрдам билан қамраб олинишини мустаҳкамламоқда. Бу фуқаролар, айниқса, моддий шароити яхши бўлмаган фуқароларнинг соғлиғини сақлашга давлат ғамхўрлик қилишдан тўхтамаслигини англатади. Кафолатланган тиббий ёрдамга оид норманинг белгиланиши  аҳоли, оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Янги норма орқали тиббиётнинг нодавлат шаклларини ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шароит яратиш ишлари янада яхшиланади.

Жойлардаги айрим масъулиятсиз ва доим ҳам ташаббус кўрсатмайдиган ижрочиларга бу вазифаларни мажбурият сифатида белгиламоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг