Яна Зулфия мукофоти ҳақида: «Мен бундай бўлишини билмагандим…»
Гап аввалида айтишим керак: ушбу ёзувларни мукофотдан қуруқ қолган қизнинг аламлари, дея қабул қилманг. Аксинча, «мукофотга борар йўллар»даги ёқимсиз манзаралар сабаб кўнгилда пайдо бўлган оғриқлар бу. Катталарда-ку ҳаёт тажрибаси бор: уларда ҳаёт сўқмоқларидаги унча-мунча синовлар нисбатан енгил кечиши мумкин. Аммо катта ҳаёт остонасидаги мен каби ёшларда эса...
Хуллас, гап бундай: лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзуви жамоатчилик орасида кўплаб музокараларга сабаб бўлаётгани сир эмас. Жорий йилнинг 15 май куни Бош вазиримиз томонидан «Лотин ёзувига асосланган ўзбек ёзувини кенг жорий этиш ва уни янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси» тасдиқланди. Ушбу ҳаракатлар режасига лаббай дея жавоб берган ҳолда «Imlomanbai.uz» сайтига асос солдим. Ушбу электрон имло ва изоҳли «онлайн» дастурида ўзбек тилидаги сўзларнинг лотин алифбосидаги имло ва изоҳлари жамланган бўлиб, дастур интерфейси оддий, барча фойдаланувчилар учун қулай қилиб яратилган.
Мен «Зулфияхоним қизлари» кўрик-танловида «Жамоатчилик» йўналиши бўйича қатнашишга аҳд қилдим. Тошкент шаҳар Юнусобод тумани хотин-қизлар қўмитаси томонидан тақдим этилган 6 ва 7-иловаларга асосан тегишли ҳужжатларни тайёрлаб топширдим. Юнусобод туман босқичида ушбу сайтим 204 балл олиб, кейинги босқичга ўтдим.
Кўрик-танловнинг шаҳар босқичи қачон ўтказилишини сўраб, туман хотин-қизлар қўмитасига жуда кўп марта қўнғироқ қилишимга тўғри келди. Ниҳоят, танловнинг шаҳар босқичи шу йилнинг 30 ноябрида бўлиб ўтишидан бир кун аввал 29 ноябрь куни кеч соат 20да хабарини топдим. Танловнинг шаҳар босқичида «слайд олиб борсангиз бўлди», дейишгани учун слайдни олиб бордим.
Танловга келган бошқа қизлар билан суҳбат жараёнида уларга шаҳар босқичи ўтказиладиган вақт ҳақида уч кун аввал хабар берилгани, бу босқичда учта шарт бўйича баҳоланиши ҳақида эшитиб ҳайрон бўлдим.
Нега менга бу ҳақда ўз вақтида хабар берилмади?
Тошкент шаҳар бўйича 7 нафар қиз беллашдик. Ҳужжатларимни текширишиб, менга 9;8;7;8;8 балл қўйишди. Табиийки, бундан кайфиятим тушиб кетди. Сабаби менга туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан тақдим этилган илова бўйича ҳужжатларни тақдим этган эдим.
Иккинчи шартда «Ўзингизнинг лойиҳангизни кўрсатишингиз керак», дейилди. Мен «Imlomanbai.uz» сайти ҳақида гапириб бердим. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларидан бири — Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси сайтимнинг ратация функциясида битта хато топганлигини айтди ва ҳакамлар ҳайъати 8 баллдан кўйишди.
Шундан сўнг учинчи — савол-жавоб шарти бўлди. Бу жараёнда ҳар хил саволлар берилди, рус тилида гапиришимни сўрашди «У меня оксент, по этому я истиснаюс говорит по рускому», дея жавоб бердим. Шундан сўнг «Инглиз тилида гапиринг, даражангиз қандай?» дейилди. «My level elementary. I wish improve my language», дея жавоб бердим. Шундан сўнг тилни билмаслигим ҳамда саволларига жавоб бера олмаганимни учун 8 баллдан қўйишди.
Хуллас, шунча меҳнат ва ҳаракатларим 118 балл билан 4-ўринга лойиқ кўрилди. Ҳисоб-китоб бўйича мен йиққан балл 120 бўлиши керак эди. Лекин мутассадилар 2 баллни қаерга йўқотишганидан ҳайронман.
Бир қатор эътирозлар бўлди. Мен йиғлаб чиқиб кетдим. Шундан сўнг устозим уларнинг олдига кириб: «Апелляцияга қачон келсак бўлади?» деб сўради. Эртага, дейишди. Эртасига бордик. Бироқ бизни ичкарига қўйишмади. Қўнғироқ қилсак, апелляцияга учун ёзган аризамизни эшик олдидаги қоровулга ташлаб кетишимизни айтишди?! Ана муносабат!..
Ўша куни шаҳар босқичи ғолибаларини тақдирлаш маросими бўлишини эшитиб, тадбирга биз ҳам бордик. Мақсад аризамизни мутасаддиларга шахсан етказиш эди. Тадбир жараёнида Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раисаси Дилбар Камаридиновна билан кўришиб, аризамни бердик. Раиса бизга 3 декабрь, соат 16:00 да келишимизни айтди.
Айтилган сана ва белгиланган вақтда онам билан бирга бордик. Аввалига онам иккимизни танлов бўладиган хонага киритиб қўйишди. Роппа-роса қирқ дақиқадан сўнг, ниҳоят, ҳакамлар ҳайъати кириб келишди. Ҳакамлар ҳайъати – ўша-ўша, улар орасида бирорта бегона йўқ эди. Ажаб, биз шу ҳакамлардан норози бўлиб, апелляция аризасини ёзган эдик. Аризамизни уларнинг ўзлари (!) кўриб чиқиши наинки қонун, соғлом ақлга сиғадими? Шу ҳақда гапиргандик, саволимизга қисқа жавоб шу бўлди: «Апелляция комиссияси йўқ бизда...».
Савол-жавоблар бошланишидан аввал улардан жараённи видеога олишни сўрадик. Рад этдилар. Ҳайъат аъзоларини ярим соатдан кўп кутиш, тасаввуримизга терс равишда аввалги ҳайъат аъзоларининг кириб келишиёқ хафсаламизни пир қилиб бўлганди. Рост-да, ҳайъат аъзолари кечаги қарорига бугун тескари бормаслигининг эҳтимоли катта эмасми?
Савол-жавоб бошланди. Менга тақдимот қилишимни айтишди. Мени слайдим сизларнинг компьютерингизда бор эди десам, 80 та қиз қатнашган, бу 80 та слайд дегани, уларни сақлаб қўймаймиз, ўчиб кетган, дейишди. Шундан сўнг мен ҳужжатларимга қўйган баллни тушунтириб беришларини сўрадим. Бу гапим ҳайъат аъзоларига ёқмади, ҳатто асабийлашишди ҳам. Натижада фақат хато қидиришга тушиб кетишди. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларидан бири – яна ўша Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси файл-папкамдан иккита дипломни чиқарди. Бу дипломларни мен Туризм коллежидаги таҳсил пайтимда «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси» танловида қатнашганим учун «Камолот» ЁИҲ шаҳар кенгаши томонидан 2013-2014 йилда берилган эди. Дипломларнинг бирига шаҳар кенгаши раиси ўринбосари имзо қўйган экан раисининг ўрнига. Шунга ёпишиб олишиб, бу диплом сохта дегандай гап қилишди... Бундан, табиийки, жаҳлим чиқди. Бу нима деган гап? Устига устак, ҳайъатдаги Нигина опа деган аёл менга: «Сенинг ҳужжатларингга 0 балл қўйишим керак эди аслида!» деса бўладими? Бунақа писанда, бунақа оҳангдаги гаплар кимга таъсир қилмайди, дейсиз? Хўп, ҳужжатларим 0 балл лойиқ бўлса, нима сабабдан кўрик-танлов куни 7 балл қўйилди? Бу ҳайъатнинг мурувватимиди?
Асосий савол-жавобларга ўтгунча мувозанатдан чиқиб бўлгандим. Бу гапларим шунчаки баҳона эмас, менинг ўрнимда мен тенги фарзандингизни тасаввур қилиб кўринг-а?
Савол-жавобларда ҳам писанда оҳанглари тўхтамади. Дейлик, сайтим ҳақида рус тилида гапиришимни сўрашади. Саволга жавоб беришни бошлайман, шунда кутилмаганда гапимни бўлиб, бошқа саволга ўтишади. То фикримни жамлаб бўлгунимча «айбим» топилади гўё: «Яхши гапира олмадингиз...». Яна бирлари очиқдан очиқ «сайтинг бизга керак эмас», дейишгача борди. Ҳайъатнинг яна бир аъзоси «Сизда халқаро сертификат йўқ экан», деса бўладими? Мен уларга Яккасарой туманидан қатнашган қиз рус ва инглиз тилида гапирмагани, бирор бир иш кўрсатмай ўзини таништириш ҳақида шеър айтганини таъкидладим. Шунда ҳайъатдаги Жавлон ака деган киши: «Сенга шундай чиқиш қилишинг учун бир ой вақт берайликми, йўқ, узр, бир йилми?» дея нафсониятимга тегадиган гап қилганига ишонасизми?! Ваҳоланки, бундай саволга тайёр эдим, шартта ўринимдан туриб, шеърни шарриллатиб айтиб бердим. Шеър якунлангач, хона бир зум тинч бўлиб қолди...
Дарвоқе, «халқаро сертификат» ҳақида. Корея ва Ўзбекистон ҳамкорликда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ташкил этилган семинарда қатнашиб, унда қўлга киритган сертификатимни кўрсатсам, бунгаям баҳона топдилар: «Барибир 2018 йил ҳеч қандай дипломингиз йўқ экан».
Шундан сўнг ҳисобот ва иш режаларимни кўриб чиқдилар. Ўтган йиллар мобайнида «Фаол ва иқтидорли талабалар билан ишлаш йўналиши» етакчиси сифатида университетимиз бошланғич ташкилотида фаолият юритган эдим. Ана шу фаолиятимдаги ҳисобот ва иш режаларимни «макулатура» (ҳа, ҳа – худди шу сўз ишлатилди!) дедилар. Эмишки, ҳисобот расмий бланкага ёзилиб, имзо ва муҳр бўлиши керак экан?! «Худо билади, бу кимнинг имзоси экан?» дея яна писанда қилдилар. Университет ёшлар етакчисининг шу даргоҳ расмий бланкасига имзо чекмоққа ҳуқуқи борми? Расмий бланкага фақат университет раҳбари ва ўринбосарлари имзо қўйиши мумкин. Олий маълумотли бўлмасам ҳам буни жуда яхши биламан! Ҳолбуки, ушбу ҳисоботларим сабаб унверситетнинг ёшлар иттифоқи фаол аъзолари рағбатлантирилиб, контракт пулининг 35 фоизи тўлаб берилган эди. Шунинг ўзи ҳисоботларим «макулатура» эмас, маълум кучга эга ҳужжат эканини тасдиқламайдими?
Ҳужжатларимни титиб, жўяли камчилик тополмагач, коллежда ўқиб юрган пайтимда — Хивага уюштирилган сафарда ички туризмни ривожлантириш бўйича тайёрланган фотолавҳадаги суратимга ёпишдилар! Ёз фасли эди, фаслга монанд либосда эдим. Либос очиқроқ эдию илло яланғоч эмас эдим! Ҳайъат аъзолари суратни кўриб, маломат қилишга тушдилар: «бунақа суратдан мен уялиб кетябман...», деб. Бу нима деган гап? Қачонлардир тушган расмдаги либосим муҳимми ёки ақлий салоҳиятимми? Насиҳат қилиш ўрнига, таъна қилиб уялтириш керакми?
Қисқаси, савол-жавоблар шу тарзда ўтди: асабийлик, писанда, таъна, тирноқ тагидан кир қидириш... Ҳайъат аъзоларига эътироз билдирсам ёки улар гап тополмай қолишса, шаҳар хотин-қизлар қўмита раиси Дилбар Камариддиновна: «Тарбиясиз, доцентларга гап қайтараяпсан?» дея оғзимга уриб, онамни ҳам, оиламни «тарбиясизлар»га чиқарди! Танловга қатнашиб, унда ўзимнинг ҳақ-ҳуқуқимни талаб қилиб, наинки ўзим, ҳатто оилам ҳам шундай маломатларга қолдик. Бундан кўра, танловда қатнашмаганим маъқул эди-ей…
Бошимга қаттиқ оғриқ кирди. Менга инглиз тилида гапир, дейишди. Мен: «I am so tired and I have a headache» («Мен чарчадим, бошим оғрияпти»), деб жавоб бердим ва бошимни партага қўйдим. Шунда онам: «Сизларнинг ҳам фарзандингиз бордир? Боламни ўрнига ўз фарзандингизни қўйиб кўринг», дедилар. Шу пайт улардан кимдир келиб камерага олишни бошлади...
Бу нимаси? Нега биз суҳбат бошида камерага олишга рухсат беринглар, деганимизда рад этиб, мен жавоб беришга мадорим қолмаганидан ўзлари тасвирга олишни бошлади? Буни қандай тушуниш мумкин?
Шундан сўнг ҳар томондан саволлар ёғила бошлади, уларни нима деяётганини ҳатто тушунмадим ҳам. Бошим жуда қаттиқ оғриётган эди. Бироздан сўнг «раҳмат», дея хонадан туриб чиқиб кетдим...
Шу ўринда яна бир гапни айтишим керак: орадан уч кун ўтиб, бизга қўнғироқ бўлди: апелляция комиссияси аризамизни кўриб чиқар экан. Вай, уч кун аввал ҳам «апелляция комиссияси» чиғиридан ўтдик эди чоғи?
Бу комиссияга ҳам бордик. Мендан бошқа норози қизлар ҳам кўп экан. Бу жараёнда нималар бўлганини айтиб ўтирмайман. Фақат битта ҳолатга тўхталаман, холос. Савол-жавоб жараёнида ҳужжатларимни синчкилаб кўрган ҳайъат аъзоларидан бири сал бўлмаса мени «давлат сиёсатига қаршилик»да айбласа бўладими? Тасаввур қиляпсизми буни? Нима эмиш, танловга қўлга киритилганига уч йилдан кўп бўлмаган диплом-сертификатлар тақдим этиш керак экан, мен эса 2014 йилда олган дипломимни илова қилибман. Шу ишим «сиёсатга қаршилик» эмиш! Куласизми ёки куясизми?
Не умидлар билан танловда қатнашаётган ёш қизларни кўнглини кўтариш, иштиёқини ошириш ўрнига руҳий босим ўтказиб, кўнглини чил-чил қилиш керакми? Нафсониятига тегиб, кўнгилдаги умид ғунчаларини очилмаёқ сўндириш-чи?
Қайтараман, мен ғолибалик насиб қилмаганидан аламзадалик билан ёзаётганим йўқ. Бор-йўғи мутасаддиларнинг ёш қизларга бўлган муносабати, ҳақорат даражасидаги гап-сўзларидан кўнглим қаттиқ оғриганидан қалам тутдим. Бундай нуфузли танловларда ғолибалар саноқли бўлади. Бу тушунарли. Бироқ танловга келган қизлар ғолиба бўлмаса ҳам, иштиёқи синмай, умидлари сўнмай, борингки, шундай тадбирда иштирок этганидан фахрланиб кетиши керак. Бунинг учун мутасаддилардан холислик, ширин сўз ва руҳлантирувчи муносабат талаб этилади, холос.
Шаҳноза Ибрагимова,
Тошкент шаҳри
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter