«Вазирлар Маҳкамаси баённомасидаги 18-банд қаерга йўқолди?»: расмий изоҳ
Айрим оммавий ахборот воситаларида «Вазирлар Маҳкамаси баённомасидаги 18-банд қаерга йўқолди», мазмунида хабарлар тарқатилмоқда.
Бош вазир матбуот хизмати масъул ходими Бекзод Ҳидоятов ушбу хабарга аниқлик киритиб, қуйидагиларни маълум қилди:
Бугунги кунда амалдаги тартиб бўйича ғаллачилик йўналишдаги фермер хўжаликларини молиялаштириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлар шаклида тижорат банклари орқали тўғридан-тўғри ажратилиши белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 августдаги 189-сонли йиғилиш баёнининг 18-бандига асосан амалдаги тартибнинг ижросини таъминлаш, унинг назоратини янада кучайтириш ва ушбу масалага жавобгар бўлган вазирлик ҳамда идораларининг масъулиятини ошириш бўйича қўшимча вазифа сифатида белгиланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Баённинг ушбу банди ўз кучида турибди ва бугунги кунда мазкур топшириқнинг ижроси бўйича бир қатор ишлар амалга ошириляпти.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 2023 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлар экиш ва ғалла етиштириш харажатларини молиялаштиришга сарфланадиган маблағлар ҳисоб-китоб қилинмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича ғалла экиш билан боғлиқ биринчи навбатдаги тадбирларга ғаллачилик фермерларига ажратиш учун 145 млрд.сўм маблағларга графиклар ишлаб чиқилган ва жорий йилнинг 22 августидан бошлаб, график асосида молиялаштириш очилади.
Мазкур баённинг қайтадан юборилган вариантидаги 18-банди ҳам турлича талқин қилинмоқда.
Гап шундаки, 2023 йил ҳосили учун асосий турдаги сабзавот экинларини экиш даври жорий йилнинг август ойидан бошланишини ва долзарблигини ҳисобга олиб баён лойиҳасига 19-банд сифатида киритилган эди.
Мазкур баённинг дастлабки ижрога юборилганда 19-банд сифатида киритилган топшириқ техник хато сифатида тушиб қолган.
Лойиҳадаги 19-банд долзарблигини ҳисобга баённинг қайта ижрога юборилган вариантида техник хато натижасида 18-банд ўрнига қўйиб юборилган.
2023 йил ҳосили учун асосий турдаги сабзавот экинларини экиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ва ижро учун юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter