Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ватан соғинчи ёхуд тарихий жасорат

Ватан соғинчи ёхуд тарихий жасорат

Фото: «Uza.uz»

Мен уч йил Украинада, икки йил Россия­­да яшаганман. Ўшанда Ватан соғинчи нима эканини бошимдан кечирганман. Юрт ичидагилар буни туйиб, туйишмайди. Ватандан четдагилар буни юрак-юраги билан туйишади.

Юрт севги, соғинчи,

Миллат севги, соғинчи,

Ота-она севги, соғинчи,

Қариндош-уруғ севги,

соғинчи – булар Тангри томонидан берилган муқаддас туйғулар.

Ёт юртларда ҳар дақиқа, ҳар сония Ватанимни қўмсаб яшадим. Менинг Билгир отли дўс­тим мендан-да ортиқ қўмсаб яшарди. Унинг қон йиғлаганларини ўз кўзим билан кўрганман. Лекин у ўз севгилиси Валентина Катвитская (поляк қизи)га қаттиқ боғланиб қолган эди. У Билгирни ер-у кўкка ишонмасди. Унинг букчайиб қолган энаси Ирина момо ҳам Билгирни ўз набирасидек севарди. Билгир билан ҳар куни дардлашардик. Унинг дарди меникидан-да зиёда эди.

Билгирдаги Ватан соғинчи, изтиробларини сезиб юрган Валентина Катвитская эрини ўйлаб қайғуради. Бир куни ўксиб йиғлаб ундан сўрайди:

– Сен мени севасанми, Билгир?
– Мени бу ерга боғлаб турган нарса сен, Валя.
– Сенинг Ватанинг мендан-да суюклими?
– …
– Айт.
– Кўнглинг оғрийди, Валя, қўй, сўрама…

Йиллар кечароқ мен Билгир ва Валентина ҳақида, уларнинг аччиқ қисматлари ҳақида баллада ёздим. Унда ҳақиқатни сўйладим. Бу ёруғ оламда Ватан севгисидан улуғроқ севги йўқлигини куйладим.

Яратган Эгамга тавалло қилароқ, юрагим буюрганини ёзаман, ишонч билан… Президентимизда ана шу – Ватан севги, соғинчи туйғуси устуворлигини кўрдим. Кўзимга ёш келди. Инсон қонига ботаётган қадим Шомдан, Сурия тупроқларидан 156 нафар ватандошимизни ўлим чангалидан қутқариб олиб келди. Олиб келдигина эмас, илож, имконсизликдан, очлик, йўқликдан, Ватан соғинчидан адойи-тамом бўлган бу адашган, алданган миллатдошларимизга гулшан гўшадан жой қилиб берди. Буткул сахийлик билан, буткул меҳрибонлик билан!

Миллий тарихимизда бўлмаган воқеа бу! Бутун дунё ўзбекларини қувонтирадиган воқеа бу! Чет эллардаги юртдош­ларимизга умид бағиш­лайдиган воқеа бу!

Ота-она ўз болаларига, яхшими, ёмонми, айросиз, барига меҳр кўрсатади, барини тўғри йўлга етаклайди.

Шавкат Мирзиёевнинг ўз Ватандошларига кўрсатган меҳрини мен шу ота-оналар меҳрига менгзайман.

Кеча қандоқ эди?

Бугун қандоқ?

Кеча тун бўлса, бугун кундуз.

Қама-қамалар…

Портлашлар…

Оилада бир одам йўлдан адашган бўлса, унинг бутун оила аъзоларига «халқ душмани» деб қараларди.

Мен кеча кечган ҳақсизликни айтаяпман, қандоқ бўлса шундоқ яширмай, бўрттирмай. Бундоқ эл-улусда давлатга ишонч бўладими, меҳр бўладими, фидойилик бўладими? Йўқ!

Ана шу совиган, сўнган меҳрни президент Шавкат ­Мирзиёев қайта алангалатаяпти.

Кўз тегмасин, юртдошларимизнинг Суриядан Ватанимизга қайтарилиши Ўзбекистонимизнинг халқаро имижини яна бир поғона юқорига кўтарди. Зеро, ўз эл-юртини севмаган раҳбар тўғри сиёсат юргизолмайди.

Эврил ТУРОН,
ёзувчи

3 июнь 2019 йил.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг