Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Unicon.uz»да Фарида Афрўз билан ижодий учрашув бўлиб ўтди

«Unicon.uz»да Фарида Афрўз билан ижодий учрашув бўлиб ўтди

Бугун 27 апрел куни «Unicon.uz»да Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар муаллифи, «Шуҳрат» медали, «Дўстлик» ордени совриндори шоира Фарида Афрўз билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Давра суҳбати кўринишида ташкиллаштирилган учрашув янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг аёллар, болалар ва оила йўналишида киритилаётган янгиликлар, таълим соҳасидаги ислоҳатлар, уларнинг аҳамияти ва жамият учун қанчалик долзарблиги ҳақидаги фикрлар билан бошланди.

Бош қомусимиз Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби буюк аждодларимизнинг давлат ва халқ бирлиги, инсонпарварлик ва адолат устуворлиги ҳақидаги юксак ғояларига таянганлиги билан ҳам аҳамиятли экани таъкидлаб ўтилди.

Марказ ходимлари таклифига кўра шоира ўз ижодидан намуналар ўқигани – тадбирнинг кульминацияси бўлди. Тингловчилар ўзбек тилининг бор латофати, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ўзида намоён этган шеърлардан баҳраманд бўлишди.  

Учрашув мушоира, қизғин савол-жавоблар, ижтимоий-сиёсий муҳокамаларга уланиб кетди.

– Марказимизда ижодий учрашувлар ташкил қилиш, китоблар ярмаркасини ўтказиш одат тусига кирган, – дейди «Unicon.uz» ходими Ҳабиба Расулова. – Бугунги учрашув ҳам ходимларнинг талабларига биноан ташкил этилди. Бирор иштирокчининг зерикиб ёки қачон тугар экан, деган маънодаги нигоҳини кўрмадим. Барча ходимлар фаол ва катта қизиқиш билан иштирок этди. Бугунги ижодий учрашувдан нафақат маънавий озуқа олдик, балки мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлар ва унда ўзбек аёлининг хотин-қизлар манфаатлари йўлидаги меҳнатларига ҳам гувоҳ бўлдик.

Тадбир якунида шоира Фарида Афрўз иштирокчиларга ўзининг энг сара тўпларидан туҳфа қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг