Уч марта қамалган олим
«...У арвоҳлар воситасида азайимхонлик қилиб даволайдиган ёш шаман қиз эди...»
«...Тоғлар қаърига кириб боришга ҳадди сиғган саркардаларнинг боши танасидан жудо бўлди…»
«Подшоҳ ўзининг ўнг қўл вазирини малика билан ўйнашликда айблаб осишга ҳукм қилганида, ҳатто саройдагилар чидаб туролмади ва подшоҳнинг хобгоҳига кириб, унинг бўйнини уздилар...»
Ушбу ўқиганларингиз қайсидир эртакдан парча ёки афсонадаги лавҳа, ривоятдан иқтибос эмас. Бу ўтмишда турк ҳоқонлигида рўй берган тарихий воқеалар бўлиб, Лев Гумилевнинг дунёга машҳур «Қадимги турклар» китобидан олинган.
Маълумки, нафақат Турон сарҳадларида, балки Евроосиё маконларида ҳукм сурган туркий халқлар, уларнинг исломгача бўлган милоддан аввалги ва милоднинг бошларидаги тарихи дунё муаррихлари эътиборини тортиб келган. Бу борада Култегин битиктошларидан тортиб, шу даврдаги хитой йилномачиларию, Басим Аталай, Закий Валидий сингари тарихчиларгача кўплаб асарлар яратишди. Айниқса, XIX аср охири ва XX аср давомида Г.Е.Грумм-Грижайло, В.Радлов, Н.Я.Бичурин, Н.А.Аристов, М.И.Артамонов, С.П.Толстов, М.Е.Массон, А.Н.Кононов, С.Е.Малов, С.В.Киселев сингари тарихчилар туркшуносликка ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Бу сафда Лев Гумилев ҳам бор. У 1912 йилнинг 1 октябрида чор армияси зобити Николай Степанович Гумилев ва шоира Анна Андреевна (Горенко)-Ахматова оиласида туғилади. Бўлажак тарихчининг отаси ўз даврининг машҳур зобитларидан бўлиб, 1-жаҳон уруши даврида кўрсатган жасоратлари учун икки маротаба орден билан тақдирланган, император ва амалдорлари ўртасида ҳурматга сазовор ҳарбийлардан эди. Онаси эса Анна Ахматова номи билан довруқ қозонган шоира ҳисобланарди.
Афсуски, Лев оилада ота меҳридан эрта ажралади. 1921 йилнинг августида у эндигина 9 ёшга кирганида отасини большевиклар ЧКаси «ишчи деҳқон халқ душмани» дея отиб ташлайди. Онасига қийин бўлди. Бир тарафдан эридан айрилган, иккинчи тарафдан шеърларида исёнкорлик руҳи бор, шўро мафкурасига тўғри келмайди, дея унинг ижод намуналарини чиқармай қўйишди. Бундан ташқари «Лёвушка» (Арслон боласи) дея эркалаб ўстирган, бироқ қобилиятли ва қатъиятли ўғлини 1935 йилнинг 22 октябрида университетда аксилшўровий гуруҳ тузганликда айблаб, «халқ душмани» дея ҳибсга олишди. Бу пайтда Лев Гумилев Ленинград давлат университетининг тарих факультетида таҳсил оларди. Мазкур фожиа унинг онаси Ахматовани Сталинга хат ёзишга мажбур қилди. Ниҳоят, Лев Гумилев 1935 йил 4 ноябрь куни озод этилади.
Бироқ озодликдаги ҳаёт кўпга бормади. 1938 йилнинг 10 март куни у аввалги айби бўйича яна ҳибсга олиниб, ўша йилнинг 17 ноябригача қамоқда азоб чекиб ётади. Ўша куни уни 5 йилга озодликдан маҳрум қилишади. Натижада Лев ўша даврдаги Беломарканал, Норил, Турухановскдаги меҳнат тузатув лагерларида машаққатли кун кечиради.
Шоиранинг яна ялиниш-ёлворишлари, яқин биродарларини аралаштириши сабаб, Гумилев қамоқдан озод этилади ва бошланиб кетган иккинчи жаҳон урушида иштирок этади. Собиқ «халқ душмани» халқи учун жанговар курашиб, орден, медаллар олади.
1945 йил 9 май. Ғалаба. Уруш тугайди. Ғалабани Берлинда кутиб олган Лев Гумилев илмга шўнғиб кетади. Бироқ...
Бироқ 1946 йилнинг 6 ноябрь куни «арслон» учинчи марта тағин аввалгидек айблар билан қамоққа олинади ва 10 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Шоира она ёлғиз ўғлининг ҳаётидан қайғуриб, қамоққа мактублар битади, турли насиҳатлар беради. Ахматова хоним тарихчи ўғлининг ҳали биринчи қамоқдан чиққанданоқ ёза бошлаган «Қадимги турклар» китоби учун материал тўплайди. Бу орада Лев Гумилёв муддатидан олдин авф қилиниб, озодликка чиқади ва яна илм билан шуғулланади.
Ниҳоят Лев қисқа фурсат ичида – 1948 йилда «Биринчи турк хоқонлигининг сиёсий тарихи» мавзусида номзодлик ишини муваффақиятли ёқлайди. Она-бола учун илмий иш ёқланган кун ғоят қувончли бўлди. Афсуски, шодиёналик узоққа чўзилмади – 1949 йилнинг 6 ноябрида у яна «халқ душмани» сифатида қамалади. Бу гал уни бирга ишлаган, ўзини дўст қилиб кўрсатиб Лев Гумилёв ҳақида чақувлар етказиб турган ён-атрофидаги кимсалар қаматишади. Ниҳоят Сталин вафот этиб, «илиқлик» даври бошлангач, Лев Гумлиёв – «Арслон» 1956 йилнинг 11 майида озодликка чиқади ва машҳур асари устида иш бошлайди.
Гумилев бу асарида қадимги турклар маданияти инсоният тарихида алоҳида ўрнига эга эканлигини, оддий ўтов ўз меъморчилиги билан ўтроқ халқлар яратган иншоотлардан қолишмаслигини исботлаб беради. Туркийларнинг давлатчилик борасидаги бошқаруви, уларнинг тарқалган ҳудудлари, тил, шевалари, фонетикаси, қўшни халқлар билан муносабати ўша даврлардаги манбаларни таҳлил қилган ҳолда тадқиқ қилинади. Муаллиф китобда тарихчи туркийлар тарихини Хитой, Евросиё, Эрон тарихи билан боғлаб ўрганиш қатоида, уларни боғлаб турувчи ришталарни топиб кўрсата билганки, бу катта илмий жасоратдир. Умуман олганда, Гумилев бу асари орқали ислом оламида ўз ўрнини топган туркийлар исломгача ҳам дунё тарихида ўзининг қаддини мағрур тута олганини исботлаб берган.
Ҳаётининг маълум қисмини қамоқда ўтказган Лев Гумилёв 80 йил умр кечирди. У 1992 йилда вафот этди. Бундай қараганда, кўп йил яшагандек. Аммо унинг Сталин даврида бир неча бор қамалгани, озод этилгандан сўнг турли ҳамкасбларининг руҳий зарбалар бериб борганлигини эсласак, умрининг аксарият қисми турмалардаги заҳматли қора меҳнатда, иккинчи жаҳон уруши давридаги жанггоҳларда, озодликдаги ҳаёти ҳам ҳасадгўй зиёлинамолар, ҳамкасблари билан курашда ўтди. Бироқ у ҳаёт зарбаларига дош бериб, боқий асарлар яратди. Бу тарихчи ва бардошли инсон Лев Гумилёвнинг катта жасоратидир.
Умид Бекимметов,
тадқиқотчи.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter