Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия фазовий пойгага қўшилмоқда...

Туркия фазовий пойгага қўшилмоқда...

Илк турк фазогири 2023 йилда парвоз қилиши режалаштирилган.

Фото: TUA

Туркияда миллий фазовий дастур доирасида илк фазогирни танлаш жараёни бошланди. Бу ҳақда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон маълум қилди. Биринчи турк фазогири 2023 йили Халқаро космик станцияга парвоз қилиши режалаштирилган.

Фазога парвоз қилиш учун ёши 45 дан ошмаган, техник, табиий ва фундаментал фанлар бўйича бакалавр даражасига эга, инглиз тилини мукаммал билган номзодлар ҳужжат топшириши мумкин. Номзодларга бир қатор жисмоний талаблар ҳам қўйилган.

Туркия фазовий тадқиқотлар агентлиги (TUA) раҳбари Сардор Ҳусайн Йилдирим космонавтни саралаш жараёни 4-6 ой давом этишини маълум қилган. Мамлакат раҳбарияти аввалроқ илк турк фазогири аёл бўлишини ҳам истисно этмаганди.

Халқаро космик станцияга илк фазогирни учириш Туркия фазовий дастурининг бир қисми саналади. 2021 йили президент Р.Т.Эрдўғон томонидан тақдим этилган дастурга кўра, мамлакатда космонавтлар тайёрлаш маркази, илмий тадқиқот лабораториялари ҳамда бошқа тузималарни ўз ичига олган фазовий шаҳарчага асос солинади. Шунингдек, 2023 йил, Туркия республикасининг 100 йиллигига Ойга илк тадқиқот қурилмаси (гибрид ракета) учирилади. Ернинг йўлдошига қўндирилиши кўзда тутилган ойкезар айни пайтда турк муҳандислари томонидан ишлаб чиқарилмоқда.

Эрдўғон Фарғоний, Беруний, Али Қушчи каби ватандошларимизнинг тарихий хизматини алоҳида эътироф этган. Фото: «www.tccb.gov.tr»

Туркия раҳбари мамлакатнинг фазовий пойгага қўшилаётганини миллий тарихнинг бурилиш нуқтаси деб атаган.

«Биз кучли ва мустақил Туркиянинг мақомини нафақат Ерда, балки фазода ҳам мустаҳкамлашимиз керак», – деган Эрдўғон.

Қайд этиш жоизки, Туркия президенти миллий фазовий дастур тақдимотида юртимиздан етишиб чиққан Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Али Қушчи каби зотларни коинот изланишлари пойдеворини қўйган буюк алломалар дея ёдга олган эди.

Туркия фазовий тадқиқотлар соҳасида маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширмоқчи, яъни бу борада хорижий давлатларга тобеликни камайтирмоқчи. Миллий фазовий дастур доирасида минтақавий сунъий йўлдош тизими ҳам шакллантирилади. Кейинги йилларда Туркияда сунъий йўлдош ишлаб чиқариш бўйича 50 дан зиёд лойиҳа амалга оширилмоқда. Эндиликда сунъий йўлдош ишлаб чиқариш ягона тизимга бирлаштирилади. Дастур доирасида об-ҳаво шароитидан қатъи назар, юқори аниқликда ишловчи GÖKTÜRK-3 тизимини такомиллаштириш ҳам режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь ойида Туркиянинг Grizu-263A деб аталган биринчи мини сунъий йўлдоши SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракета ташувчисида фазовий тадқиқотлар учун муваффақиятли тарзда коинотга учирилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг