Тунда Тошкент яқинидаги АЁҚШда ёнғин содир бўлди (видео)
Тунда Тошкент яқинидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида ёнғин рўй берди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати томонидан хабар берилди.
30 июндан 1 июлга ўтар кечаси, соат 00:45да 101 рақамига ёнғин бўлаётгани ҳақида маълумот келиб тушади. Ёнғин Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Тошкент автомобил ҳалқа йўли, 7 манзилида жойлашган АЁҚШда («Обод Капитал» МЧЖ) юзага келган эди.
ФВВ ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг 12 та ҳарбий бўлинмаси соат 00:54да ёнғин содир бўлган жойга етиб келган. Ходимларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида 01:24да олов қуршаб олинди ва 01:46да тўлиқ ўчирилди.
Бир киши жабрланган — шохобчада ишлайдиган 34 ёшли Санжар К. куйиш жароҳатларини олган ва касалхонага олиб борилган. Ёнғин натижасида «Чинобод» нефт базасига тегишли «МАЗ» русумли бензин ташувчи юк автомобили ва «Матиз» русумли енгил автомобил ёниб кетган. Шунингдек шохобчанинг операторлар хонаси томининг 40 кв.м жойи ёнган.
Ўт ўчирувчиларнинг ҳаракатлари натижасида 50 тонна ёқилғи ва АЁҚШнинг 150 кв.м ҳудуди оловдан сақлаб қолинди. Дастлабки таҳминларга кўра нефт маҳсулотларини автоцистернадан АЁҚШ резервуарларига қабул қилиб олишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмагани ёнғинга сабаб бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter