Тошкент вилоятида наркокурьер 4,8 млрд сўмлик синтетик модда билан қўлга тушди
Тошкент вилояти ИИББ ва Бўстонлиқ тумани ИИБ тезкор ходимлари томонидан ҳамкорликдаги органлар билан биргаликда ўтказилган тадбирида кўп миқдордаги синтетик гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш мақсадида олиб кетаётган шахс ушланди.
Хабарда айтилишича, тадбири давомида 33 ёшли фуқаро М.И. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудида гумонланиб текширилган.
Унинг ёнида бўлган автомобил эҳтиёт қисми (редуктор) текширилганда, эҳтиёт қисм ичига жойлаштирилган 12 та ўрамдаги, (қора бозордаги тахминий нархи 4 млрд 800 миллион сўмга тенг) бўлган, 6 кг синтетик гиёҳвандлик воситаси (экспертиза хулосаси) борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган.
Ушланган шахснинг яшаш хонадони текширилганида эса синтетик воситаларни кичик миқдорга ажратиб, қадоқлаш ва тарқатиш учун керакли воситалар борлиги маълум бўлган.
Дастлабки суриштирувга кўра, унга ушбу синтетик гиёҳвандлик воситалари тегишли телеграм боти орқали Қирғизистондан водий вилоятлари орқали етказиб берилганлиги аниқланган.
Ҳозирда ушбу синтетик гиёҳвандлик воситаларининг манбасини аниқлаш бўйича тезкор қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 273 моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter