Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент вилояти ва пойтахтда жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди

Тошкент вилояти ва пойтахтда жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати

Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизим Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан «Долзарб 40 кунлик» тезкор-профилактик тадбирлари давомида кучли таъсир қилувчи ва психотроп дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Хусусан, Оққўрғон тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрида яшовчи 58 ёшли аёл (Л.Г.) гумонланиб, текширилганда унинг ёнидан 57 дона «Зардекс» ва «Тропикомид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштирилиб олинган.

Ушланган шахс билан ўтказилган тезкор суриштирув ишлари натижасида, у дориларни Фарида (барча исмлар ўзгартирилган) исмли танишидан олганлиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилган.

Учтепа туманида давом этган тадбирда, Фарида, яъни 1991 йилда туғилган (Ф.А)нинг хонадони кўздан кечирилган. Унинг уйидан 2 минг донага яқин «Зардекс», «Лирика» ва «Тропикомид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари далилий ашё сифатида олинган.

Бундан ташқари, ушбу хонадонда бўлган 1993 йилда туғилган шахс (Н.У.) ҳам аёлга ёрдамчи экани, у дориларни сотиш учун мижозлар топиш ва тарқатилиш билан шуғулланиши аниқланган.

Ушланганлар билан ўтказилган тезкор суриштирув ишлари натижасида, улар дори воситаларини Қобилжон исмли танишидан сотиб олгани аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилган.

Шайхонтоҳур туманида давом этган тадбирда Қобилжон, яъни 1994 йилда туғилган (Қ.Ғ.) 8 грамм мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситасини 300 доллар ва 4,2 миллион сўмга назоратдаги харидорга сотаётган вақтида вилоят ички ишлар бош бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ушланган.

Унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида ювиниш хонасида 46 грамм мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситаси ўтказиш мақсадида сақланаётгани аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган. Ушбу шахс синтетик гиёҳвандлик воситаларини «закладка» тарзида тарқатиш билан шуғулланиши аниқланган.

Тўрт кун давомида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлар натижасида, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг савдоси билан шуғулланувчи 6 нафар шахсдан иборат жиноий гуруҳ қўлга олиниб, нархи 178 миллион сўмга тенг жами 2 минг донадан ортиқ кучли таъсир қилувчи, психотроп дорилар ҳамда синтетик гиёҳвандлик воситалари муомаладан олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг