Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таровиҳ намози шукуҳи: Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний масжиди (фото, видео)

Таровиҳ намози шукуҳи: Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний масжиди (фото, видео)

Фото: «Xabar.uz»

Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистон жомеъ масжидларида таровиҳ намозлари ўқилмоқда.

Бухоро вилояти, Ғиждувон туманидаги Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний масжидида ҳам таровиҳ намозлари ўқилиши бошланиб, жомеъ масжид ички ва ташқи атрофларида ўн минглаб намозхонлар тўпланишди.

Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний ҳақида:

Тарихдан маълумки, Ғиждувон тумани – етти пирнинг муборак манзилларидан бири. Бу ерда Хўжагон тариқатига ҳисса қўшган аллома, буюк мутасаввуф олим, соҳибкаромат авлиё Хўжа Абдуҳолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний қабри қўним топган. Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Абдулхолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний (1103- Ғиждувон — 1179) — хожагон тасаввуфий тариқатининг асосчиси ва назариётчиларидан бири бўлган. Унинг таржимаи ҳолига номаълум муаллиф томонидан  ёзилган «Зикри воқиоти Хўжаий Жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувоний» асарида келтирилишча, Абдулхолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний 9 ёшида Қуръонни ёд олган. 10 ёшидан бошлаб, дарвешларнинг зикрларида фаол иштирок этган. Бухоролик илк устози Имом Садриддиндан тафсир илмини ўрганган. 22 ёшида Юсуф Ҳамадоний билан учрашиб, унга мурид бўлган. У бутун ҳаёти давомида тасаввуф ва суфийлик маданиятига бағишлаб 5 та асар ёзган.

Бўзчиликдан пирликкача

Тарихий манбааларга кўра, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний  «Хўжаи жаҳон», «Зикр қалб султони», «Икки олам Хўжаси», «Қутби замон», «Офоқи замон» каби жуда кўп сифатлар берилган. Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний «бўз тўқиш» касби билан шуғулланган. Хўжагон тариқати асоси Қуръон ва ҳадисга таяниб, бидъату хурофот, сохта пиру-муридликка қарши қаттиқ курашиб, тамаъ ва миннатдан инсониятни қайтариб ҳалол меҳнат орқасидан кун кечиришга Аллоҳ берган ризқни кўпчилик билан баҳам кўришга ундаб келган. Бўзчиликдан пирликкача бўлган йўлни ҳалол меҳнат ва ғоятда қийинчиликлар билан босиб ўтган.

Соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтганидан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафларига атаб мадраса ва мақбара қуришни ният қилган, аммо ниятини амалга оширолмаган. Ёш бўлишига қарамасдан, бобосининг ёнида юрган набираси Мирзо Улуғбек бу эзгу ниятни амалга ошириб, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафига атаб, 1433 йилда мадраса тиклаб, Ғиждувон шаҳрида кутубхона ва тошҳаммом  қурдириб берган. Бухоро амири Амр Абдуллохон томонидан Абдулхолиқ Ғиждувонийга атаб масжид, минора ва ҳовуз барпо этилган.

Ушбу масжид, минора ва ҳовуз собиқ иттифоқ даврида қаровсиз ва эътибордан четда қолиб келган.

Янгиланган жомеъ масжиди

Мазкур жомеъ масжиди бош имом хатиби Ориф Амоновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, масжидда 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатмаси асосида ҳазрат таваллудининг 915 йиллиги муносабати билан зиёратгоҳда йирик реконструкция ишларини бажариш лойиҳалаштирилган. Масжидда тўлиқ реконструкция ва янгиланиш ишлари бошланган. Ғиждувон тумани ҳокимлиги ушбу зиёратгоҳда кенг кўламли реконструкция, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилган ва  ҳазрат онасининг даҳмаси топилган.

Билдирилишича, собиқ иттифоқ давридан бошлаб, ҳозиргача бўлган давр мобайнида Хўжа Абдуҳолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний қабри бир неча бор қайта таъмирланган. Улуғ пир қабри яқинида онасининг ҳам даҳмаси мавжуд бўлган. Аниқланишича, она даҳмаси кўмилиб, тошлар остида қолиб кетган.

«Зиёратгоҳдаги йирик бунёдкорлик ишлари давомида бу ойдинлашди. Айни дамда она даҳмасини ҳазрат қабри ёнига келтирилган ва у ерни ўраб олиш ишлари бажарилган. Бунда пир қабри устидаги айвон олиб ташланиб, бўйи ва эни 25 квадрат метрдан иборат, тўрт томони нақшинкор дарвоза бўлган ҳазира тикланди», — деди Ориф Амонов.

Қутлуғ қадамжо атрофида 4 гектарли хиёбон барпо этилган, суғориш тизими ўрнатилган. Зиёратгоҳнинг ички 2,5 гектар ер майдони ҳам ободонлаштирилиб, 12 минг кв.метрли айланма ва бурчакли йўлакларга тош терилиб, зиёратгоҳнинг орт томони узунлиги 285 метрли ғиштин девор билан, олд ҳудуди эса 440 метр айланма узунликдаги темир панжара билан ўраб олинган.

Мақбара олдида эса тўрт минг кишилик жомеъ масжиди ҳам барпо этилган. Бундан ташқари, шимол, шарқ ва жануб томонларидан кириш дарвозалари ўрнатилгани унинг кўркамлигини янада оширган. 

Маълум бўлишича, бу зиёратгоҳ «Тошғози қурилиш» ИТҚТ МЧЖ бунёдкорлари томонидан таъмирланган. Бунёдкорлик ишлари давомида реставрацияга муҳтож ҳолга келиб қолган Улуғбек мадрасаси ва минорани сайқаллаштириш борасида ҳам жадал ишлар олиб борилган. Шунингдек, 50 ўринли ошхона, таҳоратхона ҳамда кушхоналар янгидан қуриб битказилган.

Айтишларича, Абдулхолиқ Ғиждувоний қабри Бухоро хони Абдулазизхон даврида ҳазира билан ўраб олинган бўлган. Бироқ, бу деворлар ўтган асрнинг 70-йилларида бузиб ташланган. Бухородаги етти пир зиёратгоҳи кузатиладиган бўлса, барчаси шундай деворлар билан ўраб олинган. Фақатгина Абдулхолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи очиқ бўлган.

Хўжа Абдуҳолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний зиёратгоҳидаги бунёдкорлик ишлари 2019 йилнинг март ойида гўзал ва бетакрор кўринишда зиёратчилар ва намозхонлар учун фойдаланишга топширилган.

«Рамазоннинг яна юртимизга кириб келиши қалбларга шукуҳ бағишлади. Аллоҳга шукрким, бугун Бухорода жомеъ масжидлари сони 107 тани ташкил этади. Энг йирик ва катта сиғимга эга 20 дан ортиқ жомеъ масжидларимиз бор. Муборак Рамазон муносабати билан кеча 101 та жомеъ масжидида таровиҳ намозлари ўқилди. Олтитасида таъмирлаш-созлаш ишлари олиб борилмоқда. Шариф ўлкамизда янгидан қурилаётган масжидлар сони ошиб бораётганидан ҳам мамнунмиз. Жумладан, Қоракўл туманида «Қубри ота» жомеъ масжиди, Вобкентда «Кумушкент», Бухоро шаҳрида «Хиёбон», Когон туманида «Алишер Навоий», Ромитан туманида «Мулло Нарзи», «Эшони пир»,  Жондорда «Усто Фарҳод», «Абдужалил Туркистоний», Ғиждувон туманида «Фрешкент», Шофирконда «Хўжа Бадарға» номли жомеъ масжидлар тўлиқ янгидан бунёд этилаяпти. Шукрона кунлар барчага муборак бўлсин!» — деди Бухоро вилояти бош имоми Жобир Элов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг