Таълим, ФВБ ва божхона мансабдорлари пора билан ушланди

Туман ММТБ, ФВБ, Экология бўлими бошлиқлари ва божхона инспектори пора билан ушланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, пойтахтимиздаги туманлардан бирининг мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи умумий ўрта таълим мактабида тарих фанидан сабоқ берувчи ўқитувчини мазкур тумандаги мактаблардан бирига директор лавозимига тайинлаш эвазига ўз хизмат хонасида 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса, “Янгийўл” ТИФ божхона пости инспектори хизмат вазифасини суиистеъмол қилган ҳолда, Қозоғистон Республикасидан буғдой олиб келиб, қайта ишлаш билан шуғулланувчи МЧЖ томонидан қўшни давлатдан темир йўл орқали олиб кирилаётган буғдой маҳсулотлари ортилган вагонларни божхона кўриги ҳамда расмийлаштирувидан муоммосиз ўтказиб бериш эвазига учинчи шахс орқали 2700 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Самарқанд вилояти Жомбой тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, 1988 й.т. фуқарога яшаш хонадонида хусусий мактабгача таълим муассасаси очиши учун унинг турар-жойини ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ва келгусида раҳнамолик қилиш эвазига таъмагирлик йўли билан 200 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга туманда каръер фаолиятини амалга ошириши учун экологик хулоса бериш, Қарнаб қишлоғидаги “Наквойсой” ҳудудидан тош-шағал қазиб олишига рухсат бериш ҳамда келгусида МЧЖ фаолиятига раҳнамолик қилиш учун 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter