«Сиёсий мўъжиза». 31 йил аввал Германияда дунё сиёсатини ўзгартирган ҳодиса рўй берган эди...
Бундан роппа-роса 31 йил аввал – 1990 йилнинг 3 октябрида Германияда наинки олмон халқи, балки бутун дунё халқлари тақдирини ўзгартириб юборган ҳодиса рўй берди. Шу куни бир неча ўн йил давомида пароканда ҳолда ҳаёт кечирган олмон халқи ягона давлатга бирлашди.
3 октябрь – Гeрмания бирлиги куни муносабати билан мазкур мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас халқаро ҳамжамиятга мурожаат йўллади. Вазир 31 йил аввал рўй берган ҳодисаларга доир ўз хотиралари билан ҳам ўртоқлашган.
«Бранденбург дарвозаси ёнида денгиз тўлқини каби қалқиётган одамлар бир-бирини бағрига босар, уларнинг кўзларида қувонч ёшлари ва шодлик кулгисини кўриш мумкин эди. Зеро, одамлар ҳодисалар чиндан ҳам рўй бераётганига ишонмас эдилар. Дарҳақиқат, Берлин деворининг қулаши ва Германиянинг бирлашуви жаҳон тарихига кирган ҳодисалар сирасига киради. Онгу шууримизга муҳрланган муштарак хотиралар бизга бугун ҳам куч-қувват ва умид бахш этади. Бу эса замонамизнинг кўплаб чақириқларига муносиб жавоб беришда асқотади», – дейди Германия бош дипломати.
Таъкидланишича, 1990 йилнинг кузида ҳамжиҳатлик, фаол ҳамкорлик ҳамда бир-бирига хайрихоҳлик-кўмакдошлик сабаб Германия бирлашувига эришилди. «Совуқ уруш»нинг тугаши ва Европадаги бирлашув кайфиятининг кучайиши ҳам бунда муҳим роль ўйнади.
Ҳ.Маас айни пайтда дунёда кузатилаётган хавфли ҳолатларга ҳам эътибор қаратган.
«Миллатчилик ва шовинизм, авторитар тенденцияларнинг қайта бўй кўрсатаётгани, муқобил фикр ҳамда эркин ОАВни босиб-янчишга уринишнинг кучаяётгани менда хавотир уйғотмоқда. Бу – дунё ҳамжамияти учун хатарнокдир», – дейди Ҳ.Маас.
Курраи арзда парокандалик, гуруҳбозлик, зулм-зўравонлик авж олаётган паллада инсоният Германия бирлашувидан керакли сабоқлар чиқариши мақсадга мувофиқдир. Вазир Ҳ.Маасга кўра, зеро, тинчлик истаги ва бир ёқадан бош чиқариш орқалигина ихтилоф, нафрат ва зўравонликни енгиш мумкин.
Cоциалистик тузумнинг мағлубияти, демократиянинг ғалабаси. Фото: dpa
Германиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси, ҳуқуқшунослик фанлари доктори Тило Клиннер ҳам ушбу муҳим сана муносабати билан мурожаат эълон қилди. Дипломат 31 йил олдинги тарихий ҳодисани ёдга олар экан, икки олмон давлати бирлашувини «сиёсий мўъжиза» деб атаган.
«Бирлашган Германия дунё бўйлаб жуда кўп ҳамкорларга эга. Ўзбекистон –Германия кенг ҳамкорлик қиладиган давлатлардан биридир. Менинг элчи сифатидаги вазифам ушбу ҳамкорликни янада кенгайтиришдан иборат деб биламан», – дейди элчи Т.Клиннер.
Дипломат икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт, таълим ва илм-фан йўналишида робиталар янада мустаҳкамланаётганини қайд этган.
1989 йили Шарқий Германияда тинч йўл билан амалга оширилган инқилоб орқали социалистик режим ағдарилди. ГДР раҳбарлари кўп сонли аҳоли талабига ён беришга мажбур бўлди. Диққатга сазовор жиҳати, бир дона ҳам ўқ отилмади, бирор киши жабр кўрмади. 1990 йилнинг 3 октябрида ГДР расман ГФРга бирлашди. Олмон халқи яна ягона-яхлит давлатга эга бўлди.
Сиёсий мўъжиза, битта ҳам ўқ отмай амалга оширилган инқилоб. Фото: Google Images
Ўша тарихий кунда маъруза қилган федерал президент Рихард фон Вайцзеккер Германия ҳамда Европа бирлиги ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар эканини таъкидлаб, «Биз – олмонлар, зиммамиздаги масъулиятни теран ҳис қиламиз ва бирлашган Европада тинчлик пойдор бўлиши йўлида жонбозлик кўрсатамиз», – деган эди. Кейинги чорак аср давомида рўй берган ҳодисалар мазкур фикр қанчалар ҳақ эканини тасдиқлади.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter