«Шум бола»га аталган кўча асари яратилди (Видео)
Тошкентнинг Чилонзор туманида номаълум рассом қаламига мансуб «Шум бола» фильми бош қаҳрамони граффитиси пайдо бўлди. Бу ҳақда Маданият вазири Озодбек Назарбеков ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали маълум қилган.
Абдурайим Абдуваҳобовни ўзбек халқи ўз ўғли, ўз актёридек қабул қилди, — дейди Озодбек Назарбеков.
Унинг ижро этган роллари кўнглимизга яқин бўлгани учун ҳар бирига алоҳида меҳр қўйдик, ҳар сафар томоша қилганимизда қаҳрамонлари билан бирга яшадик: кулса, кулдик, йиғласа, йиғладик...
Барчамизга аён, инсон энг қимматли нарсасини йўқотгандагина, унинг қадри қанчалар баланд бўлганини тушуниб етади. Тан оламизми-йўқми, лекин – бу ҳақиқат. Шу кунларда нафақат биз санъат аҳли, балки бутун халқ ҳаммамиз учун қадрли бўлган чин инсонни, асл ўзбек актёрини йўқотганимизни англадик.
Телевидение, радио, матбуот, сайтлар, ижтимоий тармоқлар ҳамон уни хотирлашдан тўхтамаяпти. Чунки у бунга муносиб кўрилди. Тошкентнинг Чилонзор тумани Гагарин кўчасида номаълум рассом қаламига мансуб «Шум бола» фильми бош қаҳрамони граффитисининг пайдо бўлиши ҳам бунга бир мисолдир. Ушбу кўча асари таниқли актёр Абдурайим Абдуваҳобов хотирасига бағишланган.
Озодбек Назарбековнинг сўзларига кўра, ноёб иқтидор эгаси бетакрор роллари билан ўзини абадиятга муҳрлай олди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter