Хўжайлида бир мактаб бор – ўқувчиларга телефон қизиқ эмас...

Мана бундай гапни жуда кўп эшитамиз: бугунги болалар китоб ўқимайди ёки улар телефонга тикилгани тикилган.
Бизга нимагадир фақат телефонга термулган ёки интернет ўйинларига муккасидан кетган болалар кўринади ва ҳа худди шундай, дея ишонамиз. Нимагадир ҳозирги даврда интернетга қизиқмайдиган, телефон ўйнашга вақти йўқ ёшлар ҳам кўплиги худди эртакдек туюлади.
Куни кеча Қорақалпоғистон Республикасидаги маданият ва санъат соҳасига доир амалга оширилган ишларни кенг тарғиб қилиш мақсадида ОАВ учун ташкил қилинган пресс-тур бизга ана шундай телефон ва интернет ўйинларини кейинги ўринда, деб ҳисоблайдиган ёшлар билан яқиндан танишиш имконини берди.
Хўжайли туманидаги ташкил топганига қарийб 70 йил бўлган ушбу 4-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби қанчадан-қанча ёшларнинг санъатини, иқтидорини юзага чиқармаган дейсиз.
Масалан 2022 йилда Ўринбаева Эркиной ҳамда 2023 йилда Қудайбергенова Гулшиналар Зулфия номидаги Давлат мукофотини олишга сазовор бўлишди. Бошқа ўқувчилар ҳам бир қанча танлов ва фестивалларда фаол қатнашиб юксак натижаларга эришиб келишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков болалар мусиқа ва санъат мактабидаги шароитлар билан танишаркан, ушбу масканнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 250 000 000 сўмлик ваучер совға қилди ва шундай деди:
«Бу мактаб қанчадан-қанча бўронлардан, бўҳронлардан омон қолмади, дейсиз. Ходимлар ойликсиз ишлашди аммо бир муддат бўлса-да ўз фаолиятларини тўхтатмади, санъат ва маданият ривожига ҳисса қўшишда давом этди».
Аслида мактаб 150 ўринга мўлжалланган, аммо ҳозир 180 дан ортиқ ўқувчилар таҳсил олмоқда. Яъни биз бу рақамлар орқали болаларнинг санъатга қизиқиши устун эканлигини билишимиз мумкин. Демак шу тумандаги 200 га яқин боланинг телефонда ўйин ўйнаб ўтказишга, кўчада бекорчиликдан сандироқлашга вақти йўқ дегани.
Айни пайтда мактабда фортепиано, торли чолғу, халқ чолғулари, бахши-жиров, эстрада, хореография, тасвирий санъат, театр санъати йўналишлари бўйича таълим берилмоқда.
Ана қорақалпоқча миллий кийимда болакайлар рақсга тушмоқда. Уларнинг ажойиб рақсига бироз сеҳрланиб туриб қолдик.
Кейин эса сокин бир хонага кирдик. У ерда болалар сурат чизишаётган экан. Ҳар бирининг нигоҳи оқ қоғозга қадалган эди. Устознинг айтишича, бугунги мавзу бахши, жиров ҳақида ўз тасаввурларини қоғозга тушириш.
Мактабга кираверишингизда териб қўйилган «жонли» суратларни шу мактабни тугатиб кетган ўқувчилар чизишган. Демак бу ердаги мана шу ёш рассомлар ҳам келгусида худди шундай сурат чизадиган даражага етиши аниқ.
Кейинги хонада болалар қандайдир саҳна кўринишини берилиб ижро этишмоқда. Улар биз билан саломлашгач, бирор театрдан парча қўйиб беришларини сўрадик. Болалар чуғурлашиб ўзлари ўрганган ролларни таклиф қилишди: устоз «Шум бола»ни ўйнайлик, йўқ «Алдар кўса»... ва ниҳоят Шум боланинг Бой ота билан суҳбатидан парча ижро этишди. Биз бир лаҳза худди ҳақиқий театр томошасида ўтиргандек ўзимизни унутдик...
«Болалар бу машғулотларни қолдириши ёки қандайдир сабаблар билан келмасликка баҳона кидириши мумкинми?», деган саволимга устоз Женис Нургалиева шундай дейди:
– Йўқ бу болалар жон жаҳди бидан машғулотларга қатнашади, ҳаттоки вақт етмай қолади шуғулланиши учун баъзан.
Устознинг айтишича болалар рол ўйнаш учун киноларга ёки новеллаларга тез-тез таклиф қилинаркан.
«Гонорар беришадими», деб секин сўраган саволимизга ўқитувчи ўқувчиларга эшиттириб:
– Йўқ уларнинг рол ўйнашлари ўзлари учун тажриба ошириш, катта саҳнада ўзини тутишни ўрганиши учун ҳам керак, ёш актёрлар ҳозир санъатнинг ортидан пул ишлашни эмас, иқтидорини сайқаллаштиришни ўйлаши керак, деди...
Бу мактабда ўзгача ҳаёт қайнайди – бир томонда танбурчи қизлар, бир томонда пианино чалаётган болалар, бир томонда хор айтаётган ёшлар...
Бу ёшлар ҳам қандайдир маънода завқ олаяпти, адреналин олаяпти худди интернет ўйинларига муккасидан кетган болалардек. Булар ҳам худди телефонга қарам болалардек рақсга, сурат чизишга, актёрлик маҳоратини оширишга, мусиқа чалишга муккасидан кетган, том маънода қарам... Лекин фарқи телефон ва интернетга қарам ёшларнинг руҳий ҳолати ёмонлашади, соғлиғига путур етади, олдига қўйган мақсадлари мақсадлигича қолиб кетади. Санъатнинг қайси йўналиши бўлмасин, жон жаҳди билан ўрганаётган боланинг эса руҳи юксалади, унинг санъатга қарамлиги ўз миллати қадрият ва анъаналарини бошқалар қалбига сингдириш учун хизмат қилади, маданиятли инсон бўлишга ҳисса қўшади.
Бу мактабда мен кўрган энг чиройли манзара – бирорта ўқувчининг қўлида телефон йўқлиги, бирорта ўқувчининг кўзлари телефонга термулмагани эди. Бугунги талатўп замонда болаларнинг нафақат китоб ўқишини, балки санъатсеварлигини ҳам қўллаб-қувватлаш лозимлигининг исботини шундай санъат ва маданият масканлари орқали кўриш мумкин эканлигига яна бир бор амин бўлдик...
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter