Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Сўнмас дард (ҳаётий ҳикоя)

Сўнмас дард (ҳаётий ҳикоя)

Foto: Xabar.uz

9 майни эскича, шўроларча талқинда байрам қилиш бизнинг, айниқса, бугунги авлоднинг онгу-шуурига мос келмайди.

Бу — халқимиз учун баландпарвоз “Улуғ Ватан уруши” эмас, чексиз изтиробларга дучор қилган қора кунлар эди. Урушнинг тугаши ҳам биз учун шунчаки байрам қилинадиган “Ғалаба куни”мас, фронтда ва фронт ортида жон берган инсонлар хотираси, сабр ва сабот билан оғир дамларни енгиб ўтган яқинларимизни қадрлаш кунидир.

Мустақиллик йилларида бу куннинг Хотира ва Қадрлаш куни сифатида талқин этилиши эса тинчликсевар халқимиз табиатига жуда мос тушди. Хотира ва Қадрлаш деганда биз, ўша мудҳиш урушда вафот этганларни хотирлаш ва айни пайтда тирик қолганларини қадрлашни тушунамиз.

Бу сана инсонни, унинг ҳаёти, фидокорлиги ва қадрини эъзозлаш кунига айланди. Мана бир неча йилдирки, халқимиз 9 майни шундай мазмун ва руҳ билан нишонлайди.

Муаллифдан

1942 йил. Самарқанднинг Ертешар қишлоғида фақат қариялар, аёллар ва болалар қолган. Эркаклар бирин-кетин фронтга йўл олган, қишлоқ эса оғир сукунатга ботган эди. Фақат кечалари оналарнинг шивирлаган дуоси эшитиларди.

Эрта тугаган болалик...

10 ёшли Фарҳод онаси Фотимабиби билан ёлғиз қолганди. Фотимабиби куни билан далада меҳнат қилади, баҳорда кетмон билан ер ағдаради, пахта экади, чопиқ қилади, буғдой ўради, куз келиб қор учқунлаганда ҳам пахта теради. Тунда эса чироқ шуъласида фронтга кетганлар учун камзул қавийди. Фарҳод қишлоқдаги болалар билан ҳар куни далада катталар қилиши керак бўлган оғир меҳнатни қилади.

Бир кеча, ғира-шира чироқ нури остида, онаси унга қизғиш рангли мактубни узатди. Ундан урушнинг аянчли ҳиди уфуриб турарди.

– Бу отангдан хат, – деди Фотимабиби паст овозда. – У жангда яраланган экан. Дуо қил, болам...

Фарҳод мактубни икки қўли билан маҳкам ушлади. Онасининг кўзларидан қалқиган томчилар сўлғин юзини ювиб ўтди.

– Она, отам қайтиб келадими? – сўради умид билан.

Она жим. Фақат шамол дераза ўрнига ёпилган эски пардани пирпиратарди.

– Дуо қил, болам, дуо қил...

Ойлар ўтди. Қишнинг изғиринли кунларида қишлоққа совуқ хабар келди — сўнгги мактуб. Фарҳоднинг отаси — Баҳром ака Сталинград яқинидаги жангларда ҳалок бўлганди.

Фотимабиби қора хатни бағрига босиб, узоқ йиғлади. Кейин эса... хомуш бўлиб қолди. Шу-шу, унинг юзига ғам ва аламдан бошқа ҳис-туйғу қайтмади. Кечалари, Фарҳод ухлаётганида, титроқли овозда шивирлаганча дуолар ўқирди, холос.

Фарҳод учун ҳам болалик даври жуда эрта тугаганди...

Фронт ортидаги жасорат

Ҳар бир хонадон бир ёки икки эркаги, фарзандини йўқотган, ҳар бир уйда шамнинг сўнгги учқунлари липиллар эди.

Қишлоқда анчадан буён кулги, қувончдан дарак йўқ, фақат меҳнат, дард, очлик ва сабр қолганди. Аёллар ва болалар кун қорайгунча далада ишлашарди.

Фарҳод ҳар куни саҳарлаб Эргашали бобо бошчилигидаги болалар гуруҳи билан далага чиқарди. Эргашали бобо — маҳалланинг энг кексаси, уста деҳқон эди. У ҳам фронтдаги фарзандлари учун ишлашни ўзининг муқаддас бурчи деб биларди.

– Ҳар бир дон — бир ўқ, ҳар бир кўсак пахта — бир қалқон, дерди у болаларга тинимсиз.

Қизлар эса кундузи пахта териб, кечаси уни чигитдан тозалаб, камзул қавишарди, улар орасида энг чаққон ва шижоатли қиз Муқаддас эди. Унинг отаси ҳам фронтга кетган, онаси хасталикка дош бера олмаган, ўзи эса ёш боши билан сингли ва укасига бош бўлиб қолганди.

Қаҳрамон оналар

Фотимабиби ва қишлоқ аёллари олислардан туриб урушга қарши курашарди. У ҳам туни билан фронт учун камзуллар тикар, қўллари қанчалик қақшаса ҳам, танада мадори қолмаса ҳам, бардош қилар эди.

Қўшниси Нодира момо бошчилигида аёллар йиғилишиб, фронтдаги болалар учун ҳам иссиқ кийимлар тикишарди.

– Биз тиккан ҳар бир камзулимиз — уруш болаларининг танаси учун зирҳ бўлади, дерди Нодира момо.

Юлдузли кеча

Осмон юлдузларга тўлиб ёниб турган бир пайтда, икки дўст ишдан ҳорғин қайтар экан, Фарҳод сукутни бузди:

– Биласанми Ҳасанали, отам қайтмаса ҳам, мен унинг ўрнини тўлдираман. Онам учун, Юртим учун!

Ҳасанали ҳам ёрилди. Бир парча қоғозга орзусини битиб қўйган экан:

"Катта бўлсам, муҳандис бўламан. Қишлоғимизга катта кўприк қуриб берамиз!"

Ушбу орзулар гўё ғалаба учун битилган қасамдек эди.

Хотира ва Қадрлаш

Йиллар ўтди. Аянчли уруш тугади. "Ғалаба!" деган садолар янгради. Бу ғалабанинг ортида йўқотилган минглаб, миллионлаб оталар, ака-укалар, сабр билан жон куйдирган она ва болаларнинг жасорати бор эди.

Фарҳод катта бўлди. У муҳандис дўсти билан маҳалласини обод қилди. Аммо ҳар гал қиш изғирини эсганда, ўша машъум кечалар, ўша хат, ўша титраган она қўллари ва болаликдаги интизорлик дарди билан яна қайта учрашади.

Ҳа, у биларди: ўша аянчли йиллар нафақат унинг, балки бутун ўзбек халқининг қалбида ўчмас дард қолдирганди.

Лутфулло Турсунов

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг