Шерзод Шерматов: «Бу каби тарихий имконият Ўзбекистонда бошқа бўлмаслиги мумкин»
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг «Facebook»даги саҳифасида Ўзбекистонда юзага келган қулай демографик дивиденд имкониятлари ҳақида фикр билдирди.
«Ўтган ҳафтада UNICEF ташкилотининг минтақавий директори ташрифи даврида Демографик дивиденд ҳақида тақдимот маросими бўлиб ўтди. Ушбу тақдимотдаги расмда кўриниб турибдики, Ўзбекистон дастлабки демографик дивиденд босқичида турибди, яъни демографик тенденцияларга кўра аҳолининг таркибида болалар ва қарияларга нисбатан меҳнат ёшидагиларнинг улуши ортиб боради. Уларга яхши таълим берилса ва тадбиркорлик муҳити яратилса, ушбу демографик дивиденддан ижобий фойдаланса бўлади ва мамлакатимизнинг келажакда юқори ўсиш суръатларига эришиш мумкин», — деб ёзади вазир.
Шерзод Шерматовнинг мисол келтиришича, Корея Республикасининг иқтисодий ўсишида ҳам айнан демографик ўзгаришларнинг салмоқли улуши бор. 1960-йилларда бир оиладаги туғилишлар сони 6,1 нафарни ташкил этган, ундан кейин бир неча ўн йилликлар давомида бу сон камайиб борган ва 1982 йилга келиб 2,26 га тушган. Ўзбекистонда эса айнан 2017 йилда шу рақам, яъни бир аёлга 2,26 фарзанд тўғри келаяпти ҳамда прогнозларга кўра буёғига пасайиб боради. Яъни, Ўзбекистонда ҳозирги вақтда Кореядаги 80-йиллардагидек демографик тенденциялар кузатилмоқда. Улар эса бу имкониятдан жуда яхши фойдаланишган. Демографик дивиденддан бундай ижобий фойдага эришишнинг Кореядаги асосий сабаби эса: таълимга эътибор, ҳуқуқ ва имкониятларни кенгайтирилиши ҳамда иқтисодни тўғри ислоҳ қилиш бўлган.
«Ушбу расмдаги ҳолат ва UNICEF экспертларининг изланишлари натижалари ҳозирги кундаги Президентимиз томонидан таълим тизимига эътибор кучайтириш ташаббусининг нақадар тўғри эканлигини яна бир бор исботламоқда. Чунки бу каби тарихий имконият Ўзбекистонда яна бошқа бўлмаслиги мумкин», — қайд этади вазир. — «Ёки биз Корея каби ушбу тарихий имкониятдан тўғри фойдаланиб, таълимга эътиборни кучайтирамиз ва сармоя киритамиз ёки баъзи Лотин Америкаси давлатлари каби ушбу масалага эътибор қаратмасдан демографик дивиденд ўрнига мамлакат келажаги учун хавф келиб чиқишига йўл қўйиб берамиз».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter