Шавкат Мирзиёев «прописка» ҳақида гапирди
Президент Шавкат Мирзиёев бугун конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича келиб тушган таклифлар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда. Давлат раҳбари «прописка» масаласида ўз таклифини билдирди.
— Биласизларми, мени кўп йиллардан буён қийнаб келган яна бир масала бор эди, у ҳам бўлса «прописка», деган муаммо. Одамларимиз Тошкентга келиш учун йўллардаги назорат постларидан паспортсиз, «метрика»сиз ўта олмас эди. Ҳаммамизнинг фахримиз бўлган пойтахтимизни томоша қилишга ёки ишлашга келса ҳам ҳадиксираб юрарди.
Нега? Чунки амалдаги Конституцияда фуқароларимизнинг эркин ҳаракатланишига оид нормалар тўлиқ ёзилмаган. Ваҳоланки, биронта демократик мамлакатда бундай тарт́иб йўқ», деди давлат раҳбари.
«Одамларимизни, уларнинг ҳуқуқларини камситадиган бундай ҳолатни бартараф этиш учун биз йўллардаги назорат постларини, «прописка», деган нарсани йўқ қилдик. Келгусида бундай тўсиқларни тизимли ҳал этиш учун ҳар бир Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши шарт. Ҳар бир фуқарога мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозим, — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ушбу муҳим нормаларни Конституцияда қатъий белгилаб қўйишни таклиф этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter