Шавкат Мирзиёев Эммануэл Макронни ташриф билан Ўзбекистонга боришга таклиф этди
Бугун, 22 ноябр куни Париждаги Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэл Макроннинг музокаралари бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар ва муносабатларни юксак даражадаги кенг қамровли шерикликка олиб чиқишга келишиб олдилар.
Етакчилар икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган жорий йилда икки томонлама алоқалар жадал суръат билан ривожланиб бораётгани, кенг сиёсий мулоқот чуқурлашиб, халқаро ташкилотлар доирасида томонлар ўзаро кўмаклашаётгани, парламентлараро мулоқот кенгайганини мамнуният билан қайд этдилар.
Хавфсизлик соҳасида, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш борасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, товар айирбошлаш ҳажмини, илғор технологияларни жалб қилган ҳолда қўшма лойиҳа ва дастурларни кўпайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Ташриф арафасида ўтказилган Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик тадбирларининг якунлари, уларнинг доирасида умумий қиймати 6 миллиард евродан ортиқ бўлган савдо-иқтисодий битим ва шартномалар имзолангани юксак баҳоланди.
Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришнинг аҳамияти қайд этилди. Томонлар Самарқандда Франция алянсининг филиаллари очилишини қўллаб-қувватладилар ҳамда жорий йил 27-28 ноябр кунлари Парижда иккинчи Ўзбекистон-Франция таълим форумининг ўтказилишини олқишладилар. Француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Давлат раҳбарлари долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Учрашув очиқ, самимий ва дўстона муҳитда ўтди. Якунда Шавкат Мирзиёев Эммануэл Макронни ўзи учун қулай вақтда ташриф билан мамлакатимизга боришга таклиф этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter